No icon

Гурбангули Бердимуҳаммедов ўз ўғлини Ахал вилоятининг раҳбари этиб тайинланди

Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ўз ўғли Сердарни собиқ Ашхабод вилояти - ҳозирги Ахал вилоятининг раҳбари этиб тайинлади. Бу ҳақда Туркманистон давлат ахборот агентлиги маълум қилди.

Туркманистон пойтахти Ашхабодга ўз бошқарув идоралари мавжуд бўлган алоҳида маъмурий бирлик мақоми берилганидан сўнг Ахал вилояти пайдо бўлган эди. Ҳоким этиб тайинлангунга қадар Сердар Бердимуҳамедов вилоят ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаб келарди. Бу лавозимга у 2019 йилнинг январида тайинланганди. Хабарларга кўра, вилоятни бундан аввал бошқарган Шохрат Амангелдиев бошқа ишга ўтказилади.

Сердар Бердимуҳамедов 37 ёшда, у Қуролли кучлар подполковниги. 2016 йилда у Туркманистон парламентига сайланди, 2018 йилнинг мартида эса мамлакат ташқи ишлар вазирининг ўринбосари бўлди. Унга қадар, 2015 йилнинг июлида махсус фармойиш билан мамлакат ТИВ тузилмасида нуфузли мансабга тайинланди ва докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.

2017 йилнинг баҳор ва ёзида у хорижга расмий ташрифларни амалга оширди ва юқори лавозимли амалдорлар билан бир неча бор учрашувлар ўтказди. Расмий хабарларда унинг мамлакат тараққиётидаги, жумладан жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришдаги хизматлари таъкидланади.

Президент ўғли раҳбарлик қиладиган вилоятда 900 мингдан ортиқ аҳоли, ёки Туркманистон аҳолисининг 14 фоизи истиқомат қилади. Вилоят ҳиссасига қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 23 фоизи ва мамлакат умумий саноатининг 31 фоизи, шунингдек Туркманистонда қазиб олинадиган газнинг 43,8 фоизи тўғри келади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика