No icon

Фермер хўжалигига ҳужум қилган беш киши қўлга олинди

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани “Шодмалик” маҳалла фуқаролар йиғигни ҳудудида жойлашган фермер хўжалигига ҳужум қилган беш киши қўлга олинди.

Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаментининг билдиришича, 25 декабрь куни соат 20:30 ларда муқаддам судланган 30 ёшли Абдухамид Ф., 26 ёшли Сагдулла А., Шохрух Ф. ҳамда 25 ёшли Хасан С., ва “Даврон” исмли шахслар олдиндан тил бириктириб, фермер хўжалигига ҳужум уюштирган.

Улар фермер хўжалиги ҳудудига бостириб киришган ҳамда 9 нафар ишчига ёғоч таёқлар билан турли даражадаги тан жароҳатларини етказишган.

Шундан сўнг улар ишчиларга ўлдириш билан таҳдид қилишган ва икки дона нархи 120 минг сўмлик “МАХVI” қўл телефони, 145 минг сўмлик куртка, 150 минг сўмлик “FLY” қўл телефони, 40 минг сўмлик “Nokia 1110” телефони ҳамда 180 минг сўмлик “INOI” уяли телефонини тортиб олиб, воқеа жойидан қочишган.

Фермер хўжалик ишчилари эса турли тан жароҳатлари билан Оҳангарон туман марказий касалхонасига мурожаат қилишган.

Қўлга олинганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Уларнинг ҳар бирига айблов эълон қилиниб, “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика