No icon

Транзит орқали олиб ўтилаётган 300 минг долларлик гиёҳванд моддалар ДХХ томонидан қўлга олинди

Давлат хавфсизлик хизмати Сирдарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир натижасида қўшни Тожикистондан Ўзбекистон орқали Қозоғистонга олиб ўтилаётган кўп миқдордаги гиёҳванд модда ушлаб қолинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Аниқланишича, Сойиб исмли Тожикистон фуқароси гиёҳванд моддани контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб кирган ва Тошкент шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган Шуҳрат Асқаралиев хонадонига олиб борган.

Ушбу гиёҳванд моддаларни Ўзбекистон орқали транзит сифатида ўтказиш ишларининг ташкилотчиси бўлган Қозоғистон фуқароси, Туркистон вилоятида истиқомат қилувчи Элёр Жўраев Шуҳрат Асқаралиев хонадонига келиб, гиёҳванд моддаларни қабул қилиб олган.

Тезкор ходимлар томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Элёр Жўраев оғуни Сирдарё вилоятига олиб бориб, айланма йўллар орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган пайтида қўлга олинган.

Экспертиза хулосасига кўра, Элёр Жўраевдан ашёвий далил сифатида олинган гиёҳванд модда героин бўлиб, жами оғирлиги 20 килограмм 32 граммни ташкил этган.

Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда 20 кг героин моддасининг нархи 300 минг доллардан ортиқ маблағни ташкил қилади.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан ДХХ Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика