No icon

Коронавируснинг эрта аломатларидан бири аниқланди

АҚШ Миллий соғлиқни сақлаш ташкилоти институти олимлари томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, оғиздаги металл таъми коронавирусни юқтирганликдан далолат бериши мумкин, деб ёзади «Express». Нашрнинг таъкидлашича, респираторли инфекцияларда кўпгина беморларнинг бурун битиши ёки ҳид билиш эпителий шикастланиши туфайли таъм билиш ўзгаради ёки сустлашади.

Олимлар коронавирусга чалинган 59 ёшли аёлнинг клиникага ётқизилган ҳолатини чуқур ўрганишди. Бир неча кун унда ҳам ушбу инфекцияга хос аломатлар: нафас сиқиши, қувватсизлик, иштаҳа йўқолиши қайд этилган. Иштаҳасизлик шифохонага ётишидан бир ҳафта олдин — касалликнинг бошқа аломатлари юзага чиққунга қадар пайдо бўлган.

«Шифохонага ётишидан бир ҳафта олдин бемор ёқтирган маҳсулотлар унга металл таъмли ва бемаза туюлган», — дейилади мақолада.

Устига-устак, аёлнинг бурни битмаган бўлса ҳам, ҳид билиш қобилияти секин-аста йўқолган.

Англия Миллий соғлиқни сақлаш хизмати (NHS) изоҳига кўра, оғиздаги металл таъм одатда хавфли эмас, лекин кўпгина касалликларнинг аломати бўлиши мумкин.

«Оғизда металл таъмининг пайдо бўлишига милк касалликлари, антибиотиклар қабул қилиш, саратон ёки шамоллашдан даволаниш, синусит ва бошқа респираторли инфекциялар сабаб бўлиши мумкин», — дея изоҳлади NHS.

Шифокорларнинг фикрича, ушбу аломатни даволаш кўпгина ҳолатларга боғлиқ бўлиб, кўпинча муолажа умуман талаб этилмайди.

Коронавирус пандемияси қарийб бутун Ер юзини қамраб олди. 60 миллионга яқин киши касалликка чалиниб, улардан 1,4 миллион нафари ҳаётдан кўз юмди. Юқтириш ҳолати энг кўп АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилияда қайд этилган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика