No icon

Нотариуслар, ДХМ ва ФҲДЁ идоралари 25 мартдан онлайн иш режимига ўтади

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилиши муносабати билан 2020 йилнинг 25 мартидан бошлаб Адлия вазирлиги тизимидаги нотариуслар, Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ва ФҲДЁ идораларининг иш тартиби ўзгаради. Бу ҳақда Адлия вазирлиги томонидан маълум қилинди.

Хабар берилишича, 25 мартдан бошлаб Адлия вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ва вилоятлар адлия бошқармалари, туман (шаҳар) адлия бўлимларига жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатларни қабул қилиш ва улар билан ишлаш фақат электрон почта ёки ишонч телефонлари орқали амалга оширилади. Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча давлат хизматлари электрон шаклда «my.gov.uz» портали орқали онлайн тарзда ва фақат кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина идораларда амалга оширилади.

ФҲДЁ бўлимларида фуқаролар ходимларнинг навбатчилиги асосида кечиктириб бўлмайдиган ҳолатлардагина, яъни туғилиш ва ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларини қайд қилиш учун ташкил қилинган дарча орқали қабул қилинади.

Нотариусларга мурожаат қилиш фақат кечиктириб бўлмайдиган зарурият юзага келганда, яъни биринчи навбатда васиятнома, ишончнома, гаров, ипотека бўйича «e-notarius.uz» сайти орқали тегишли нотариусга ҳужжатларни олдиндан электрон шаклда тақдим этиш ва электрон навбатга ёзилиш орқали амалга оширилади.

Вазирликнинг эслатиб ўтишича, фуқароларни барча биноларга киритишга фақат белгиланган навбат ва вақтга риоя этилган ҳолда ҳамда тиббий ниқоб тақилган, қўллар антисептик воситалар билан ювилган ва тана ҳарорати тепловизорлар орқали ўлчангандан кейин йўл қўйилади. Бино ташқариси ва ичида фуқаролар ўзаро 2 метр масофа сақлаши лозим бўлади.

Қайд этилишича, ушбу вақтинчалик чекловлар «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 176-сон қарори ва Давлат санитария назоратини амалга оширувчи органларнинг тегишли тавсияларига асосан татбиқ қилинмоқда.

Шунингдек, юқоридаги ҳукумат қарорига асосан, идоралардаги аксарият аёл ходимлар боғча ёшидаги фарзандларига қараш учун меҳнатга лаёқатсизлик бўйича вақтинчалик таътилга чиқарилганлиги ва ходимларнинг бир қисми масофадан туриб ишлашга ўтганлиги сабабли идоралар фаолиятида айрим узилишлар бўлиши мумкин.

Вазирлик келиб чиқиши мумкин бўлган айрим ноқулайликлар учун аввалдан узр сўраган ҳолда адлия идораларига фақат жиддий зарурат бўлганда мурожаат қилишни сўрайди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика