No icon

Юридик шахсларнинг автомобиль ҳайдашда малака ошириш талабини бекор қилиш таклиф этилди...

«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар порталида юридик шахсларнинг транспорт воситаларини ҳайдашда малака ошириш тўғрисидаги талабни бекор қилиш ҳақида петиция эълон қилинди. Петицияга кўра, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини ҳайдашда малака ошириш тўғрисидаги талабни бекор қилиш лозим.

«Бу ҳайдовчиларни тоифага ажратишдир. Нима учун айни бир шахс жисмоний шахсга тегишли автомашинани ҳайдаса бошқача талаб, юридик шахсга тегишли машинани ҳайдаса бошқа талаб. Ҳайдовчи шу ҳайдовчи бўлса, йўл шу йўл бўлса, йўл қоидалари шу қоидалар бўлса, машина ҳаммаси бир хил машина бўлса, нима учун икки хил талаб бўлиши лозим.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси 1-қисми диспозициясидаги «юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши» деган жумлаларни чиқариб ташлаш керак. Яъни ушбу ҳолат бўйича жарима қўлланилмаслиги лозим. Юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларини ҳайдашда малака ошириш тўғрисидаги талабни умуман бекор қилиб ташлаш лозим», — деб ёзади мурожаат муаллифи.

Шу сабабли юридик шахсларнинг транспорт воситаларини ҳайдашда малака ошириш тўғрисидаги талабни бекор қилиш таклиф қилинган.

Таъкидлаш керакки февраль ойида Ички ишлар вазирлиги «Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйган эди.

Эслатиб ўтамиз, «Автотест» 2019 йилнинг августида юридик шахслар ҳайдовчиларини тайёрлашни тўхтатишини маълум қилган эди. Кейинроқ юридик шахсларнинг ҳайдовчилари малака ошириши билан «Ватанпарвар» шуғулланиши тўғрисида хабар берилганди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика