No icon

Машинанинг орқа ён ойнасига парда тақиш ҳуқуқбузарлик эмас!

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди машина орқа ён ойнасига парда тақиш масаласига қонуний нуқта қўйилди. Олий маҳкамага кўра, машинанинг орқа ён ойнасига парда тақишни ҳуқуқбузарлик эмас! Кўриб чиқилган маъмурий иш бўйича эса Олий суд матбуот хизмати  ахборот ахбороти ҳам кўп ҳаялламади. Таниқли блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев «парда масаласида» анчадан бери баҳс юритиб келади. Олий суддан ёқимли хабарлар тарқалиши ҳамоно у мавзуга яна бир қайтиб, мулоҳазалари билан ўртоқлашишга шошилди...

Биз ҳам шуни кутиб тургандик.

***

 ....Бугун бир гуруҳ автоблогерлар Олий суд машинанинг орқа ён ойнасига парда тақишни ҳуқуқбузарлик эмас деб топгани ҳақида хабар беришди. Ҳайдовчи Ботир Бахранов анча аввал унга нисбатан тузилган маъмурий баённома устидан шикоят қилиб судлашганди. Туман судида ютгач, Ички ишлар органлари ходимлари бу қарор устидан вилоятга шикоят қилишди. Вилоятда ютқазгач, Олий судга шикоят қилишди. Ва мана Олий судда ҳам ютқазишди.

Бу хабардан заррача ҳайрон бўлганим йўқ. Чунки шундоқ ҳам кўрга ҳассадек кўриниб турган нарса эди, судьяларимиз ана шундай қарор қабул қилишига 99% ишонгандим.

Парда билан боғлиқ воқеалар ривожи анчайин қизиқарли.

Дастлаб орқа ён ойнага парда тақиш қонунда тақиқланмагани, бемалол тақиб юриш мумкинлиги ҳақида 1 йил олдин мақолам чиққанди  ва ўшанда барча юридик жиҳатларини тушунтириб беришга ҳаракат қилгандим.

Ўтган йилдан буён парда бўйича кўплаб ҳайдовчиларимиз судлашди ва ғалаба қозонишди. Жарималарни қайтариб олишди.

Судларда кетма-кет мағлубиятга учрашни бошлагач, масъуллар номардлик йўлини танлашди. Тонировкага оид жарима жазосини кучайтириш баҳонасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга пардани тақиқловчи қоидани киритмоқчи бўлишди. Ими-жимида халқни кўзини шамғалат қилиб, ўтказиб оламиз деб ўйлашган шекилли. Аммо ижтимоий тармоқларда дод-вой қилганимиздан кейин, бу лойиҳа тасдиқланмади.

Шундан сўнг ИИВнинг янги тайинланган матбуот котиби Шохрух Гиясов пардага тақиқ - мантиқсиз қарор эканлигини таъкидлади.

Аммо ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасидаги масъуллар юқоридаги оддий ҳақиқатни тан олишни исташмади. Аниқроғи қонунни тушунишни хоҳламади ёки бунга ақли етмади. Фуқароларнинг тинкаи мадорини қуритиб, улар билан судлашди. Охир-оқибат шармандаларча барча судда ютқазди.

Бошқача айтганда улар ернинг тўртбурчаклигига ҳаммани ишонтирмоқчи бўлишди. Афсуски бунга на суд, на одамлар ишонди.

Бугунги Олий суд қарори гарчи бутун бошли парда масаласида эмас, фақат биргина ҳайдовчига қўлланган маъмурий жарима юзасидан бўлса-да, аммо бу яхши сигнал. Ҳар ҳолда Олий суд даражасида ер думалоқлиги расман тасдиқланди дегани.

Қиссадан ҳисса шуки, бемалол машинанинг орқа ён ойнасига парда тақиш мумкин. Бунга илгари ҳам ҳеч қачон тақиқ бўлмаган. Аммо қонунларни яхши тушунмайдиганларнинг касрига узоқ йиллар давомида юзлаб, балки минглаб ҳайдовчиларга ноҳақ жарималар қўлланган. Ишонамизки, энди бундан буён орқа ён ойнага ўрнатилган парда учун ҳеч кимга жарима қўлланмайди. Мабодо сизга жарима қўллашса, унда ўйлаб ўтирмай судга беринг. Ҳаққингизни талаб қилинг!

Фикрлар

Яндекс.Метрика