-->
bg-login img-registrАъзо бўлиш

Уч терма сафида учта мундиалда иштирок этган футболчи

Сана: 12 Октябрь 2017 Курилди: 550 Изоҳ: 0

  Натижалар турлича бўлади: ижобий ёки салбий, муносиб ёки ҳаминқадар, муҳим ёки арзимас. Гап футбол ҳақида кетганда эса, энг аввало, профессионал даражада эришилган муваффақиятлар ҳисобга олинади:

«Энг яхши ўйинчи», «Энг яхши жамоа» каби. Собиқ Югославиянинг «Црвена Звезда», Римнинг «Лацио» ва Миланнинг «Интер» клублари, шунингдек, Сербия миллий термаси собиқ ярим ҳимоячиси Деян Станкович профессионал фаолияти давомида ҳайратланарли ҳамда ўзига хос рекорд ўрнатишга эришди.
Гап шундаки, айнан Деян уч (!) мамлакат термаси сафида мундиалда иштирок этган дунёдаги ҳозирча ягона футболчи бўлиб турибди. У бунга қандай эришди?
Ҳаммаси жуда ҳам оддий: 1998 йили Деян мундиалда собиқ Югославия миллий жамоаси ўйинчиси сифатида майдонга тушган бўлса, 2006 йилги ЖЧда Сербия ва Черногория таркибида ва ниҳоят, 2010 йилда Сербия термаси либосида жаҳон биринчилигида қатнашди.
Фаолиятнинг бошланиши
Деян Станкович 1978 йилнинг 11 сентябрида туғилган. Станковичлар оиласи Белград яқинидаги Земун шаҳарчасида истиқомат қилишар ва маҳаллий ишқибозлар каби «Црвена Звезда»нинг мухлиси эдилар. Деян болалигидан футболга ошно бўлди ва «Раднички» деб номланувчи ҳаваскорлар жамоаси машғулотларига қатнай бошлади, аммо 7 ёшга тўлар-тўлмас, «Телеоптик» профессионал клуби тизимига киритилди.
1992 йили 14 ёшга тўлган Станкович ўша пайтда мамлакатнинг йирик клуби ҳисобланган «Црвена Звезда»да кўрикдан ўтди. Деяннинг бахтига клуб базаси Белградда жойлашган бўлиб, унга кўчиш ортиқча ташвиш туғдирмади. Вояга етгунига қадар айнан шу ерда иқтидорини сайқалга солди ва 1996 йилга келиб жамоа билан профессионал шартномага имзо чекди.
Ўша даврга келиб Станкович «Црвена Звезда» сафида кўплаб баҳсларда майдонга тушганди: клубдаги дебютини 16 ёшида ўтказган ярим ҳимоячи 1994|1995 йиллар мавсумида 7та ўйинда майдонга тушиб, илк голини нишонлашга ҳам улгурганди. Келгуси мавсумда эса у 26 учрашувда жамоа шарафини ҳимоя қилди ва профессио­нал шартномага имзо чеккач, клубнинг асосий футболчиларидан бирига айланди. Кейинги икки йилда эса 63 учрашувда иштирок этиб, рақиблар дарвозасини 30 марта аниқ нишонга олди.
1990 йиллар бошларида «Црвена Звезда» УЕФА санкциялари оқибатида халқаро тақиққа тушиб қолди - бу собиқ Югославияга нисбатан қўлланилган жазо чораларининг натижаси эди. Натижада, «Црвена Звезда» еврокубок баҳсларида иштирок этиш имконидан маҳрум бўлди. Тақиқ 1996|1997 йиллар мавсуми арафасидагина бекор қилинди ва Станкович кубок эгалари кубоги баҳслари доирасида «Кайзерслаутерн» устидан қозонилган тарихий икки ғалабага ўзининг муносиб улушини қўшди.
1997|1998 йиллар мавсуми олдидан 19 ёшли Станковичга сардорлик боғичи ишониб топширилди ва Деян клуб тарихидаги энг ёш сардорга айланди. Бундайин катта иқтидор эгаси бўлган футболчи Европанинг етакчи клублари эътиборидан четда қолмаслиги аниқ эди ва 1998 йили 20 ёшли Деян Станкович 15 млн. евро эвазига Италиянинг «Лацио» клубига кўчиб ўтди.
«Лацио»
Ўша пайтларда «Лацио» Италия футболи байроқдорларидан ҳисобланар, Павел Недвед, Хуан Себастьян Верон, Иван де ла Пенья, Роберто Манчини каби юлдузлар жамоа шарафини ҳимоя қилишарди. Шунга қарамай, Станкович клубда йўқолиб қолмади. Ёш серб римликлар таркибида майдонга тушган дастлабки расмий ўйинида — 1998 йилнинг сентябрида «Пьяченца» дарвозасини аниқ нишонга олди.
Янги жамоа сафидаги дастлабки мавсумда у жами 42та баҳсда майдонга тушиб, 9та гол урди. Айнан ушбу клубда футболчи ўта қимматли илк совринини қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш керак. Тўғри, «Црвена Звезда»да ўйнаб юрганида ҳам бир бор собиқ Югославия чемпионига айланган ва уч марта мамлакат кубогини боши узра кўтарганди. Аммо 2000 йили «Лацио» таркибида «А» сериядек нуфузли турнирда ғолибликка эришиш ва айнан шу йили Италия кубогида ғолиб бўлишнинг ўрни барибир бошқача.
Вақт ўтгани сайин «Лацио»нинг молиявий аҳволи ёмонлашиб борди ва клуб инқирознинг олдини олиш учун етакчиларини сотишга мажбур бўлди. Ва ниҳоят, навбат Станковичга ҳам етиб келди. 2004 йилнинг январида футболчи у билан жиддий равишда қизиқаётган «Ювентус» эмас, балки «Интер» билан шартнома имзолади. 5,5 йил мобайнида «Лацио» шарафини ҳимоя қилган Станкович бу даврда 208 бор майдонга тушиб, 33та гол урди.
«Интер»
Қадрдон дўсти, собиқ жамоадоши ва «Лацио» бош мураббийи Роберто Манчини 2004|2005 йиллар мавсумида айнан «Интер»ни бошқариши тўғрисидаги миш-мишлар Станкович томонидан якуний тўхтамга келишда бош сабаб бўлгандир ҳам, балки.
Аммо ҳаммаси миш-мишлигича қолди. 2004 йилнинг февралида Станкович Альберто Заккерони бош мураббийлигидаги «Интер» сафида дебютини нишонлади ва унда Милан клуби «Сиена»ни 4:0 ҳисобида енгди.
2004 йилнинг 21 февралида эса Деян Милан дербисида бурчакдан тўп киритиб, барчани лол қолдирди. Ўша мавсумда «Интер» чемпионатни 4-поғонада якунлади.
Кейинчалик «Интер» бош мураббийлиги Манчинига ишониб топширилгач, «Лацио»дан Станковичнинг яна бир таниши - Синиш Михайлович ҳам «нерадзурри» сафига чақирилди. 2006 йилнинг 7 майида Станкович «Интер» либосида 100 бор майдонга тушди.
2006|2007 йиллар мавсумида эса «А» сериянинг муҳим учрашувларида ҳал қилувчи голларни уриб, Милан клуби мухлисларининг меҳрини қозонди. Расмий рейтингларга кўра, у ўша мавсум 5 марта учрашувнинг энг яхши ўйинчисига айланган.
2008 йили Жозе Моуриньонинг «Интер» бош мураббийлигига тайинланиши билан ОАВларда Станкович номи билан боғлиқ бир талай миш-мишлар пайдо бўлди.
Эмишки, серб футболчиси португалиялик мутахассиснинг ўйин услубига тўғри келмаслиги боис, Адриано, Эрнан Креспо, Давид Суасо ва Николас Бурдиссолар ҳамроҳлигида клубни тарк этиши мумкин экан. Ярим ҳимоячининг кейинги тақдири асосан Туриннинг «Ювентус» клуби билан боғланди.
Лекин «Интер» мухлислари ўз норозиликлари билан «қора-кўк»лар раҳбарияти ва футболчини шартномани бекор қилмасликка чақириб, якунда мақсадларига эришишди. Станкович «Интер»да қолди ва Моуриньо жамоасидан ўзига муносиб ўрин топиш учун курашга киришди.
2008 йилнинг 19 октябрида Деян томонидан «Рома» дарвозасига урилган бетакрор гол «Стадио Олимпико» стадионини ларзага солди. 2008|2009 йиллар мавсуми ўрталарига келиб Станкович Жозе Моуриньо жамоасининг муҳим бўғинига айланиб улгурди.
Ўша мавсумда Деян 200та баҳсда майдонга тушди ва жамоа билан навбатдаги скудеттони қўлга киритди.
«Нерадзурри» таркибида серб учун энг ёрқин давр 2010 йилга тўғри келиб, ўшанда Станкович жамоаси билан бир соврин кетидан иккинчисини ютиб олди - «Интер» Италия кубоги, скудетто, Чемпионлар Лигаси, Италия суперкубоги ва клублар ўртасидаги ЖЧда ғолиб чиқди.
«Интер»ни бошқарган ҳар қандай мураббий учун Деян Станкович алмаштириб бўлмас футболчи эди.
Ярим ҳимоячининг универсаллиги барчани лол қолдирар, у рақиблар ҳужумини йўққа чиқариш ва жамоа ҳужумини яратишда бирдай беназир эди. Деян Станкович «Интер»га садоқатини изҳор қилишда давом этаркан, фаолиятининг охиригача клубда фаолият кўрсатишга тайёрлигини такрорларди.
2013 йилнинг ёзида - «қора-кўклар» икки томоннинг розилигига кўра шартномани бекор қилишгач, Станкович хайрлашув учрашувини «Црвена Звезда» таркибида ўтказишини таъкидлаб баёнот берди.
Шунинг учун Белград клуби афсонавий футболчини қадрдон жамоага қайтариш йўлларини ахтара бошлади. 26 августда Станкович бутсаларини михга илмоқчи эканини маълум қилди.
Деян Станкович умумий ҳисобда «Интер» сафида 326та учрашувда майдонга тушиб, 42та гол урди.
Термадаги фаолият
Станкович собиқ Югославия термасидаги дебютини 1998 йилнинг 22 апрелида Жанубий Кореяга қарши кечган ўйинда ўтказиб, 2та гол урди ва жамоасининг 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишига муносиб ҳисса қўшди.
Деян Францияда ўтган ЖЧ-1998да уч бор мамлакат термаси таркибида майдонга тушди. ЕЧ-2000нинг барча саралашларида иштирок этишдан ташқари, жамоа етакчиси сифатида «кўҳна қитъа» биринчилигининг финал босқичида термасини чорак финалгача олиб чиқди.
2010 йили ЖАРда ўтган мундиалда Деян Станкович термасини сардор сифатида майдонга бошлаб чиқди, аммо Германия устидан қозонилган сенсацион ғалабага қарамай (1:0), жамоа гуруҳ босқичидан нарига ўтолмади.
2011 йилнинг 7 октябрида Евро-2012 саралаш босқичи доирасида Италияга қарши ўтказилган баҳсда  Деян 100-марта терма таркибида майдонга тушиб, саралаш турнири ниҳоясига етганидан сўнг, термадаги фаолиятига нуқта қўйиш нияти борлигини таъкидлади.
2013 йилнинг 11 октябрида Сербия ва Япония термалари ўртасида ўтказилган ўртоқлик ўйини 35 ёшли ярим ҳимоячи учун миллий жамоа таркибида ўтказилган сўнгги учрашув бўлиб қолди.
У Сербия термаси сафида 103 бор майдонга тушиб, ўзига хос рекорд ўрнатди ва майдонни ўйиннинг 10-дақиқасида тарк этиб, ўрнини  Иван Радовановичга бўшатиб берди. Бунда ҳам ўзига хос рамзий маъно бор эди - у терма сафида айнан 10-рақам остида тўп сурганди.
Эришган муваффақиятлари:
Собиқ Югославия чемпиони: 1994|1995
Собиқ Югославия кубоги соҳиби: 1994|1995, 1995|1996, 1996|1997
Италия чемпиони: 1999|2000, 2005|2006, 2006|2007, 2007|2008, 2008|2009, 2009|2010
Италия кубоги соҳиби: 1999|2000, 2003|2004, 2004|2005, 2005|2006, 2009|2010, 2010|2011
Италия суперкубоги соҳиби: 1998, 2000, 2005, 2006, 2008, 2010
Кубок эгалари кубоги соҳиби: 1998|1999
УЕФА суперкубоги соҳиби: 1999
Чемпионлар Лигаси ғолиби: 2009|2010
Клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби: 2010.
А.ЭШОНХОНОВ тайёрлади

 

Манба: www.interfutbol.uz

 

Калит сўзлар: ҳужумини, ҳисобида, ҳимоячининг, ҳимоячи, ҳимоя, ҳаммаси, қўшди, қўлга, қолди, қозонилган, қилди, қарши, қарамай, қандай, қадрдон, ғолиби nbsp, ғолиби, ғолиб, ғалабага, югославия

Мавзуга оид янгиликлар:

Баракасини берсин ёхуд футболкалар сотуви ҳақида

Баракасини берсин ёхуд футболкалар сотуви ҳақида

Спорт хитойликлар қўлига ўтяптими?

Спорт хитойликлар қўлига ўтяптими?

Криштиану Роналду карьерасидаги 32 муҳим воқеа

Криштиану Роналду карьерасидаги 32 муҳим воқеа

Элит рўйхат ёки энг яхши 100 футболчилар ҳақида

Элит рўйхат ёки энг яхши 100 футболчилар ҳақида

 УШБУ ХАБАРГА ЎЗ ФИКРИНГИЗНИ БИЛДИРИНГ.
ФИКР БИЛДИРИШ УЧУН РЕГИСТРАЦИЯДАН ЎТИШ КЕРАК!


   
ПнВтСрЧтПтСбВс
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
27282930   
Сўровнома

Loading...

Логин
Пароль
Сақлаш