No icon

Uz IMEI тизими бўйича жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди

Сўнги вақтларда мобил қурилмаларни Uz IMEI тизимидан рўйхатдан ўтказиш масаласи долзарб мавзуга айланди.

Ушбу муаммоли масала юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан ҳам бир қатор чоралар амалга оширилди, дея хабар қилмоқда қўмита матбуот хизмати. 

Натижада рўйхатдан ўтмаган мобил қурилмаларни Ўзбекистон чегараси орқали ҳаракатланган фуқароларнинг номларига ноқонуний йўллар билан рўйхатга қўйиш, шахсларга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиб, сақлаб, улардан ғаразли ниятларда фойдаланиб келаётган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилди.

Аниқланишича, Ўзбекистон фуқароси О.А. шериклари М.Б. ва Т.Р.лар билан тузган ўзаро жиноий режага кўра қўшни давлатларга ўтишиб, у ерда Ўзбекистонга кириб келаётган Ўзбекистон фуқароларининг паспорт маълумотларини телефон ёрдамида расмга тушириб, Телеграм тармоғи орқали юбориб, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган мобил қурилмаларни Uz IMEI тизими орқали ушбу фуқаролар номига рўйхатдан ўтказиш билан шуғулланиб келишган.

Биргина фуқаро Б.М.нинг уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганида, телефон хотирасида Ўзбекистон фуқароларининг 200 га яқин паспорт расмлари борлиги, у ушбу паспорт маълумотларни йиғиб, жиноий шериги О.А.га етказиб берганлиги учун ҳар бир паспортга 5 АҚШ доллардан ҳақ олганлиги маълум бўлди.

Мазкур холат юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан Жиноят кодексининг 141-2-моддасининг 2-қисми “а” ва “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов органига юборилди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика