No icon

876 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириб олинди

Мамлакатимизда бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолиси ўта зич бўлган Андижон вилоятида ҳам бу борада муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Минг афсуски, бугунги кунда илгари хусусийлаштирилиб, лекин фаолият кўрсатмаётган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган кўплаб бинолар мавжуд. Президентимизнинг 2018 йил 4 сентябрдаги “Ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур қарор ижроси доирасида ўтказилаётган ўрганишлар жараёнида хусусийлаштирилган, лекин йиллар давомида фойдаланмасдан турган кўплаб объектлар аниқланмоқда. 

– Қарор ижроси доирасида Андижон тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида 130 та объект эгаси биноларидан фойдаланмаётгани аниқланган, – дейди Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси бош мутахассиси Дилмурод Парпиев. –Ўтган вақт мобайнида шунча бўш турган бинолардан фақат 12 таси бўйича инвестиция лойиҳалари тақдим этилган холос. Шу боис, имконияти бўла туриб, мулкига нисбатан лоқайд муносабатда бўлганларга таъсирчан солиқ механизмини қўллаш чораси кўрилган.

Андижон туман солиқ инспекцияси томонидан 84 та объект раҳбарига таъсирчан солиқ механизмини қўллаш юзасидан талабномалар юборилган. Уларга нисбатан 989 миллион сўм қўшимча ер ва мол-мулк солиғи қайта ҳисоб-китоб қилинди. Айни пайтга қадар мазкур субъектлардан 876 миллион 400 минг сўм маблағ ундириб олинди.

Жумладан, тумандаги “М.К.С” корхонасига Идоралараро комиссиянинг тегишли хулосасига кўра, таъсирчан солиқ механизми қўлланилган. Унга мувофиқ, биринчи олти ойга 39 миллион 895 минг, ушбу муддат якунлангач, 115 миллион 105 минг сўм ер ва мол-мулк солиғи қайта ҳисобланиб, ушбу маблағлар тўлиқ ундириб олинди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, бир пайтлар қандайдир йўллар билан катта-катта ишлаб чиқариш биноларини хусусийлаштириб олган, йиллар давомида талон-тарож қилиб, хароб ҳолга келтирган ана шу мулк эгаларининг аксарияти на ишлаб чиқаришни йўлга қўяди, на бинодан самарали фойдаланишни таклиф қилаётган ташаббускорга беради. Яна устига-устак мол-мулк, ер солиғини ўз вақтида тўламайди.

Бундай шахслар бугун мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, ўзгаришларда тўғри хулоса чиқаришлари керак. Йиллар давомида халқнинг, давлатнинг маблағлари ҳисобига қурилган, одамларга фойда бериб келаётган ана шундай иншоотлар бекор турмаслиги лозим.

Фикрлар

Яндекс.Метрика