-->
bg-login img-registrАъзо бўлиш

Бировнинг ҳақини ейиш - хиёнат

Сана: 14 Июнь 2017 Курилди: 702 Изоҳ: 0

Ҳаётда  ўзгаларнинг ҳақига тажовуз қиладиган, ўзгалар молини ўзлаштириб оладиган кимсалар, гарчи кўзга уддабурон кишилар бўлиб кўринса-да, ночор ва бечора кишилар айнан ўшалардир.

Ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом шундай дедилар.“Муфлис (ҳеч вақоси йўқ ночор) ким биласизларми? Саҳобалар: бизнинг орамизда бирор нарсаси, бирор дирҳами ҳам бўлмаган киши муфлисдир, дейишди. Шунда Расулуллоҳ менинг умматимдан ҳақиқий ночорлар шундай кишиларки  қиёмат кунида намоз, рўза, закотлари билан келишади, шу билан бирга, дунё ҳаётида мана буни сўккан, яна бирини айблаган, бошқа бирининг молини еган ва яна бошқасининг қонини оқизган, яна бирини ноҳақ урган. Бас ундай кишининг яхши амаллари қиёмат кунида ана у ҳақдорига олиб берилади агар ҳақдорининг ҳар бирига ҳақлари олиб берилгунга қадар яхши амаллари тугаб қолса уларнинг хатолари олиниб бунга юкланади сўнгра дўзахга улоқтирилади”, - дедилар.

Ҳа, ҳақиқий ночорлар мана шу тоифадаги кишилардир. Агар яхшилиги бўлса ҳам ўзгаларини алдаб, молини ўзлаштиргани боис ўша яхшилигидан ҳам маҳрум бўлувчилардир. 

Ҳаёт тақозоси билан инсонлар доимо бир-бирлари билан турли хил молиявий муомала қилишга муҳтождирлар. Лекин бу алоқада мақсадни ҳалол йўл билан амалга ошириш, ҳаром йўллардан ва ўзгаларни ҳақ-ҳуқуқларига ҳамда мол-мулкларига тажовуз қилмаслик шартдир.

Ҳаётда ўзгаларнинг молига кўз олайтириб,  уларга хиёнат  қилганлар  қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида ҳисоб берадилар ва албатта ҳақлар Аллоҳ тарафидан ўз эгаларига  олиб берилади. Дунёда  қилган тажовузлари, хиёнатлари уларга аламли азобнинг келишига сабаб бўлади. Қуръони Каримнинг Нисо сурасида Аллоҳ Таоло айтади:

“Эй имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ йўл билан  емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, бундан мустасно”.

Бировни ҳақини ейиш икки хил йўл билан бўлади: биринчиси – зулм орқали. Бунга зўрлик билан тортиб олиш, хиёнат, ўғирлик, талончилик билан ейиш киради. Иккинчиси ҳазил – ўйин орқали. Бунга қимор ва турли эрмаклар киради. Расулуллоҳ яна айтадилар: “Ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди”. Демак, ҳар бир инсон ўзини бу ишлардан эҳтиёт қилмоғи лозим. Бугунги кунда товламачилик, ўзгалар ҳақига тажовуз қилишнинг бир қанча кўринишлари оммалашган. 

Жумладан, тижоратда ўз шеригига хиёнат қилиш, бозорларда тарозидан уриш ёки молни айбини беркитиб сотиш, қарз олиб қайтариб бермаслик ва ҳоказолар бу ишлар айрим ибодатли кишилар, ҳатто айрим ҳажга  борганларнинг орасида ҳам учраётганлиги аччиқ бўлсада ҳақиқат. Бу каби ишлар оилалардан, жамиятдан барака кўтарилишига сабаб бўлиб, инсонлар орасида ишончсизлик, адоватни пайдо қилади. 

Пайғамбаримиз: “Ким хиёнат қилса у биздан эмас”, - деганлар. Ўз яқинидан қарз олиб  турли ёлғон баҳоналар билан  қайтариб бермаслик, унга нисбатан зулм эканлиги ҳам ҳадисда баён қилинган. Насаий қилган ривоятда: “Менинг жоним қўлида бўлган зот  ила қасамки, агар бир киши Аллоҳнинг йўлида қатл қилинса, сўнг тирилтирилиб қатл қилинса ва яна тирилтирилиб сўнг яна қатл  қилинса-ю, унинг зиммасида  қарзи бўлса, то қарзини адо этмагунча жаннатга кирмас”, - дейилади. Агар инсон Аллоҳнинг йўлида бир эмас, уч марта шаҳид бўлса ҳам қарзини адо қилмаган бўлса, жаннатга кира олмайди. Ундай одамнинг жаннатга кириши олган қарзини узилишига боғлиқ бўлиб қолади. Қарз узилсагина жаннатга киради.

Уламоларнинг фатволарида қуйидаги сўзлар бор: “Бошқаларнинг ҳақини ноҳақ егувчилар сирасига хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарз олиб ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, азада дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол, ҳур-озод одамни сотиб пулини ейдиганлар киради”.

Ўтмишда аждодларимиз бировнинг ҳақидан қаттиқ хазар қилишган, ўзганинг ҳақини олиш у ёқда турсин, ўзлари билмаган ҳолда тасодифан келиб қолса ҳам ундан зудлик билан қутилишган. Мазҳаббошимиз Имом Аъзам (р.а)нинг тақволари, ҳалолликлари, ўзганинг ҳақидан астойдил қочганлари тарихда маълум ва машҳурдир. Бу зот савдогарлик билан шуғулланиб юрганларида молнинг айбини айтишни унутиб сотиб юборгани учун  савдогарчиликдаги ўттиз йиллик шериклари Ҳафс ибн Абдураҳмон билан шерикликни узганлар ва ўша молдан келган даромадни ҳаммасини садақа қилиб юборганлар.

Буни қарангки, улуғларимиз ҳатто шубҳа аралашган молдан ҳам ўзларини шу қадар эҳтиёт қилганлар. Ислом дини инсоннинг жонини қанчалик ҳимоя қилган бўлса, унинг молини ҳам шунчалик ҳимоя қилади. Яъни бировнинг жонига тажовуз қилиш  катта гуноҳ бўлганидек, унинг молига тажовуз қилиш ҳам улкан гуноҳдир. Фирибгарлик қилиб молни ўзлаштирган ёки қарз олиб уни эгасига қайтармаётган кишилар ёки омонатга хиёнат қилганлар қиёматда Аллоҳнинг раҳматидан маҳрум кишилардир. Демак, бундай ишларни қилаётган кишилар, аввало, ўзларига ўзлари зулм қилаётган кишилардир. Шу ўринда киши эътибор қилиши лозим бўлган муҳим жиҳат бор. 

Маълумки, мазкур йўл билан топилган озуқа оилада фарзандларга олиб борилади, бундай ишларда жуда катта хатар бор. Яъни ўғрилик,алдов ёки зўрлик билан топилган озуқани еб катта бўлаётган фарзандлар келажакда ким бўлади? Бу айни инсонни ўйлантирадиган масала.Уларнинг ахлоқи, тарбияси, феъл-атвори қай ҳолатда бўлади?

Ҳаром таомдан улғайган бола, албатта, бузуқ, зулмкор, ахлоқсиз бўлиб улғаяди. Унга ҳеч қандай панду насиҳат, таълим – тарбия кор қилмайди. Чунки ҳаромда шайтон бор, ҳаром луқма билан бирга боланинг танига шайтоний табиат ҳам кириб, сингиб боради. Бежизга Қуръони Карим ўртадаги молни наҳақлик билан, ботил йўл билан ейишдан қайтармаган. Бекорга охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом умматларини фақат ҳалол ризқ топишга, ўзганинг ҳақидан ҳазар қилишга чақирмаганлар. Ҳаром дўзахга элтади, ҳалол эса жаннат кафолатидир.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким ҳалол еб-ичса, суннатга мувофиқ амал қилса,одамларга зарар етказмаса, албатта, жаннатга киради”, - деганлар. Бировнинг ҳақини ейиш ҳаром экани Қуръони Карим ва Суннати Набавияда собит бўлган. Ким ўзини буларга толиб санаса ҳаромдан хазар қилсин, ўзганинг ҳақига тажовуз қилишдан тийилсин. Шундагина ислом умматига муносиб солиҳ инсонлардан бўла олади.Аллоҳ Таъоло барчамизни бировнинг ҳақидан хазар қиладиган ҳалол ва ҳаромни фарқлайдиган, инсофли, диёнатли ва тақводор бандалардан айласин! 

Ўткир Ҳакимов,
“Усмон бин Мазъун” жоме масжиди имом хатиби

Калит сўзлар: ҳимоя, ҳақиқий ночорлар, ҳақиқий, ҳақини, ҳақидан, ҳақига тажовуз, ҳақига, ҳатто, ҳаром, ҳалол, қуръони карим, қуръони, қолувчи, қолса, қилса, қилишга, қилиш, қилинса, қилиб, қилганлар

Мавзуга оид янгиликлар:

 УШБУ ХАБАРГА ЎЗ ФИКРИНГИЗНИ БИЛДИРИНГ.
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН ЎТИШ КЕРАК!


   
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930   
Сўровнома

Loading...

Логин
Пароль
Сақлаш