No icon

Ўз ҳуқуқингизни билинг ёхуд божхоначи билан тортишув

Cафардан Тошкентга келдим. Шифти босиб қоладигандек туюлаверадиган паст аэропортимизда божхона зонасида яшил йўл бор. Агар декларация қилинишига эҳтиёж бўлмаган молларингиз бўлса, ўша зонадан ўтаверасиз. Божхона назоратидан ўтаётганингизда ҳам сканерга фақат қўлингизда бортга олиб чиққан сумкангизни қўясиз. Багаждан олинганини қўйиш шарт эмас. (Шундоқ ҳам сканерлардан ўтиб келаяпти бечора).

Мен ҳам қўлимдаги сумкамни сканерга қўйиб, божхоначидан паспортимни олдим. Паспорт иши тугагач сумкага соламан деб турган эдим, тўғрироқда турган бир божхоначи «паспортингизни солманг, бизга керак бўлади» деб қолди. Ўзи гапириш оҳанги ёқмай турган эди, лекин уйга тезроқ  кетгим келиб тургани учун паспортимни бердим. Синчиклаб қарагандек бўлди-да, «энди телефонингизни очиб менга беринг» деб ишонч билан гапирди. Негалигини сўрадим. «Президентнинг қарори бор, телефонда тақиқланган материалларни олиб кираётган бўлишингиз мумкин», деб яна ўша эски оҳангда гапирди.

Мен ўша қарорни кўришни истаётганимни, агарда қарорда телефонни очиб, ичидаги ҳамма нарсани текшириш божхоначиларнинг ваколатига киради деган пункти бўлса, телефонимни беришим мумкинлигини, аммо бунинг учун тегишли органдан тинтув қилиш ҳақидаги ордер ҳам бўлиши кераклигини илова қилдим.

«Президент қарори» деб йўқ ерда менинг қўрқиб кетишимни кутган божхона ходимига бу гапим ёқмади. Ёки менинг жавобимга мос жавоб топа олмадими, «белдан пасига зарба беришга уриниб кўрди».

«Нима президент қарорига қаршимисиз?» деб таҳдид оҳангида гапирди. Мен эса сокин эдим, хотиржамлик билан «ака, бу гапингиз билан мени қўрқитмоқчи бўлсангиз, мақсадингизга ета олмадингиз. Мен ҳали ҳам Президент қарорини кўрсатишингизни кутиб турибман», дедим.

У сал нарироққа бориб, мен йилига камида 50 марта тўлдириб юрган божхона декларациясини олиб келиб, ичидаги пунктларни ўқиб кетишга тушди:

— фуқароларнинг тақиқланган моддалар, портловчи моддаларнинг олиб кириши тақиқланади, — деб ўқиб бераётганида мен гапини бўлдим.

«Ака, Президент қарорини кўрсатинг. Агар Президент қарорида сизга менинг телефонимни тинтув қилиш ваколати берилган бўлса, марҳамат, мана шу телефон сизники. Бемалол текшираверасиз»,  — дедим.

У декларацияни қўйиб, «юринг юқорига, сизга кўрсатаман қарорни», — деди. Мен эса унинг асабийлашаётганини сезар, талаби Конституцияга зид эканлигини бошиданоқ англаб етганим учун бу воқеанинг охири нима билан тугашини олдиндан тахмин қилиб кўрардим.

«Қаранг, сиз мендан паспорт сўрадингиз. Мен бердимми? Бердим. Кетдик уйимга, паспортим уйда, дедимми? Демадим.  Энди, марҳамат қилиб сиз менга ўша сиз айтаётган Президент қарорини шу ерга олиб келинг. Мен ҳеч қаерга кетмайман. Юқорига ҳам, пастга ҳам. Шу ерда олиб келишингизни кутиб тураман», — деб айтдим.

Божхона ходими шу ерда ҳужжатимни қайтариб беришга қарор қилди ва менга қарз бергандек паспортимни тутқазди. «Майли, боринг, кетаверинг!» деди. «Ҳеч қаерга кетмайман. Биринчидан, менинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқимни ўзингиз кўрсатиб бера олмаётган нарса билан поймол қилишга уринганингиз учун узр сўрайсиз. Иккинчидан эса, қарорни барибир менга кўрсатасиз ва кейин нима қилишни ўйлаб кўрамиз», — деб айтдим.

«Ака, узр, мендан ўтди. Сизда ҳеч қандай камчилик йўқ», — деб айтди. Мен эса ваколатини бундай суистеъмол қиладиган ва оддий инсонларни формаси билан қўрқитишга уринадиган ўзимизнинг ватандошларимиз бор эканлигидан хафа бўлиб кетдим. Унга бошлиғини чақиришини айтдим. Бошлиқ келди. Унга вазиятни тўлалигича баён этдим. «Мана интернет. «LexUz» хизматингизда. Шу ердан менга анави ходимингиз айтаётган ҳужжатни топиб беринг бўлди», дедим. Жиллақурса ўша ҳужжат ҳақида билмаслигим ва буни билиб мендан унинг ижросини талаб қилаётган одамлардан сўрашга ҳаққим борку, гап менинг шахсий телефоним ичидаги шахсий нарсалар ҳақида ахир.

«Ҳурматли фуқаро», — деб исмимни айтиб мурожаат қилди. «Ходимимиздан сал хато кетибди. Биз сизнинг телефонингизни сизнинг рухсатингизсиз ичини очиб кўра олмаймиз. Бунинг учун узр», — деб одоб билан тушунтирди. Оҳангининг ўзида узр бор эди.

Сумкамни судраб ташқарига чиқдим. Такси чақирдим. Йўлда онлайн ҳужжатлар базасидан роса шу ҳужжатни қидирдим. Топа олмадим. Лекин, шахсий дахлсизлик ҳақидаги Конституциянинг 25—моддасини қайта ўқиб чиқдим.

25—модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга»...

27—модда.

Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунда назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас

Бу орада ўқувчиларимизда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи нима деган савол туғилиши мумкин.

«LexUz» луғатида бунга қуйидагича изоҳ берилади: «Шахсий дахлсизлик ҳуқуқи кенг маънода шахс ва фуқаронинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги, шахсий ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига дахл этувчи бирон—бир ҳаракатни ўзбошимчалик билан содир этиш мумкин эмаслигини англатади.»

Асосий ҳуқуқ ва эркинликлар.

Қонун бўйича кимнингдир шахсий ҳаётига дахл қилинган бўлса, у киши судга мурожаат қилиб, товон ундириб олишга ҳаққи бор. Ҳеч ким Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорини суистеъмол қилиб, фуқароларни таҳдид қилишга журъат этмаслиги керак.

Дарвоқе, ҳалиги телефон можароси билан боғлиқ қонунлар базасидан фақат мана бунитопдим. 

Қарор божхона ходими айтганидек, Президентники эмас, Миллий хавфсизлик хизматиники. Бу орган эса яқинда буткул ислоҳ қилиниб, қайтадан ташкил қилинди. Шу сабабли қарорнинг матнида ҳам ўзгаришлар юзага келишини тахмин қилиб кўриш мумкин. 6-модда бизга кўпроқ алоқадор:

  1. Йўловчи (ҳаво кемаси экипажи) авиация хавфсизлиги бўлинмалари ходимларининг сўровига асосан текшириш хонасида ўзининг электрон воситаларини ёқиш орқали ишлашини, уларнинг аккумуляторлари, батареялари жойлаштирилган жойларини кўрсатиши шарт.

Яъни, бутун дунёда бор бу — телефон ишлаётганлигини текшираётган орган ходимларига исботлаб бериш керак. Бунинг учун одатда экранни ёқиб кўрсатиш етарли. Лекин, мен бу қарор матнидан телефоннинг ичини очиб, бемалол сайр қилиш мумкинлиги ҳақидаги бирорта бир пунктни кўрмаяпман.

«Telegram»даги «Саёҳатнома» каналидан олинди

Фикрлар

Яндекс.Метрика