No icon

Порахўр маҳалла раиси қўлга олинди

Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги маҳалла раисларидан бири фуқаронинг икки ёшга тўлмаган фарзандига нафақа тайинлаш учун 400 минг сўм пора талаб қилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, Гурлан туманидаги маҳаллаларнинг бирида раислик қилувчи 58 ёшли Н.А. МФЙга мурожаат қилиб, икки ёшга тўлмаган фарзандига нафақа тайинланишини сўраган А.Б.га ишини битказиш учун 400 минг сўм бериши лозимлигини айтган.

Фуқаро ўзи моддий ёрдамга муҳтожлигини айтиб, раисдан ёрдам сўраган. Раис эса хизмати нархини белгилаб, иши битиши учун талабни бажаришига тўғри келишини билдирган.

Фуқаронинг ички ишлар органларига қилган мурожаати асосида ўтказилган тезкор тадбирда МФЙнинг 58 ёшли оқсоқоли талаб қилинган пулнинг 350 минг сўмини пора тариқасида олаётган пайтида қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида фермер хўжалиги мавжуд бўлган МФЙ раислари Президент ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларга берилган 1 миллион сўмлик ёрдам пулини ойлик иш ҳақи сўрамаслик талаби билан фермер хўжалигида ишловчи ишчиларига бергани, Ургут туманидаги МФЙ раисларидан бири эса 1 миллион сўм ёрдам пулидан 100 минг сўмдан ушлаб қолгани ҳақида хабар берилганди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика