-->
bg-login img-registrАъзо бўлиш

Орини унутган ота-бола товламачилар

Сана: 28 Июнь 2017 Курилди: 310 Изоҳ: 0

Чустлик Баҳодир Тоймазов (исм-шарифлар ўзгартирилди) фарзандлари Раҳимжон ва Эргашни қўшни республикага бориб ишлаб келишга даъват этди. Ўзи шундоқ ҳам бекорчиликдан безиган катта ўғли хорижда мўмай пул топиш мумкинлигини эшитгач, дарров отасининг таклифига рози бўлди ва яқин дўсти Акрамдан пул олиб, айтилган манзилга жўнаб кетди, деб ёзади “Постда” газетаси.

“Узоқнинг буғдойидан яқиндаги сомон яхши” деган мақол бежиз айтилмаган. Раҳимжон қўшни давлатга етиб боргач, алданганини билди ва икки ойдан сўнг бир амаллаб уйига қайтиб келди.

Энди бу ёғини эшитинг: Раҳимжон чет давлатда юрган пайтда Акрам дўстининг оиласидаги аҳволни билиш мақсадида унинг турмуш ўртоғига бир-икки марта қўнғироқ қилади. Бундан хабар топган Баҳодир Тоймазов ўғли қайтиб келгач, “Акрам хотининг билан дон олишиб юрибди, шунинг учун у бу қилмишининг бадалини тўлаши керак”, деб кечки пайт икки дўстини олганча тўғри Акрамнинг ўйига боришади. Уни овлоқроқ жойга олиб чиқишади. Баҳодир “Сен ўғлимнинг турмушини барбод қилдинг, бунинг учун 7500 доллар берасан! Ишни “ёпти-ёпти” қиламиз, агар бош тортсанг, эл орасида шарманда бўласан ва сенинг ҳам турмушингни бузиб, устингдан жиноят иши қўзғаттирамиз” деб қўрқитади. Яхшилик қиламан деб туҳматга қолган Акрам уларнинг важоҳатидан қўрқади ва ор-номусни устун билиб, “шу билан тинчишса, майли” деб, ота-бола фирибгарларга маълум миқдорда пул беради.

Ота-болалар келинга ҳам туҳмат тошини ёғдириб, уйдан ҳайдаб юборишади.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Бу воқеа зум ўтмай нафақат маҳаллага, балки бутун туманга тарқалди. Аммо масалага ойдинлик киритиб, оқни оққа, қорани қорага ажратишга жазм айлаган бирор кимса топилмади. Аксинча, бошқалар қаторида маҳалла фаоллари ҳам томошабин бўлиб тураверишди.

Бирор киши мушугини “пишт” демаганидан “илҳомланган” товламачи фирибгарлар кун-кунора Акрамга босим ўтказишар, у эса оиласининг барбод бўлмаслиги ва вояга етмаган фарзандларининг келажагини ўйлаб ота-болаларга муте бўлиб қолганди.

-  Соғиб олишга зўр говмиш топдиг-у, аммо ундан оладиганимизни олиб, сўнг ишни тўхтатмасак бўлмайди, - деди шундай кунларнинг бирида Б.Тоймазов ўғилларига.

-  Хўш, унда нима қилсак бўлади?

-  Ҳозир Акрамнинг уйига бориб, уни шу ерга олиб келасизлар. Қолганини ўзим хамирдан қил суғургандай ҳал қиламан...

Акрам машинасидан тушишга улгурмасдан ака-укалар уни судраб отаси ўтирган хонага олиб киришди.

-  Қилғилиқни қилиб яйраб-яшнаб юрибсан, Раҳимжон эса сен туфайли эл орасида уятга қолди, оиласи барбод бўлди. Энди бу ёғига мардларча туриб берасан. Уни уйлантиришимиз керак. Бунинг учун тўйга кетадиган харажатлар сенинг ҳисобингдан бўлади. 7500 “кўки”дан олиб келганингдан кейин орамиз очиқ, деб ҳисоблайвер.

Товламачиларнинг навбатдаги пўписасини эшитиб пешонасини совуқ тер босган Акрам уйдан кўчага чиқаркан, нима қилишини билмай бироз эсанкираб қолди. Ниҳоят, кеч бўлса-да, ақлини пешлаб, туман ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилди.

Жиноятга жазо муқаррар. Товламачилар жиноят устида, ашёвий далил билан қўлга олинди ва қилмишларига яраша жазога тортилди.

 

Калит сўзлар: қолди, қиламан, қайтиб, уйига, уйдан, тоймазов, сенинг, раҳимжон, орасида, жиноят, бунинг, бўлмайди, бўлиб, бўлади, бирор, билан, берасан, баҳодир, барбод, акрамнинг

Мавзуга оид янгиликлар:

 УШБУ ХАБАРГА ЎЗ ФИКРИНГИЗНИ БИЛДИРИНГ.
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН ЎТИШ КЕРАК!


   
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930   
Сўровнома

Loading...

Логин
Пароль
Сақлаш