No icon

1 мартдан маҳалла раисларининг ойлиги 1,35 бараварга оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 12 февраль куни маҳалла тизимини такомиллаштириш, маҳаллаларда тинчлик-осойишталикни мустаҳкамлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилгани ва унда Маҳалла ва оила масалалари вазирлигини ташкил этиш таклифи билдирилгани ҳақида хабар берилганди. Йиғилишда маҳалла институтининг иқтисодий-молиявий асосларини кучайтириш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йил 1 мартдан маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ойлик иш ҳақи ўртача 1,35 бараварга оширилиши бегиланди.

Маҳалла ходимлари ҳамда профилактика инспекторлари фаолиятини баҳолашнинг ягона мезони ишлаб чиқилади ва самарадорлик рейтинги жорий қилинади. Барчага ўрнак бўладиган маҳаллалар аниқланиб, муносиб рағбатлантириб борилади.

«Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёшлар – келажагимиз», «Ҳунармандчилик» дастурлари доирасида маҳаллаларга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун арзон кредит маблағлари ажратилади. Бу маблағлар ҳисобига сартарошхона, новвойхона, шунингдек, ҳунармандчилик, тикув, қандолатчилик цехлари, оталар чойхонаси, гузар масканлари ташкил этилади.

Молия вазирлигига маҳаллаларни қўллаб-қувватлашнинг иқтисодий-молиявий асосларини пухта ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Мутасадди вазирлик ва идораларга маҳаллаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, улар фаолиятига замонавий ахборот ва рақамли технологияларни жорий этиш бўйича топшириқлар берилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари эндиликда «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилини амалиётга жорий этиш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва осойишталикни таъминлаш, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, томорқалардан унумли фойдаланиш, ер участкаларини ноқонуний эгаллашнинг олдини олиш, ҳудудни ободонлаштириш каби масалалар билан шуғулланиши таъкидланди.

Фуқаролар йиғинларининг фаолиятига хос бўлмаган 50 дан ортиқ вазифа бекор қилиниши, профилактика инспекторларига юклатилган ортиқча топшириқлар ҳам кескин қисқартирилиши белгиланди.  Маҳалла раисига қўшимча ҳуқуқлар берилиб, мақоми ва обрўси кучайтирилиши қайд этилди.

Мутасаддиларга «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойилига асосланган янги тизимни жорий этиш, маҳаллага ва қадриятларимизга ҳурмат туйғусини шакллантирадиган саҳна асарлари ва бадиий фильмлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича таъсирчан тизимни шакллантириш мақсадида профилактика инспектори кўриб чиқадиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар сонини ошириш зарурлиги таъкидланди.

Ички ишлар вазирлигига профилактика инспекторларига яратилган шароитларни ўрганиб, таянч пунктларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш вазифаси қўйилди. Шу билан бирга, профилактика инспекторлари фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, бу вазифага муносиб ходимларни қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фуқаролар йиғинлари комплексларини қуриш, бўш турган биноларга маҳалла идораларини жойлаштириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди.

Маҳаллаларда аҳиллик ва ўзаро меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, ёш авлодда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик туйғуларини кучайтиришда кексалар тажрибасидан фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Маҳалла ва оила масалалари бўйича олиб борилаётган тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ҳамда амалиётга жорий этиш мақсадида «Оила» ва «Маҳалла зиёси» марказлари негизида «Маҳалла ва оила» илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллалар миллий менталитетимиз кўзгуси эканини, жамият ҳаётида катта ўрин тутишини таъкидлар экан, Наврўз байрамига ҳамоҳанг тарзда 22 март санасини «Маҳалла тизими ходимлари куни» деб эълон қилишни таклиф этди.

Видеоселектор йиғилишида муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддилар ахборот берди, нуронийлар ва фаоллар фикр билдирди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика