No icon

«План»ни тўлдириш учун кунига 5 тадан баённома тузишга топшириқ берган Олмазор ИИБ подполковнигига нисбатан хизмат текшируви белгиланди

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Олмазор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасида бўлиб ўтган мажлисдан ёзиб олингани тахмин қилинган овозли хабар тарқалгани ва овознинг Олмазор тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси махсус топшириқлар бўйича инспектори подполковник Фаррух Холовга тегишли экани ҳақида хабар берилганди.

Фаррух Холов ҳар бир профилактика инспектори турли моддалар бўйича кунига 5 тадан маъмурий баённома тузиши ҳақида топшириқ берган. Шунингдек, у мазкур овоз ўзиники эканлигини тасдиқлаган. Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси мазкур аудиоёзув бўйича ўз изоҳини берди.

Тошкент шаҳар ИИББ ҳам мазкур овоз Фаррух Холовга тегишли эканлигини тасдиқлаган ва шахсий таркибга вазифаларнинг нотўғри етказилиши муносабати билан раҳбар бўлмаган ва шахсий таркиб олдига вазифа қўйиш ваколатига эга бўлмаган Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланганини маълум қилган.

«Профилактика инспектори олдида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш, қоидабузарларга нисбатан қонуний чора кўриш вазифаси туради. Яъни майда безорилик, маиший жанжаллар каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган аҳоли орасидаги профилактик ишлар мунтазам равишда олиб борилиши зарур, шунингдек, кучли таъсир қилувчи ва психотроп препаратлар, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши ўз вақтида чора кўриш зарур. Бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар аниқланган тақдирда профилактика инспектори қонуний чора кўриши, қонунбузарлик фактини яширмасдан, ҳолатни қонуний расмийлаштириши зарур», — дейилади ИИББ муносабатида.

Қайд этилишича, «натижа» сўзидан мақсад профилактика инспекторларининг иш сифати ҳисобланади. «Бунинг кўрсаткичи эса аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг ошиши, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонининг пасайишида ифода топиб, кўрилган чораларнинг самарасидан дарак беради», — дея таъкидлаган Тошкент шаҳар ИИББ.

Муносабатда қайд этилишича, «режа» сўзини расмийлаштирилган баённомалар сони деб тушуниш нотўғри. «Ҳар қандай фаолиятда иш режаси зарур бўлади. Профилактика инспекторларининг иш режаси деганда, аҳоли билан — фуқароларнинг алоҳида тоифаси билан ишлаш режаси назарда тутилиб, мазкур режа ишониб топширилган маҳалла ҳудудидаги криминоген ҳолатдан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирилади», — дея изоҳ берилган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика