No icon

«Ҳар чоракда учрашсак? Гап бўлиши мумкинмас!» – Бош прокурор

Бош прокуратурада бўлиб ўтган коррупция қарши курашишга оид идоралараро йиғилиш тафсилотлари оммавий ахборот воситалари саҳифаларидан тушаётгани йўқ. Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларни-ку, қўяверинг... Йўқса, тадбир ўтганига уч кун бўляпти.

Кутилмаган ҳолатми бу?

Йўқ, шундай бўлиши табиийдай эди, нега десангиз, идоралараро йиғилишда иштирок этган журналистлар мўл-кўл маълумотларга эга бўлдики, уларни уч-тўртта ахборот ёки бир-иккита мақолага сиғдириш қийин. Кутилганмаган ҳолат бошқа: илгари тор доирада гапирилиб, ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилинадиган коррупциядай оғриқли масала энди очиқ-ойдин гапирилиб, шунга доир йиғилишларга оммавий ахборот воситалари ходимлари таклиф этилмоқда ҳатто. Буни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев «...юрт тараққиётига ғов бўлаётган, ислоҳотларга соя ташлаётган омиллар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, қолаверса, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш», дея изоҳлади.

Ҳақ гап. Чунки, коррупция – бир-иккита идора шуғулланадиган масала эмас, жамоатчиликнинг фаол иштирокисиз кутилган натижага эришиб бўлмаслигини аччиқ тажрибалар кўрсатиб турибди.

2

Идоралараро йиғилишда ақлни шоширгулик факт ва рақамлар тилга олингани жамиятда коррупция иллати маддалаб кетганини яна бир бор тасдиқлади. Шу баробарида ўша «ақлни шоширгулик факт-рақамлар» айни иллатга қарши жиддий курашишга кирилганини ҳам англатади. Халқаро рейтингларда Ўзбекистон мавқеи кўтарилиб бораётгани бунга яна битта далил.

Тан олиш керак, коррупция бир зарбда мавҳ этиладиган иллат эмас. Бу бало забт этмаган соҳанинг ўзи қолмади, ахир?! Беш-ўнта порахўр амалдорни қамаш муаммога ечим бўлмаслиги аниқ. Биттаси кетса, бошқаси пайдо бўлаётгани кимга сир?! Шу боис, иллатга қарши «лўлича муолажа»дан (лўли қавми бадандан озгина қон чиқаришни ҳар қандай касалга даво деб ҳисоблайди) воз кечиб, асосий эътибор коррупцияга шарт-шароит яратаётган омилларни аниқлаб, уларни бартараф этишга қаратилаётир. Давлат хизматчиларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилиб, уларнинг иш ҳақлари сезиларли даражада оширилгани бу борада амалга оширилган ишларнинг биттаси. Зеро, бўш қоп тик турмаслиги нодонга ҳам аён. Шунингдек, бир неча ўнлаб ҳуқуқий ҳужжатлар яхшигина чиғириқдан ўтказилди, улардаги порахўрлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга имкон берувчи нормалар чиқариб ташланди, қатор янги қонунлар қабул қилинди. Жараён изчил давом этмоқда...

3

Асосий эътибор муаммонинг ўзига эмас, илдизига қаратилаётгани учун ҳам Бош прокуратурада бўлиб ўтган тадбир «оқ калтак-қора калтак» шаклида ўтмади. Мамлакат бош қонун посбони бир қанча соҳаларда аниқланган жиноятларни ўртага ташлар экан, уларга мутасаддилардан босиқлик билан изоҳ сўради. Масалан, молия вазирлиги тизимидаги аҳвол йиғлагулик.ьЯъниким, Давлат молиявий назорат департаменти дейсизми, Ғазначилик ёки Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасини оласизми – «бир» деганда жиноят аниқланмоқда. Ҳаммаси давлат бюждетини ўмариш билан боғлиқ. Вазият шу даражага етганки, жойларда айрим мансабдорлар «йўлини қилиб» бюджетнинг млрд.ларини туя қилишган бўлса, айримлари юзлаб вафот этган (!) фуқаролар номига пенсия расмийлаштирилиб, миллион-миллионларни еворишган?!

4

Нафақат молия вазири, изоҳ сўралган бошқа мутасаддиларнинг аксарияти ялонғоч қўлга тутқич бермасликка ҳаракат қилганини алоҳида таъкидлаш керак. Коррупцияга қарши ундоқ қиляпмиз-мундоқ қиляпмиз, дея қуруқ оғиз кўпиртириш билан иллатнинг олдини олиб бўлмайди. Аксинча, у баттар кучайиши мумкин. Изоҳлардан кўнгли тўлмаган Бош прокурор гапнинг дангалини ўзи айтиб қўяқолди: кўпгина вазирликларда ижро ҳам ўзида, назорат ҳам. Ҳар бир тизим фаолиятида шаффофликни таъминлаб, юридик хизмат ва ички идоравий назоратни кучайтирмас экан, олдинга силжиш бўлмайди. Назорат эса алоҳида – мустақил бўлиши керак. Масалан, давлат молиявий назорат департаменти бевосита молия вазирлигининг ўзига бўйсунади. Мазкур департамент фаолиятида ҳам коррупция кучайган. Бюджет маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноятларнинг аксариятини департамент эмас, прокуратура фош этганининг ўзи кўп нарсани айтиб турибди, ахир?! Кейинги икки йилда молия органларининг 41 нафар ходими коррупция жиноятлари учун жавобгарликка тортилгани «булоқ боши»да ўтирганларнинг кўпи ундан «қониб-қониб ичишга» ҳаракат қилганини яққол кўрсатмаяптими?!

5

Тадбирдаги муҳокама жараёнида айрим соҳалардаги коррупцион ҳолатлар ташқи таъсирлардан юзага келаётгани ҳам очилиб қолди. Мана, Маданият вазирлигининг собиқ бош ҳисобчиси. У ва собиқ ишлар бошқармаси бошлиғи жиноий схемалар орқали умумий ҳисобда 15 млрд. сўмга яқин маблағларни ўмаргани аниқланган. Вазирликка муқаддам ўғрилик ва талон-торожлик жиноятлари учун судланиб, 7 йилга «кесилган» шахснинг бош ҳисобчи вазифасига келиб қолишининг (2019 йил, февраль) ўзи катта савол туғдиради. Ҳисобчи лавозимига тайинланганида Ўзбекистон халқ артисти, машҳур ҳофиз Озодбек Назарбеков вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган, барча талон-торожликлар айнан унинг (вазир этиб тайинланганидан сўнг) Бош прокуратурага мурожаатидан сўнг фош этилгани йиғилишнинг ўзидаёқ ойдинлашди...

Бундан шундай хулоса келиб чиқади: тор-у танбурдан бошқасини энди-энди ўрганиб келаётган ҳофиз-амалдорнинг ҳолатидан кимдир усталик билан фойдаланган кўринади.

Савол: ким ўшалар?

Бу саволга тергов жараёнида жавоб топилса, ажабмас...

6

Яна бир мисол. Пойтахтлик «супер-бозорқўм»нинг фаолияти унча-мунча ақлга сиғмайди. У муқаддам савдо ва бозор соҳаларида ишлаб, бир неча маротаба судланган. 2016 йилда айнан «Сергели деҳқон бозори»га директорлик қилган пайтидаги суиистеъмолчиликлари ва талон-торожликлар учун жиноий жазога тортилади. Шунга қарамай, 2019 йил февраль ойида яна «Сергели деҳқон бозори» директорлигига тайинланади. Орадан икки ой ўтиб, «Янгиобод ихтисослашган бозори» раҳбарлигига муносиб кўрилади (судлар унга қандай жазо тайинлагани алоҳида мавзу).

Бу бозорда ҳам «эски ҳунари»ни давом эттириши натижасида қисқа муддатда 2,7 млрд. сўмлик тушум пулларини ўмарганидан ташқари 124 та ноқонуний қурилмалар қурдирганлиги аниқланган. Бундай талон-торожлик оқибатида бозор қандай ҳолатга келиб қолганини тасаввур қилаверинг. Бу ҳали ҳаммаси эмас: у «Сергели деҳқон бозори», «Фарҳод деҳқон бозори», «Авиасозлар деҳқон бозори»га ўзига яқин шахсларни лавозимга ўтказишга эришиб, уларга ҳам ўзи норасмий раҳбарлик қилиб келган...

Унинг бундай «уддабуронлиги» қуввати нимага ва кимларга бориб тақалади?

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг бозорлар фаолиятига масъул шахс мазкур саволга жавоб беролмай шошди. Вазиятдан чиқиш учун берилган савол қолиб, бошқа масалалар ҳақида гапиришга тушаркан, ўзи билмаган ҳолда яна битта «сир»ни очиб қўйди. Унинг алоҳида таъкидлашича, лавозимга тайинланишидан аввал пойтахт бозорларидаги автотураргоҳлардан ойига 8 млрд. сўм тушум тушаркан, унинг саъй-ҳаракатлари билан бу миқдор бугунги кунда 22 млрд. сўмга етибди: фарқ 14 млрд. сўм (22 - 8=14). Хўп, яхши. Савол: ҳар ой «стоянка»лардан тушган шу-унча пуллар қаерга ёки ким(лар)нинг киссасига кетган?

7

Йиғилишда банк тизими ҳам коррупция урчиган соҳа сифатида алоҳида тилга олинди. Маблағларни талон-торож қилиш, банк хизматларини кўрсатиш, айниқса, кредит ажратишдаги суиистеъмолчилик ҳолатлари танқид остига олинди. Ўтган икки йилда банкларнинг 166 нафар мансабдор шахслари коррупциявий жиноятлари учун жавобгарликка тортилганининг ўзи тизимдаги аҳволни айтиб турибди.

Халқ банки ва Микрокредитбанк бошқарув раиси лавозимларида ишлаган М. Э.нинг кирдикорларини-ку тасаввурга сиғдириш қийин. Унинг раҳнамолигидаги жиноий гуруҳ (улар орасида муқаддам қатор жиноятларни содир этиб, ҳозирда АҚШга қочиб кетгани бор) 2019 йилнинг сўнгги 9 ойида қарийб 732 млрд. сўмни қонунга хилоф тарзда нақдлаштириб, 7 млрд. сўмга яқин бюджет маблағини талон-торож қилган. Бундан ташқари турли пластик карталарга молиявий ёрдам кўринишида ўтказилган 215 млрд. сўм 22,5 млн. нақд долларга айлантирилиб, хорижга олиб чиқиб кетилган. Нима дейсизки, М. Э.нинг ноқонуний ишлари кучайгани сари лавозими ҳам кўтарилиб бораверган: Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосарлигидан Халқ банки раислигига ўтказилган, сўнг Микрокредитбанк раҳбари этиб тайинланган...

8

Коррупция ҳақида гап кетганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ёдга олмасликнинг иложи йўқ. Кейинги тўрт йилда тизимнинг озмунча «дарғалари» жиноий жавобгарликка тортилмадими?!

Ўтган икки йилдаги «кўрсатгич»лар эса мазкур соҳаларда «тозалаш» ишлари ҳамон давом этаётганини кўрсатади. Зотан, бу даврда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 318 нафар ходими «соққа қилиш» орқасидан панжара ортига равона бўлгани айтилди.

«Ёрқин» мисол тариқасида «Арк булоқ» божхона пости собиқ бошлиғи Ж. бошчилигидаги жиноий гуруҳ «фаолияти» кетирилди. Айтилишича, божхона ходимларидан иборат мазкур жиноий гуруҳ пора эвазига турли субъектлар томонидан импорт қилинган товарлар қийматини пасайтириб кўрсатиб, давлат манфаатларига қарийб 9 млрд. сўм зарар етказган. Тергов жараёнида Ж.нинг уйида ўтказилган тинтувда, пора сифатида олинган 311 минг доллар нақд пул топилган (Бўстонлиқ туманидаги 8 сотихли дала ҳовли, «Тошкент сити» мажмуасиги 2 та хонадон ва 1 та нотурар жой ҳамда «Каптива» автомашинаси бу ҳисобга кирмайди).

Савол туғиладики, Ўзбекистонда «Арк булоқ»қа ўхшаш божхона пости битта эмас, бошқаларида ҳаммаси-ҳаммаси жой-жойидамикан? Бунга «ҳа» дея баралла жавоб бериш эҳтимоли паст бўлса керак.

9

Олий таълим, қурилиш, йўлсозлик, қишлоқ ва сув хўжаликлари соҳаси, айниқса, ҳокимлик идораларидаги «олди-берди»лар хусусида ҳам кўп ва хўб тўхталинди. Қайси тизим тилга олинган бўлса, юқорида айтилганидек, ўша соҳа раҳбарларига мавжуд ҳолатлар бўйича сўроқ-саволга тутилди. Анчадан буён тизимга раҳбарлик қилиб келаётганлари мужмал изоҳлар билан чекланган бўлса, янгилар «қарс-қарс» жавоб берди, ҳатто асосли таклифларни ўртага ташлаганлари ҳам бўлди.

Берилган саволларга гўёки аниқ жавоб тополмаган мутасаддилар эгаллаб турган лавозимига лойиқ-нолойиқлиги масаласини кўндаланг қўйса, гапнинг «ичагини суғурволган»ларнинг профессионал лаёқати ва профессионал ҳалоллиги таскин вазифасини ўтайди.

10

Яширишнинг ҳожати йўқ – оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган бундай йиғилишда барча «карталар» тўлиқ очиб ташланмайди. Шундан келиб чиқилса, журналистларга маълум қилинган мўл-кўл маълумотлар «хамир учидан патир» бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Бироқ шунисиям мамлакатдаги коррупция ҳақида керагидан кўпроқ тасаввур ҳосил қилишга етиб ортади.

Муҳими – глобал муаммога қарши курашишда кенг жамоатчилик, хусусан, журналист ва блогерларнинг янада фаол бўлишга даъват этилаётганда. Уларнинг фаолияти эътиборга олинаётганида. Бош прокурор салкам уч соат давом этган идоралараро йиғилишдан кейин оммавий ахборот воситалари ходимлари учун махсус брифинг ўтказгани бежиз эмас. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муҳитни шакллантириш лозимлиги, бу сиз амалга оширилаётган ишларда катта бўшлиқ пайдо бўлишини такрор таъкид этиб, давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифасини бажарвучи журналист ва блогерларни янада фаол бўлишга чақирди. Саволларига эса батафсил жавоб берди.

Бош прокуратура мутасаддилари журналистлар билан мулоқотдан қочмайди, тўғри. Бироқ масъулият залворими ёки ортиқча эҳтиёткорликми, хуллас, «чизиқ»дан четга чиқишолмайди, шу маънода тизимнинг биринчи раҳбари билан ўтказиладиган брифинглар бошқача кечади барибир. Шундан келиб чиқиб, брифинг ниҳоясида Бош прокурорга ҳар ойда бўлмасаям, ҳар чоракда журналист ва блогерлар билан шундай учрашиб туришга тобингиз қандай, мазмунидаги савол берилди.

Жавоб андоқ бўлди: «Гап бўлиши мумкинмас».

Фикрлар

Яндекс.Метрика