No icon

Порахўрликнинг "каттаю кичиги" бўлмайди-ми?

Мансаб инсонга масъулият юклайди. Ҳар бир вазифа ортида инсон тақдири мужассам. Буни, айниқса, мутасадди идоралар вакиллари унутмасликлари керак. Афсуски, орамизда зиммасидаги масъулиятли вазифага хиёнат қилиб, ўз ваколатидан фойдаланмоқ истагидаги ғараз ниятли кимсалар ҳам йўқ эмас.
Бухоро шаҳар ҳокимлигида бўлим бошлиғи сифатида ишлаб келган мансабдор шахс пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди. Қайд қилинишича, иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Бухоро вилоят бошқармаси ва ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро шаҳар ҳокимлиги бўлими бошлиғи Бухоро шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги, кам таъминланган оилалар ётоқхонасидан икки хонали уй ажратиб бериш эвазига 1200 АҚШ доллари пора беришни талаб қилиб, шундан 500 АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
***

Самарқанд вилоятининг Оқдарё тумани маъмурий суди раиси О.Ф. 50 АҚШ доллари миқдорида пора олаётган пайтида қўлга олинган. “UzNews.uz”нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаси берган хабарга қараганда, О.Ф. фуқаро А.Т.дан унга нисбатан тайинланган икки йилга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазосини қисқартириб бериш эвазига 100 АҚШ доллари миқдорида пул сўраган.

Жорий йилнинг 18 январь куни О.Ф. фуқаро А.Т.дан 50 долларни олиб, қолган 50 долларни тез кунда олиб келишини талаб қилган. 2019 йил 22 январь куни О.Ф. фуқаро А.Т.дан 50 долларни ўз хизмат хонасида пора тариқасида олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ходимлари томонидан ушланган.

О.Ф.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айбланувчи эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган, айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
***

Олтинкўл туманининг “Кўмакай” маҳалла фуқаролар йиғини ходими (суриштирув ишлари давом этаётганлиги боис исми шарифи ва вазифаси сир тутилмоқда) фуқародан фарзандига тўланадиган 2 ёшгача бўлган нафақа пулини тўхтатмаслик учун пора талаб қилди.

Шундоқ ҳам моддий таъминотга муҳтож фуқаро энди дардини кимга айтсин? Сўралган маблағни беришга қурби етса, фарзанди учун нафақа пулига қараб ўтирармиди? Ўйлай-ўйлай, калаванинг учини тополмаган фуқаро мутасадди идорага мурожаат қилди.

Олиб борилган тезкор тадбир чоғида масъул шахс фуқародан 200 минг сўм миқдоридаги пулни пора сифатида олаётган пайтида тезкор вакиллар томонидан ушланди. Маҳалла ҳукуматнинг энг қуйи тизими бўлиб, коррупцияга қарши кураш аслида айнан мана шу маскандан илдиз отиши керак. Бундай бўлмас экан, олдимизга қўйган мақсадларимиз йўлида топганимиз фақат сароб бўлиб қолаверади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика