No icon

«Аҳмадбой»га тўртинчи бор ҳукм ўқилди: энди у 50 йил «ўтиради»ми?

«Аҳмадбой» номи билан тилга тушган чинозлик Аҳмад Турсунбаевга нисбатан суднинг тўртинчи ҳукми эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизматининг  маълум қилишича, жиноят ишлари бўйича (ЖИБ) Тошкент вилоят суди (ЖИБ Қуйичирчиқ туман суди биносида бўлиб ўтган суд мажлиси якунига кўра) А.Турсунбоевга нисбатан 9 йил озодликдан марҳум қилиш жазосини тайинлади.

Алоҳида қайд этиш керак, А.Турсунбоев билан бирга унинг 14 нафар жиноий шериклари-да судланган бўлиб, уларга ҳам тегишлича жазо белгиланди.

«Аҳмадбой»га биринчи марта ЖИБ Тошкент вилоят суди (2018 йил 21 февраль) ҳукми билан 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 13 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланганди.  2019 йил 20 майида ўтган иккинчи суд мажлисида у ЖИБ Тошкент вилоят судининг ҳукми билан бир йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 400 баравари миқдорида жаримасига мустаҳиқ этилди.

Ўтган йилнинг 28 октябрида А.Турсунбоев ва унинг жиноий шериклари яна бир (ҳисоб бўйича учинчи) суд мажлисининг «қаҳрамонига» айланишганди. Бу сафар «Аҳмадбой»га  энг кам иш ҳақининг 400 баробар миқдоридаги жаримадан ташқари, суд 14 йилу 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини раво кўрган эди.

Бугун тўртинчи суднинг ҳукми ўқилди. Унга кўра, Аҳмаджон Турсунбоев Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми «а, в» бандлари (эски таҳрирдаги) билан айбли деб топилди ва унга ушбу модда билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бўлиб ўтган тўртта суд тайинлаган жазоларни тўғридан тўғри қабул қилиб, «Аҳмадбой» жами эллик йил (13+14+14+9)  «ўтирар» экан-да, деган хаёлга бориш керак эмас. Яъниким, тўртта суд тайинлаган жазолар алоҳида-алоҳида ижро этилмайди. Негаки, А.Турсунбоевга ва бошқаларга нисбатан ҳукм чиқариш чоғида кейин бўлиб ўтган судларда аввал тайинлаган жазоларни қисман қўшган ҳолда бир тўхтамга келинган. Масалан, тўртинчи суд маҳкумни тўққиз йилга «кесган» бўлса-да, аввал тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан унга узил-кесил 1 йил муддатга тадбиркорлик билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 14 йил 4 ой озодликдан маҳрум қилиш жазо белгилади.

Жазо ўташ муддати «Аҳмадбой» қамоққа олинган сана —  2016 йил 16 июндан бошлаб ҳисобланиши  эътиборга олинса, у узил-кесил тайинланган 14 йил-у тўрт ойлик жазонинг уч йил-у саккиз ойини адо қилиб бўлгани англашилади. Демак, ўталмай қолган жазо 11 йил-у олти ой қолган. Ўталмай қолган жазо ҳукмда кўрсатилганидек, амнистия актига асосан тўртдан бирига қисқартирилажаги инобатга олинса,  «бой»нинг «бўйни»да саккиз йўл-у ўн бир ой қолганини кўриш мумкин. Хуллас, бу ёғига жазо турлари енгиллашиб бораверади: маълум муддатдан кейин манзил-колонияга ўтказилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас...

Эслатиб ўтамиз, А.Турсунбоев жиноий гуруҳ раҳбари сифатида молиявий пирамида ташкил этганликда гумонланиб, ҳибсга олинган ва Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, жазога тортилганди.

Суднинг аввалги ҳукмларига мувофиқ, у жиноий шериклари билан солидар тартибда  11 700 нафар жабрланувчига жами 418 млрд. 293 млн. 345 минг 854 сўм тўлаши лозимлиги белгиланган.  Мажбурий ижро бюроси маълумотларига кўра, дастлабки тергов давомида хатланган ҳамда  А.Турсунбоевнинг мол-мулклари сотувидан тушган пул маблағлари ҳозирда 146 млрд. сўмни ташкил этади. Бу миқдор эса жабрланувчиларга етказилган зарарнинг учдан биринигина қоплашга етарди, холос.

Қолганларнинг ҳақи-чи? Бу савол ҳамон долзарб.

Манба: xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика