No icon

Энди йирик солиқ тўловчилар билан махсус инспекция иш олиб боради

Ҳозирги кунда Ўзбекистондаги йирик корхоналарнинг солиқ маъмурчилиги туман солиқ инспекциялари томонидан амалга оширилмоқда. Бу солиқ назоратини тўлақонли олиб бориш имконини бермайди. 

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, йирик солиқ тўловчиларнинг мураккаб тузилмаси, улар томонидан амалга оширилаётган хўжалик операциялари, пул маблағларининг улкан оқими ҳамда фирмалар ва ташкилотлар билан шериклик муносабатлари мавжудлиги уларга турли солиқ схемаларини қўллаш имконини бермоқда.

Солиқ қонунчилигидаги ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш мақсадида мамлакатимиздаги йирик солиқ тўловчилар томонидан Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси ташкил этилади. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунда меъёрий-ҳуқуқий базани ишлаб чиқиш ишлари якунланди, йирик солиқ тўловчиларни саралаб олиш мезонлари белгиланди ҳамда мамлакатимиз бюджетига умумий солиқ тўловлари ҳажмининг қарийб 60 фоизини таъминлаш имконини берувчи мамлакатимиздаги 550 дан ортиқ корхоналар рўйхати шакллантирилди. 

Қўмита биносида реконструкция қилиш ва иш ўринларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилди. Жорий йилнинг августидан бошлаб янги солиқ органи синов режимида фаолият юритади ва Тошкентдаги йирик корхоналарни қамраб олади. Октябрь ойидан бошлаб унинг фаолиятига республикамизнинг бошқа ҳудудларидаги корхоналар ҳам киритилади.

Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси энг илғор технологиялар ва соҳадаги барча сўнгги янгиликлар жорий этилган замонавий намунали инспекция бўлади. Унинг ташкил этилиши билан бизнес вакиллари янада сифатли сервис хизматлари ва ўз вақтида тақдим этиладиган профессионал маслаҳатлардан фойдаланиш имконига эга бўладилар. Бу, ўз навбатида, бизнес юритиш, солиқ мажбуриятларини бажаришга ижобий таъсир кўрсатади.

Табиийки, янги инспекциянинг тўлақонли ва сифатли фаолият юритиши учун юксак малакали кадрлар зарур. Ушбу инспекция учун солиқ органлари ходимлари, йирик корхоналарда тажриба орттирган ва бизнес соҳасига доир мукаммал билимларга эга экспертлар орасидан 116 нафар мутахассис танлаб олинади.

Фикрлар

Яндекс.Метрика