No icon

Олий суднинг 4 нафар судьяси янги муддатга тайинлаш учун ўтказилган синовдан ўтолмади

Ўзбекистон Судьялар олий кенгаши томонидан биринчи ваколат муддати тугаган судьяларни кейинги муддатга саралаш бўйича ўтказилган танловдан беш йилдан бери судьялик қилаётган тўрт нафар судья ўта олмади. Бу ҳақда «Xabar.uz» хабар берди.

Қайд этилишича, «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги қонунга киритилган қўшимчага кўра, ваколат муддати тугаган судьянинг яна шу лавозимга муносиб ёки номуносиб эканлиги уч ойда ичида кўриб чиқилиб, хулоса қилиниши керак. Бу вақт мобайнида унга олган маоши баробарида товон тўлаб борилади.

Маълум қилинишича, айни пайтда Ўзбекистонда 165 та судьялик ўрни бўш турибди. Аммо бўш ўринларни муносиб кадрлар билан тўлдириш осон бўлмаяпти. Нашрнинг ёзишича, 38 та бўш судьялик ўрнига даъвогар 66 нафар номзоднинг фақат 23 нафари танловдан ўта олган.

Шунингдек, ваколат муддати тугаган 9 нафар судьяни янги муддатга тайинлаш масаласида Судьялар олий кенгаши ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма мажлиси ўтказилди. Таъкидланишича, ваколати якунига етган судьялар танловдан муваффақиятли ўтса, яна 10 йил судьялик қилади.

Хабар берилишича, 9 нафар номзоднинг бир нафари танлов арафасида унга тайёр эмаслигини, ижозат бўлса, кейинги танловда қатнашишини маълум қилган.

Қолган 8 нафар судьянинг 4 нафари кейинги муддатга ўтган. Танловдан ўта олмаган судьяларнинг 2 нафари захирага олинган. Яна 2 нафари судьялик лавозимига нолойиқ деб топилган.

Таъкидланишича, нолойиқ деб топилган судьяларнинг бири беш йил давомида Олий судда судья сифатида ишлаган. Бундан аввал туман ва вилоятда судьялик қилган. Судьяларнинг иккинчиси эса туманлараро иқтисодий судга раислик қилган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика