No icon

Самарқандда хўроз уриштириладиган яширин арена фаолиятига чек қўйилди

ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда пул тикиб хўроз уриштириш учун тузилган яширин «арена» фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Тезкор тадбирда Самарқанд шаҳрининг Булунғур кўчасида яшовчи 1972 йилда туғилган Ш.А. шаҳарнинг Минск кўчасида жойлашган уйларнинг бирида арена кўринишида жой ташкил қилиб, хўрозларни пул эвазига уриштириб, қимор ўйини ташкил қилганлиги аниқланган.

Суриштирув давомида 13 нафар фуқаро ўзларига тегишли бўлган хўрозларини уриштириш мақсадида олиб келганлиги аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилган.

Фото: Самарқанд вилоят ИИБ

ИИБ ходимлари томонидан тадбир давомида хўроз уриштириш томошасига келган 476 нафар фуқаронинг шахси аниқланиб, уларнинг жиноятга алоқадорлиги текширилган ва ушбу шахсларга тегишли 132 та транспорт воситасининг ҳужжатлари кўздан кечирилган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика