No icon

Коррупция жиноятлари ҳақида хабар қилганларга бир марталик пул мукофоти берилади?!

Бош прокуратура «Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишда бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги ҳукумат қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Унга кўра, қуйидаги миқдорда бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш кўзда тутилмоқда:

  • Биринчидан, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида берилган хабар учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари.

Иккинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:

  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ беш баравар;
  • унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ етти баравар;
  • оғир жиноят учун ‒ ўн баравар;
  • ўта оғир жиноят учун ‒ ўн беш баравар.

Учинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан юз бараваригача бўлса, базавий ҳисоблашнинг қуйидаги миқдорида:

  • ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун ‒ ўн баравар;
  • унча оғир бўлмаган жиноят учун ‒ ўн беш баравар;
  • оғир жиноят учун ‒ йигирма баравар;
  • ўта оғир жиноят учун ‒ йигирма беш баравар.

Тўртинчидан, пора суммаси ёки етказилган зарар ёхуд ўзлаштирилаётган (ўзлаштирилган) мулкнинг қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан кўп бўлса, қуйидаги фоиз ҳисобида ҳисобланади:

  • анча миқдор (БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача) учун ‒ ўн беш фоизи;
  • кўп ёки жуда кўп миқдор (БҲМнинг 300—500 бараваригача ҳамда 500 баравар ва ундан кўп) учун ‒ ўн фоизи.

Ҳужжат ташаббускорларининг айтишича, Давлат бюджетидан ушбу мақсадлар учун ҳар йили қўшимча ўрта ҳисобда 300-500 миллион сўм маблағлар талаб этилади.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномада коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан кўра барвақт олдини олишга ўтиш кераклигини таъкидлаб, унга қарши курашишга масъул бўладиган алоҳида орган тузишни таклиф қилган эди. 2020 йилнинг 11 февралида мазкур органни ташкил этиш масалалари бўйича Президент раислигида йиғилиш бўлиб ўтганди. Июнь охирига келиб мамлакатда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди ва унга «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Акмал Бурҳонов директор этиб тайинланди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика