No icon

XXI аср эпидемияси — ижтимоий тармоқларга қарамликдан сақланинг!

Бугун инсоният ижтимоий тармоқларсиз салкам яшолмайдиган даражага етди. Жамиятда фаол одам бу виртуал оламда камида учта тармоқни кузатади: Телеграм, Фейсбук, Инстаграм. Яна тиббиётчилар, дастурчилар, вебмастерлар, ҳуқуқшунослар, маориф ходимлари учун алоҳида тор доирадаги ижтимоий тармоқлар ҳам мавжуд.

Уларга зарурат борми?

Ижтимоий тармоқлар қуйидаги ҳоллардагина турмушимизга ижобий таъсир кўрсатади:

  • бизнинг ахборот, тажриба алмашишимизга, юзлаб километр масофадаги дўстлар, маслакдошлар билан алоқада бўлишимизга ҳамда улар ҳаётида кузатилаётган воқеа-ҳодисалардан хабардор юришимизга ёрдам беради;
  • улар янги бўш иш ўринлари ҳақида тезроқ маълумот олишимизни таъминлайди;
  • ижтимоий тармоқлар шарофати билан кўп одамлар янги дўстлар орттиришади, айримлари эса — жуфтини топишади;
  • улар саёҳат қилиш, транспорт ва жой топиш харажатларини тежашга кўмаклашади;
  • Кўплаб истеъдодларнинг танилишига, куч олишига, мутлақо бегона кишилар эътирофига сазовор бўлишига ёрдам беради;
  • кимлар учундир телеграм, фейсбук, инстаграм даромад манбаига айланган, улар эҳтиёжмандларга даволаниш учун пул тўплаш учун ҳам қулай;
  • ҳозирги кунда ижтимоий тармоқларнинг ҳуқуқ тартибот органлари ходимларига ҳам ёрдами тегяпти.

Бундай хизматлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ унинг жуда катта салбий томони ҳам бор бу — ижтимоий тармоқларга қарамлик муаммоси.

Нимаси билан бунчалик ўзига жалб қилади?

Ижтимоий тармоқлар вазифалари устида ишлаётган кишилар уларни кундан-кунга яхшироқ, қизиқарлироқ, ранг-баранг қилишга уринмоқда: кирган одам иложи борича кўпроқ вақтини ўтказсин, пул сарфласин, нимадир харид қилсин ва ҳоказо.

Ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиш анча осон, одам ўз қиёфасига эга бўлмайди. Негаки нафақат ўз исми, балки ўйлаб топилган тахаллуси билан ҳам рўйхатдан ўтиши, фотосурат ўрнига аватар (расм) ёки бегонанинг суратини жойлаши мумкин. Хоҳлаган нарсасини ёзади, ҳақорат қилишдан ҳам тоймайди, чунки кўп ҳолларда айтган гапи учун жавоб беришига тўғри келмайди!

Айримлар ижтимоий тармоқларга фақат зарур ахборот олиш, мулоқот қилиш, ўзини кўрсатиш манбаи сифатида қарашмайди. Улар кириши ва профиллар бўйлаб тентираб юриши, таниш-нотанишларни дўстлар сафига киритиши, музокараларда қатнашиб, статуслар, янгиликларни ўқиши, фотосуратларни томоша қилиши, ўйинлар ўйнаши мумкин. Тўғри, одамлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашадиган, муҳим саволларига жавоб олишига кўмаклашадиган музокаралар кўп. Лекин тутуруқсиз мулоқотлар ҳам йўқ эмас: қисқа шарҳлар, смайликлар, гоҳида одобсизликлар шулар жумласидан.

Ижтимоий тармоқларга қарамлик интернетга қарамлик аломатларидан биридир. Интернетга қарамлик феноменини тадқиқотчилар бир неча марта тавсифлаб беришди. Бунда олимлар ижтимоий тармоқларга қарамликни алоҳида гуруҳга киритишади — «кибер-муносабатлар»га қарамлик: чатда, телеконференцияларда алоқада бўлиш, охир-оқибат, ҳақиқийлари ўрнига виртуаль дўст ва оилаларни алмаштиришигача олиб келиши мумкин.

Тадқиқотчилар таъкидлашича, қидирув, мулоқот, виртуаль флирт, шунингдек, эски танишлар, собиқ курсдош ва синфдошлари ҳаётидаги фотосуратларни томоша қилишга сарфланган вақт кўп ҳолларда ходимларнинг иш вазифаларини бажаришга кетадиган муддатдан ошиб кетади. Оқибатда айрим ташкилотлар ходимларига иш пайтида ижтимоий тармоқларга киришни тақиқлаб қўйишади. Лекин уйда бундай мулоқотга ким ҳам халақит қиларди дейсиз?! Шу боис муаммо бутунлай бартараф этилмайди.

Қарамлик сездирмасдан юз беради

Бундай қарамлик дарров ривожланмайди. Гиёҳванд моддани бир, икки, уч марта синаб кўрдингизми — тамом, у сизни ўз домига тортаверади. Ижтимоий тармоқларга қарамлик эса ойлаб, гоҳида йиллаб шаклланиши мумкин. Дастлаб одам кунига бир марта ўз аккаунтига киради, бир ҳафтадан сўнг — кунига бир марта кира бошлайди, қарабсизки, бир неча ойдан сўнг асосий ишини йиғиштириб қўйиб, соатига бир неча марталаб ўз саҳифасини янгилашга ўтади.

Иши бевосита компьютер билан боғлиқ кишилар ҳатто иш жойида ҳам ижтимоий тармоқларда ўз профилидан чиқмайди (албатта, раҳбарият бунга рухсат берса бўлгани).

5 йил кўрмаган танишимизнинг телефон рақами бўла туриб, унга қўнғироқ қилиш ўрнига 100 та фотосуратини томоша қилишнинг бизга нима кераги бор? Эҳтимол, бу вақтни чет тилини ўрганиш, ота-она, турмуш ўртоқ ёки фарзандлар билан суҳбатлашишга сарфлаганимиз яхшироқдир? Ёки тўйгунча ухласак-чи (негаки ижтимоий тармоқларни деб уйқусидан ҳам воз кечадиганлар йўқ эмас орамизда). Ижтимоий тармоқлар фойдали ишга сарфлашимиз мумкин бўлган ниҳоятда кўп вақтимизни ҳавога совуради.

 

Ижтимоий тармоқларда ким «ўтиради» ўзи?

Назарий жиҳатдан, уларни учта асосий гуруҳга ажратиш мумкин:

  1. Мустақил одамлар. Мазкур гуруҳ вакиллари ижтимоий тармоқларда жуда кам — кунига, ҳафтасига ёки ҳатто ойига бир марта пайдо бўлишади. Бунда улар саҳифаларда ўзи ҳақида унчалик кўп маълумот қолдиришмайди, баъзида умуман яширишади. Улар тармоққа фақат зарурат туғилгандагина — кимнингдир манзили ёки телефонини излаш, муҳим хабарга жавоб бериш учун киришади. Агар ўз саҳифасига киришга ҳожат бўлмаса, унга кириб ўтирмасди;
  2. Ўтиш давридаги кимсалар. «Юзерлар»нинг мазкур гуруҳи ўз аккаунтларига тез-тез — кунига бир мартадан ортиқ кириб туришади. Бунда уларга аниқ сабабнинг кераги йўқ — шунчаки гуруҳлар ёки дўстлари саҳифаларини «варақлаш» хоҳиши: шу тариқа зерикишни йўқотади. Ўтиш босқичида одамлар одатда тахминан икки-уч ойлаб «туришади», кейин учинчи типга «сакраб ўтишади». Камдан-кам ҳолларда ушбу босқичдан «мустақил» босқичга қайтилади;
  3. Тобе кишилар. Афсуски, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг мазкур типи энг кенг тарқалган. Бундай кишилар ҳар 10 — 20 дақиқада ўз саҳифаларини янгилаб туришни унутмайди — ахир кимдир ёзиб қолиши мумкин-да! Юзага келган «ҳеч нарса ҳақидаги» ёзишма бир соатгача чўзилиши ва «хўжайин»ни реалликдан буткул айириши мумкин. Мабодо хабар бўлмаса, ўзини кераксиздек ҳис қила бошлайди — бу нимаси, ҳеч ким менга ёзмаяпти! Бу тип вакиллари ижтимоий таршмоқларда кунига камида 6 — 8 соат ўтиради ва умрини «онлайн» ҳолатда ўтказади. Унинг ёқтирган тармоқларисиз бир ёки икки кун яшаши ниҳоятда мушкул.

Кўпинча ёлғиз кишилар ижтимоий тармоқларга қарам бўлиб қолишади — улар шу тариқа ўзларига «суррогат» мулоқотни ҳосил қилишади. Лекин аксар ҳолларда бу ёлғизлик сохта ва ўйлаб топилган бўлади — яъни одам жисман жамиятда яшайди, аммо аслида атрофдагилари билан мулоқот қилмайди. Ижтимоий тармоқларга қуйидаги тоифадагилар тез-тез меҳмон бўлиб туришади: воқеа-ҳодисаларга бой кишилар; тенгдошлари билан муомала қилолмайдиган ўсмирлар; ёш оналар — «гўдак уйқуда маҳал»; шунингдек, ўта киришимли одамлар. Вақт ўтиши билан мияда реаль ва виртуаль олам ўртасидаги чегара йўқолади ва одам дўстининг туғилган кунида гул ва торт билан смайликлар жўнатиш ўрнига шунчаки меҳмонга бориш мумкинлиги тўғрисида унутади. Виртуаль мулоқот қарамлар учун ягона алоқа воситасига айланади ва уларни ёқтирган машғулотидан интернет йўқлиги каби фавқулодда ҳолатгина айириши мумкин. Негаки улар атрофида қизиқарли, жонли, ҳақиқий ҳаёт борлигини унутишади! Қолаверса, қарам кишилар уни пайқамай қўйишади.

Агар сиз яқин одам ижтимоий тармоқларда яшай бошлаганини, виртуаль ва чинакам дўстларини адаштириб қўйганини сезсангиз, сергак тортинг! Чунки ҳақиқий ҳаётдан йироқлашиш кейинчалик янада чуқурлашади. Айрим маълумотларга кўра, ижтимоий тармоқлар туфайли ҳар бешинчи-олтинчи оила барбод бўлмоқда. Ахир бу даҳшатли рақамлар эмасми? Баъзида ажрашувларга эр-хотиндан бири интернетга оиласидан кўра кўпроқ вақтини ажратиши сабаб бўлади. Ёки турмуш ўртоқлардан бири ижтимоий тармоқларда ноз-карашма қила бошлайди. Жуфтининг бошқа бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси билан ишқий ёзишмаларини кўриш ҳеч кимга ёқмаса керак. Шу тариқа ёлғизлик ҳам уйдирмадан ҳақиқатга айланади.

Ижтимоий тармоқлардан ёлғиз «қутулиш» жуда мушкул. Номидан ҳам билиниб турибди — тармоқ! Уларда эришса бўладигандек кўринган имкониятлар ва қизиқарли нарсалар ҳаддан ташқари кўп. Шу боис, «жабрланувчи»нинг яқинлари қанча эрта ҳаракатни бошлашса, уни ҳаққоний ҳаётга тез ва самарали қайтариш эҳтимоли шунча юқори бўлади. Кўпинча тажрибали психологлар кўмагисиз буни уддалаш қийин.

Қарамликдан қандай қутулиш мумкин?

Камдан-кам одамларгина ушбу ҳалокатли қизиқишдан осон ва безиён қутулиши мумкин. Фақат кучли иродаси билан мақтана оладиган, яқинларига, орзусига эришиш, мустақил билим олишга сарфлайдиган вақтини беҳуда кетказаётганини тушунадиганларгина бунга муваффақ бўладилар.

Бироқ ўз ҳаётингизни ўзгартиришга қатъий аҳд қилган бўлсангиз, ижтимоий тармоқлардаги вақтингизни олдиндан тартибга солишга ҳаракат қилинг, ўз саҳифангизга шунчаки кирманг. Бажаришингиз зарур бўлган иш рўйхатини тузиб чиқинг. Ҳамма ишларни бажариб бўлгандан кейингина «бонус» сифатида ёқтирган ижтимоий тармоғингизга киришингиз мумкин.

Яна бир амалий усул — виртуаль эмас, реал оламда дўстлар билан мулоқот қилиш. Биргаликда саёҳатларга отланиш, табиат қўйнига чиқиш ёки қаҳвахоналарда (фақат у ерда бепул вай-фай тармоғи бўлмасин) ўтиришни келишиб олиш мумкин. Бу вақтни айнан ҳордиқ, дўстлар билан мулоқот, телефонда гаплашиш учун сарфлашга ҳаракат қилинг!

Манба: xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика