No icon

Самарқанд ИИБ ЙҲХБ ноқонуний баённома учун ҳайдовчига моддий ва маънавий зарарларни тўлайдиган бўлди

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармасидан ҳайдовчига товон ундириш белгиланди. Бу ҳақда фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси Б. Худойберганов маълум қилди.

Гап шундаки, 2018 йил 17 май куни Анвар (исм ўзгартирилган) бошқариб келаётган «Дамас» русумли автомашинани Оқдарё тумани Лойиш шаҳарчасига киришда вилоят ИИБ йўл ҳаракати бошқармаси ходими тўхтатади.

У ҳайдовчига «Йўл ҳаракати қоидаси»нинг 194- ва 56-бандларида кўрсатилган талабларни бузиб, сидирға чизиғи устида ҳаракатлангани учун маъмурий баённома расмийлаштиради. Оқдарё тумани ИИБ ЙҲХБ унга нисбатан МЖтК 128-моддасига асосан 86 минг 120 сўм маъмурий жарима солиш тўғрисида қарор чиқаради.

Аввал-бошданоқ Анвар тузилган маъмурий баённома юзасидан ўз ҳуқуқларини талаб қилган. У тегишли маъмурий баённомага эътирозларини ёзмоқчи бўлган, бироқ унга бундай имконият берилмаган.

Анвар жарима тўлашга мажбур бўлгач, ҳолатдан норози бўлиб, Оқдарё тумани маъмурий судига шикоят ариза билан мурожаат қилади.

Суднинг ҳал қилув қарори билан юқорида келтирилган жарима тайинлаш ҳақидаги қарори бекор қилинади.

Шундан сўнг Анвар жарима қайтарилмаганлиги, ИИБ ЙҲХБ раҳбарияти ва бошқарма ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари натижасида у ҳақиқат излаб идорама-идора югуришга мажбур бўлганлиги, фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини оёқ ости қилишлари оқибатида жуда катта маънавий зарар етганлиги учун фуқаролик судига даъво ариза қўзғатиб, моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўрайди.

Суд Анварга ғайриқонуний маъмурий жазо тайинланиб, асоссиз равишда жаримага тортилганлиги оқибатида у маънавий қайғуриш ва ноқулайликни бошидан кечирганлигини, жаримани тўлаб моддий зарар кўрганлигини инобатга олиб, Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати ҳавфсизлиги бошқармасидан даъвогар  фойдасига 86 минг 120 сўм моддий зарар, 1 миллион 500 минг сўм маънавий зарарни ундиришни белгилади.

Шунингдек, 608 минг 190 сўм дастлаб тўланган давлат божи, 16 минг 190 сўм почта харажати ҳам ИИБ ЙҲХБдан ундириладиган бўлди.

 

Фикрлар

Яндекс.Метрика