No icon

Саудия Арабистонида октябрдан бошлаб Умра зиёратларига рухсат берилади

Саудия Арабистони октябрь ойидан бошлаб мамлакатда яшовчи аҳолиси учун Умра зиёратини амалга оширишга рухсат беради. Бу ҳақда подшоҳлик Ички ишлар вазирлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берди. Вазирлик маълумотларига кўра, зиёратлар босқичма-босқич ва коронавирус тарқалишидан ҳимояловчи карантин чораларига риоя қилинган ҳолда қайта тикланади.

4 октябрь куни бошланадиган биринчи босқич доирасида подшоҳликнинг одатдаги зиёратчиларини учдан бири, яъни мамлакат аҳолисининг 6 минги Умра зиёратини амалга ошириши мумкин.

Иккинчи босқич эса 18 октябрдан бошланади ва унда зиёратчилар сони 75 фоизга қадар оширилади.

Эслатиб ўтамиз, март ойи ўрталарида Саудия Арабистони подшоҳлигида жамоат намозлари вақтинча тўхтатилган ва фақат иккита — Макка ҳамда Мадинадаги масжидда жамоат бўлиб намоз ўқишга рухсат берилганди. Бироқ кейинчалик коронавирус тарқалиши хавфи сабаб Ал-Ҳаром ва Набавий Масжидда ҳам намоз ўқиш тўхтатилган. 23 март куни Саудия Арабистонида комендантлик соати жорий этилган, 24 март куни мамлакатда коронавирус билан боғлиқ биринчи ўлим ҳолати қайд этилган. Шунингдек, мамлакатда аҳоли ҳамда хорижлик зиёратчилар учун Умра зиёратини амалга ошириш тадбирлари ҳам номаълум муддатга қолдирилганди.

7 апрелда Саудия Арабистони Рамазон ойида масжидларни очишни режалаштирмаётгани айтилган, 13 апрель куни Рамазон ойида Саудия Арабистонида таровеҳ намозлари уйда ўқилиши ҳақида фатво берилгани хабар қилинган, кейинчалик шу куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Рамазон ойини ўтказиш ҳақидаги баёнотида таровеҳ намозларини уйда ўқиш тавсия қилинди. 18 апрель куни Тожикистонда масжидлар яна ёпилгани, жума ва таровеҳ намозлари масжидларда ўқилмаслиги, ушбу чоралар коронавируснинг тарқалишини олдини олиш мақсадида амалга оширилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Саудия Арабистонида комендантлик соати 21 июндан бекор қилинган, бироқ шунга қарамай, кўплаб чекловлар ўз кучида қолган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика