No icon

Наманганда 600 минг доллардан ортиқ пулни четга ноқонуний олиб чиқилишига чек қўйилди

Наманганда 600 минг доллардан ортиқ пулни хорижга ноқонуний олиб чиқишга уринган шахсга жиноий иш қўзғатилди. Бу ҳақда «Дарё»га ДХХдаги манбалари маълум қилди.

Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган валюта қимматликларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш тадбири давомида «Наманган—Косонсой» йўналишида ҳаракатланаётган 40 ёшли Неъматулло Воҳидов бошқарувидаги Captiva автомашина «Гурмирон» МФЙ ҳудудида тўхтатилган.

Автомобиль холислар иштирокида кўздан кечирилганда унинг салонида 605 минг 136 доллар борлиги маълум бўлган.

Аниқланишича, муқаддам судланган Неъматулло Воҳидов Тошкент шаҳри ва Наманган вилоятида истиқомат қилувчи фуқаролардан олган ушбу хорижий валюталарни маълум миқдордаги фоиз ҳисобида ҳақ олиш эвазига Косонсой туманидаги айланма йўллар орқали божхона назоратини четлаб ўтиб, Қирғизистонда яшовчи Илёс исмли шахсга етказиб бериши керак бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ДХХ Наманган вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддасига мувофиқ жиноят иши қўзғатилиб, ушбу ишга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика