No icon

Ҳали туғилмаган фарзандини 50 млн сўмга баҳолаб, пулнинг ярмини олдиндан олаётган аёл ушланди

Бухоро шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчи жиззахлик аёл ҳали туғилмаган фарзандини 50 миллион сўмга баҳолаб, пулнинг ярмини олдиндан олаётган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё»га «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот маркази вилоят бўлими матбуот котиби Ҳуррият Аслонова хабар берди.

Таъкидланишича, 1998 йил Жиззах вилоятида туғилган ва айни пайтда Бухоро шаҳридаги Пиридастгир кўчасида ижарада яшаб келган фуқаро Р.М. Бухоро шаҳрида яшовчи фуқаро С.А.га қорнида беш ойлик ҳомиласи борлигини ҳамда уни соғлом ҳолда туғиб беришини билдирган. Бунинг эвазига С.А.дан 50 миллион сўм сўраган ва олдиндан тўлов сифатида пулнинг 25 миллион сўмини беришини талаб қилган.

С.А. ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига мурожаат қилган. Мурожаат асосида Р.М.нинг ноқонуний фаолиятига чек қўйиш мақсадида тезкор тадбир ўтказишга киришилган ҳамда фуқаро С.А.га кимёвий ишлов берилган 20 миллион сўм ва 500 доллар таклиф қилинган. 2021 йилнинг 6 январь куни Бухоро шаҳрида жойлашган ресторанлардан бирида Р.М. ушбу пулларни олаётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.

Натижада Р.М. ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра, жиноий мақсадини охирига етказа олмаган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан фуқаро Р.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фикрлар

Яндекс.Метрика