No icon

Тўрақўрғон: "Дамас"даги ёнғин бартараф этилди, аммо "заправка"лардаги ҳолат ўша-ўша

Бугун 11 январь куни соат 7.30 лар чамасида Тўрақўрғон тумани Кумидон маҳалласи ҳудудида жойлашган «Афсона-4” автомобилларга газ қуйиш шохобчасида «Дамас» русумли автомашинада ёнғин чиққани ҳақида хабар берган эдик.

Аниқлик киритилишича, Яккатом маҳалласида яшовчи Абдужаббор Отабоев номидаги ушбу 50Р 483 РА давлат рақам белгили автомашинани фуқаро Баркамол Абдуғаффоров ишончнома орқали бошқариб келган. У газ қуйиш шохобчасидан чиқаётганда мазкур ҳодиса рўй берган ва шохобча ходими томонидан ёнғин тезкорликда, яъни, 3 дақиқада ўчирилган. Ёнғин оқибатида «Дамас»нинг ўриндиқ ва  электр жиҳозлари зарар кўрган.

Воқеа жойига вилоят ҳокимининг ўринбосари Саидаҳмад Султонов, туман ҳокимлиги, вилоят ва туман Фавқулодда вазиятлар, Миллий гвардия хизматлари вакиллари етиб боришди. Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ўрганилмоқда.

Аммо ҳозирги пайтда бундай шохобчаларда ўта тартибсизлар кузатиляпти. Автомашина эгалари нима қилиб бўлсаям тезроқ газ қуйиш илинжида белгиланган вақтга ҳам, тартибга ҳам амал қилишмайди. Катта йўллар бўйига қаторлашиб туриб олиб, бошқа транспортларнинг ҳаракатига халақит беришади. Газ қуйиш шохобчаларидан чиқишга мўлжалланган йўлакларни ҳам навбатсиз киришга ошиқаётган машиналар банд қилиб олган. Оралиқ масофани сақлаш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Оқибатда жойларда транспорт ва ҳайдовчилар ўртасида турли кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқяпти.

Туман ҳокимлиги ва фавқулодда вазиятлар бўлими ҳудудда жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари бўйича қўшимча ўрганишлар ўтказишга киришди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Фикрлар

Яндекс.Метрика