No icon

Олий маълумотли фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўташ муддати узайтирилади

Жорий йилнинг 8 июль куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди, деб хабар бермоқда партия матбуот хизмати

Жумладан, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда муҳокама қилинган. 
 
Лойиҳада бир қатор муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар кўзда тутилган.

Биринчидан, олий маълумотли шахслар ва муддатли ҳарбий хизматни чақирув бўйича офицерлар таркиби лавозимларида ўтаётган офицерлар истисно тариқасида муддатли ҳарбий хизматни тўққиз ой ўташган бўлса, киритилаётган ўзгаришга кўра ушбу муддат бир йил этиб белгиланмоқда.

Ушбу ўзгаришга сабаб сифатида қонун ташаббускорлари қуйидагиларни қайд этишди. “Қуролли Кучлар сафига муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилаётган фуқароларнинг 9-10 фоизини олий маълумотлилар ташкил этади. Мазкур фуқаролар тўққиз ой муддатли ҳарбий хизматни ўтаганидан сўнг Қуролли Кучлар резервига бўшатилиши натижасида қолган уч ой давомида улар эгаллаб турган лавозимлар бўш (вакант) қолиб кетмоқда. Бунинг натижасида қўшинларда, айниқса ДХХ Чегара қўшинлари ва ИИВ Қоровул қўшинлари бўлинмаларида кундалик фаолиятда белгиланган вазифаларни бажаришда қийинчилик ва ноқулайликлар келиб чиқмоқда. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган фуқароларнинг бир вақтда Қуролли Кучлар резервига бўшатилиши натижасида оддий аскарлар лавозимларининг уч ой бўш (вакант) бўлиб қолиш ҳолатларига барҳам берилади, натижада жанговар шайликни таъминлашдаги ноқулайликлар бартараф этилади”.

Иккинчидан, чақирилувчиларнинг ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарлиги Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув муассасаларида амалга оширилган эди. Киритилаётган ўзгаришга биноан ушбу вазифа Мудофаа ишлари бошқармалари ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказларига юклатилмоқда.

Ушбу ўзгариш Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4061-сон қарорининг 1-4 ва 19- бандлари ижросини таъминлаш мақсадида киритилмоқда.

Учинчидан, олий таълим муассасаларида кундузги ўқишда таҳсил олаётган талабалар ўз розилиги билан июль-август ойларида сафарбарлик чақируви резерви (бир ойлик) хизматига олинишлари мумкинлиги белгиланмоқда.

Чунки, чақирув тадбирлари жараёнида олий таълим муассасаларида кундузги ўқишда таҳсил олаётган чақирув ёшидаги фуқаролар ва уларнинг ота-оналари томонидан чақирув комиссияларига СЧР хизматига қабул қилиш бўйича кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Мазкур ҳолат амалдаги қонунчиликка асосан СЧР хизматига 27 ёшгача бўлган фуқароларнинг олиниши, кўрсатилган тоифадаги фуқаролар эса олий таълим муассасасини тамомлагунига қадар 27 ёшга тўлиб қолиши билан боғлиқ. Ушбу таклифнинг қабул қилиниши фуқаролар учун ҳарбий хизматни ўташда қўшимча имконият, Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташларига шароит яратади.

Қонун лойиҳаси “Адолат” СДП фракцияси йиғилишида биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика