No icon

Ташқи қарзи катта миқдорда бўлаган давлатларни биласизми? Бизники қанча?

Бугунги глобализация тўлиқ ғалаба қозониб бўлган даврда дунё мамлакатлари ўзаро савдо-сотиқ ва иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида албатта бир-бирлари билан қарз олди-берди қилади. Бу қарзлар таркибига умумий ҳисобда давлатларнинг ўзлари тўғридан тўғри олган қарзлар ҳам, инвестиция сифатида киритилган маблағлар ҳам киради.

Дунё мамлакатларининг қарзларига эътибор қилинса, аксарият ривожланган давлатлар энг қарздор давлатлар рўйхатига киради. Яна шуниси ҳам борки, улар бир-биридан кўпроқ қарз бўлган. Масалан, АҚШнинг энг йирик ташқи қарзи Япониядан, Япониянинг энг йирик ташқи қарзи АҚШдан. Бу шуни англатадики, дунёнинг ривожланган давлатлари ўртасида ишонч кучли ва улар бир-бирларига қарз бериб, бир-бирларининг иқтисодиётига сармоя киритиб ишлаб кетаверган.

Фото: «Gazeta.uz»

Қуйида энг йирик қарздор давлатлар ўнталиги, ташқи қарзи ЯИМ ҳажмига нисбатан энг катта бўлган давлатлар ўнталиги, ташқи қарзи аҳоли жон бошига тақсим қилинганда энг катта сумма чиққан давлатлар ўнталиги ҳамда қарзи энг кам давлатлар ўнталиги ҳақида маълумот берамиз.

Ташқи қарзи энг катта давлатлар

Рўйхатдан ҳам маълум, ташқи қарзи энг катта давлатлар асосан дунёнинг иқтисодий ривожланган давлатларидир:

10. Италия – 2 триллион 444 миллиард;

9. Ирландия – 2 триллион 470 миллиард;

8. Япония – 3 триллион 240 миллиард;

7. Люксембург – 3 триллион 781 миллиард;

6. Нидерландия – 4 триллион 063 миллиард;

5. Германия – 5 триллион 326 миллиард;

4. Франция – 5 триллион 360 миллиард;

3. Буюк Британия – 8 триллион 126 миллиард;

2. АҚШ – 17 триллион 910 миллиард;

1. Европа Иттифоқи – 29 триллион 270 миллиард.

Ташқи қарзи ЯИМ ҳажмига нисбатан баланд давлатлар

Ташки қарзи ЯИМ ҳажмига кўра фоизларда энг баланд давлатлар ўнталигада эса иқтисодий ривожланган давлатлар ҳам, иқтисодий ривожланаётган давлатлар ҳам бор. Ҳатто иқтисодий қолоқ давлатлар ҳам топилади.

10. Барбадос – 106,58 фоиз;

9. АҚШ – 107,48 фоиз;

8. Ямайка – 116,07 фоиз;

7. Бутан – 122,12 фоиз;

6. Кабо-Верде – 122,25 фоиз;

5. Португалия – 127,33 фоиз;

4. Эритрея – 127,5 фоиз;

3. Италия – 131,71 фоиз;

2. Ливан – 147,62 фоиз;

1. Япония – 250,91 фоиз.

Ташқи қарзи жон бошига ҳисоблаганда энг баланд давлатлар

Фото: Google Photos

Энди дунё мамлакатлари орасидаги ташқи қарзи аҳоли жон бошига ҳисоблаганда энг катта бўлган мамлакатлар ўнталиги билан танишамиз. Уларнинг аксарияти дунёнинг энг иқтисодий ривожланган давлатлари сирасига киради.

10. Португалия – 44 819 доллар;

9. Греция – 49 630 доллар;

8. Австрия – 49 975 доллар;

7. Франция – 51 768 доллар;

6. Буюк Британия – 52 816 доллар;

5. Бельгия – 58 680 доллар;

4. Италия – 59 372 доллар;

3. АҚШ – 61 539 доллар;

2. Ирландия – 62 687 доллар;

1. Япония – 90 345 доллар.

Ташқи қарзи йўқ ёки кам давлатлар

10. Озарбайжон – 6,059 миллиард доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 8,2 фоиз;

9. Гаити – 428 миллион доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 7 фоиз;

8. Фижи – 127 миллион доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 5 фоиз;

7. Нигерия – 15,730 миллион доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 5 фоиз;

6. Эрон – 15,640 миллион доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 4 фоиз;

5. Жазоир – 3,389 миллион доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 2 фоиз;

4. Экваториал Гвинея – 174 миллион доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 1 фоиз;

3. Палау Республикаси – 0 доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 0 фоиз;

2. Макао – 0 доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 0 фоиз;

1. Бруней – 0 доллар, ЯИМ ҳажмига нисбатан 0 фоиз.

* * *

Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 2019 йил 1 январь ҳолатига кўра 17,3 миллиард долларни ташкил этади.

Ўзбекистон ташқи қарзининг умумий ҳажми 2018 йил бошидан 9,5 фоизга ёки 1,5 миллиард долларга ошган ҳолда 17,3 миллиард долларни ташкил этди. Бу ҳақда Марказий банк ҳисоботида сўз боради.

Ўзбекистоннинг ташқи қарзида хусусий сектор ташқи қарз салмоғи 7,2 миллиард доллар ёки 42 фоизни, давлат ташқи қарзи эса 10 миллиард доллар ёки 58 фоизни ташкил этмоқда. Хусусий сектор ташқи қарзи бош компаниялар томонидан тақдим қилинган қарздорликларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ҳукумати кафолатисиз олинган ташқи қарздорликларни ўз ичига олади. Хусусий секторнинг ташқи қарзи бўйича маълумотлар тижорат банклари томонидан тақдим этилади.

Хусусий ташқи қарзда нефт-газ ва энергетика сектори катта улушга эга — 5,3 миллиард доллар ёки 75 фоиз. Ундан кейинги ўринда банк сектори бормоқда — 978,2 миллион доллар ёки 15 фоиз.

2018 йилда давлат секторида қарздорлик 2,5 миллиард долларга ўсган бўлса, хусусий секторда 977,3 миллион долларга камайган. Бунда давлат ташқи қарзи янги қарздорликлар ҳисобига ўсишда давом этган.

Ғайрат ЙЎЛДОШ, daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика