No icon

Мол-мулк ва ер солиғи ўрнига кўчмас мулк солиғи жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Президентнинг мазкур қарорида «Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш стратегиясини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» маъқулланган. Чора-тадбирларни амалга ошириш механизмлари, ижро муддати ва масъуллар белгиланган.

«Йўл харитаси»нинг биринчи боби Солиқ сиёсатини такомиллаштириш ва иқтисодиётда хуфиёна айланмани қисқартиришга бағишланган ва чора-тадбирлар ичида қуйидаги муҳим чоралар ўрин олган:

·        Тадбиркорлик субъектларига тенг фискал шароитлар ва рақобат муҳитини таъминлаш учун қўллаш соҳалари ва фаолият турларини ҳисобга олган ҳолда, солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қайта кўриб чиқиш.

·        Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг қўшилган қиймат солиғи тўловчилари сифатида рўйхатдан ўтиш тартибини ишлаб чиқиш.

·        Солиқлар бўйича тўловларни кейинчалик бўлиб-бўлиб фоизи билан қайтариш орқали камайтиришни назарда тутувчи “инвестициявий солиқ кредитлари” институтини жорий этиш.

·        Солиқ тўловчиларга кейинчалик соддалаштирилган “яшил йўлак” тартибида хизмат кўрсатиш мақсадида солиқ таваккалчиликларини баҳолаш ва инсофлилик мезонлари асосида сегментлаш тизимини жорий қилиш.

·        Солиқ тўловчи ихтиёрий равишда солиқ мажбуриятларини камайтириб кўрсатиш (яшириш) фактларини кўрсатиб, солиқ қарзининг бир қисмини тўлаганда, уни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи «солиқ келишуви» механизмини жорий этиш.

·        Ўзаро боғланган ёки афилланган шахслар ўртасидаги битимлар бўйича трансферт нархлар белгиланишининг, шу жумладан бундай шахслар бўйича мезонларни белгилашни назарда тутувчи солиқ назорати механизмини жорий этиш.

·        Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби қоидаларидаги тафовутларни қисқартириш чора-тадбирларини амалга ошириш ва уларни халқаро молиявий ҳисобот стандартларига тўлиқ мослаштириш.

·        Айрим товарлар учун идентификация маркировка қилишнинг ягона тизимини жорий этиш ва солиқ органлари томонидан маҳсулотни ҳисобга олишнинг электрон базасини яратиш.

·        Ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг солиқ имкониятларини баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, солиқ тушумларини ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқлари бўйича прогноз қилиш учун индикаторлар ва маълумотлар манбаларини шакллантириш.

·        Иқтисодиётда хуфиёна айланма даражасини камайтириш бўйича «яширин иқтисодиёт» кўламини баҳолашнинг асосий кўрсаткичларини белгилаш, идоралараро ҳамкорлик тизимини, кўриладиган чоралар самарадорлигини баҳолаш тизимини жорий қилишни, шунингдек, иқтисодий фаолиятни легаллаштиришни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга ошириш.

·        Чакана савдода нақд пулда сотиб олинадиган товарлар ва хизматлар учун юқори тўлов чегарасини белгилаш ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробари миқдоридан ортиқ бўлган битимлар учун соддалаштирилган ҳисобварақ-фактурани жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш.

·        Мол-мулк ва ер солиғи ўрнига кўчмас мулк солиғини жорий қилиш.

·        Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш ва хуфиёна фаолият амалга ошириш фактларни аниқлашда ёрдам берган (маълумот тақдим этган) шахсларни моддий рағбатлантириш тизимини жорий этиш.

·        Маҳсулотлар (ишлар, хизматлар) харид қилиш учун «онлайн» назорат-касса машиналари чеклари билан тасдиқланган харажатлар миқдорида жисмоний шахслар даромад солиғи, мол-мулк ва ер солиқлари бўйича чегирмаларни амалга ошириш тартибини ишлаб чиқиш.

·        Ўзини ўзи иш билан банд қилган шахслар мезонлари ва тоифаларини аниқлаш бўйича илғор хорижий тажриба асосида таклифлар ишлаб чиқиш, солиқ солиш мақсадида фаолиятни қонунийлаштиришни рағбатлантириш.

·        Электрон платформалар, интернет-дўконлар ва ижтимоий тармоқлар орқали амалга ошириладиган электрон тижорат фаолиятини қонунийлаштириш ва назорат қилиш механизмини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

·        Солиқ тўловчилар учун қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олиш ва Давлат бюджетига ўтказиш махсус ҳисобрақамларини жорий этиш бўйича таклифлар тайёрлаш.

·        Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк ва Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар базаларини интеграциялаштириш, «E-омбор» товарларни ҳисобга олишнинг электрон тизимини жорий этиш ва импорт қилинган товарлар ҳисоботларининг электрон тарзда шаклланишини таъминлаш орқали импорт операцияларини мониторинг қилиш тизимини такомиллаштириш.

·        Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани мисолида жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни мулкнинг бозор қийматига нисбатан солиқ ставкасидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаш тартибини кўриб чиқиш ва натижаси бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритиш.

Манба : Kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика