No icon

Матбуот(Газета) керак! Матбуот(Босма нашрлар)га эътибор керак!

Ўтган уч йил давомида, босма нашрлар даври ўтди, деган иддаолар жуда кўп бўлди. Ижтимоий тармоқларда, ҳар қандай ахборот тезкор тарзда интернет орқали етказиб берилаётган бугунги кунда матбуот керакми ёки керак эмасми, қабилидаги баҳс-мунозаралар қизигандан қизиди. Бундай мавзуларда мен ҳам кўп баҳслашганман ва доим бир гапни такрорлаганман: Матбуот керак! Аввало, матбуотга эътибор керак!

Ниҳоят, бу масала ҳукумат томонидан жиддий кўриб чиқилишига қарор қилингани кўплаб ҳамкасблар қатори мени ҳам қувонтирди. «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари муассислигидаги даврий босма нашрларни қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари  (regulation.gov.uz) сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди. Лойиҳадан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг газета ва журналлар ходимлари маошларини маҳаллий ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан қоплаш, соф фойдани таҳририят ҳисобида қолдириш, даврий босма нашрлар ходимлари малакасини ошириш, хусусан, газета ва журналлар электрон нашрини юритишда зарур бўлган кўникмаларни шакллантириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш каби бир қатор муҳим вазифалар ўрин олган.

Ҳеч бир нашр эгасиз эмас

Қарорнинг биринчи банди шу дамгача матбуотнинг даври тугаганини башорат қилаётганлар эътибор қаратмаган ёки қаратишни истамаётган жуда муҳим масала билан бошланган: Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз муассислигидаги даврий босма нашрларнинг фаолиятини сифатли ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратсин.

Хўш, нега айнан ушбу масала биринчи ўринга кўтарилди? Гап шундаки, мамлакатимизда чоп этилаётган турли йўналишлардаги газета ва журналлар эгасиз эмас, яъни ҳар бирининг ўз муассиси бор. «Отахон нашрлар» номини олган газеталардан тортиб, прокуратура ва суд, маҳаллий ҳокимлик органлари, турли вазирлик ва қўмиталар, сиёсий партиялару турли уюшмалар, нодавлат-нотижорат ташкилотлар ва ҳоказолар муассислигида ўз соҳавий йўналишларида газета-журналлар узоқ йиллардан бери нашр этилади. Ҳар бирининг ўз тарихи, ўзбек матбуоти ривожига қўшган ҳиссаси бор.

Аммо сўнгги йилларда муассислар ўз нашрларига етарли эътибор бермай қўйгани бор гап. Таъкидлаш керакки, аввало, ҳар бир нашр – муассисининг минбари. Буни муассислар жуда яхши англайдилар ва бу минбардан истаганча фойдаланадилар. Моддий ва маънавий кўмакка келганда эса панжа орасидан қарайдилар. Ўртада ўша нашрда меҳнат қилаётган журналистларга қийин. Газетани ёпай деса муассис рухсат бермайди, ёпмай деса аҳвол танг. Бу гўё фарзанд кўришга кўриб, унинг соғлом улғайиши учун қайғурмасликдек гап. Акси бўлганида, мамлакатимизда салкам ярим миллионлик ўқитувчилар жамоаси бўлгани ҳолда «Ma’rifat» газетаси бор-йўғи 30-40 минг тиражда қолиб кетмаган бўларди. Буни исталган матбуот нашрига қиёслаш мумкин.

Қош қўяман деб...

Президентнинг икки йил олдинги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 3907-қарори билан халқ таълими ходимларини хизмат мажбурияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, мажбурий меҳнатга, касбий фаолиятига дахлсиз йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш билан бир қаторда, уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш ҳам тақиқланди. Шу охирги тақиқни мажбурий обуна керак эмаслиги ҳақида бонг ураётганлар гўё бир ғалаба сифатида кутиб олишди...

Тўғри, бу қарор ўқитувчилар нуфузини ошириш, уларни йиллар давомида оддий ҳолга айланиб қолган мажбурий меҳнатдан озод қилиш йўлидаги дадил қадам эди. Аммо обуна масаласида халқ таълими раҳбарларидан тортиб, директорларгача салла қолиб каллани олишни бошлашди. Ҳа нима, мажбурий обуна йўқ, президент қарори бу! Ўшанда қарордаги айнан «уларнинг босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш» жумласи «уларнинг ўз соҳаларига тааллуқли бўлмаган босма нашрларга мажбуран обуна бўлишини ташкил этиш» тарзида қабул қилинганида яна-да аниқроқ бўларди. Энг ачинарлиси, халқ таълими ходимларигагина тегишли бўлган қарорнинг мажбурий обунага оид ушбу банди бошқа соҳа нашрларига ҳам салбий таъсир кўрсатмай қолмади.

Бу билан мажбурий обунани оқламоқчимасман. Фақат бир нарсани кўп ўйлайман. Ўқитувчилар шунчалик обунага мажбурланган экан, нега «Ma’rifat» газетаси адади юз минглаб бўлиб кетмади? Улар бошқа нашрларга ҳам обуна қилинган десак, уларда ҳам аҳвол шу – адад мақтангулик эмас. Обуна қилинган нашрларнинг вақтида етиб бормаслиги, йиғилган пулларнинг (директор ёки обуна уюштирган корхона томонидан) туя қилиниши... ва ҳоказо салбий иллатларга газетачилар айбдор эмасди.

Обуна ҳақида гапириш тугул, шунчаки бирор нашрни тарғиб қилсангиз ҳам дарров порталга арз қилувчилар кўпайиб кетган пайтлар узоқ қишлоқдаги мактабда бошланғич синф ўқитувчиси бўлган танишим телефон қилиб қолди: «...Йилда «Boshlang‘ich ta’lim» журналига обуна бўлардим. Ҳар ой мактабга олиб келишарди. Ўқувчиларим ота-оналарини йиғиб, фарзандларини «G‘uncha», «Tong yulduzi» нашрларига обуна қилишларини таклиф қилардим. Улар бажонидил рози бўлишарди. Жуда қиммат эмаску. Ҳатто, кам таъминланган оиладан бўлган айрим ўқувчиларим учун ҳам ўзига тўқ ота-оналар пул қўшиб юборарди ва буни ҳеч ким билмасди. Йил давомида бу нашрлардан ўқувчиларим синфдан ташқари ўқишларда фойдаланишарди. Тез ва ифодали ўқиш, мантиқий фикрлашни ўстиришда бу нашрлар фойда берарди... Бу йил директоримиз, ҳеч қандай обунага пул йиғмайман, акс ҳолда ишдан бўшайман, деб тилхат ёздириб олди ҳамма ўқитувчидан. Ҳатто «Ma’rifat»га ҳам ёзилолмадик. Бу газета бизга керакку...»

Аслида, жамиятдаги энг маърифатли қатлам ўқитувчилар бўлиши керак. Газета-журнални, демакки, мутолаани инкор қилган ўқитувчини тушуниб ҳам, оқлаб ҳам бўлмайди. Афсуски, шунга олиб келиб қўйдик. Обуна бўламан, деган педагогни қўллаб-қувватлаш, унга фойдали маслаҳатлар бериш, нашрни кечиктирмай қўлига етказиш чораларини кўриш ўрнига, мажбурий обуна мумкинмас, қабилида «даҳмаза»дан осонгина қутилиб қўяқолдик.

Танқид керак, маърифат ҳам

Матбуотнинг даври ўтди, дегувчилардан яна бир иддао: танқидий мақола бермайдиган нашр кимга керак?! Ва бу кескин фикр айнан матбуот учун масъул, уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга жавобгар шахслар томонидан айтилаётгани анча ғалати. Тушунса бўлади, ёрдам бериш учун жон койитиш керак, ҳукуматга керакли тавсиялар тақдим қилиш лозим. Ундан кўра йўқ қилиб қўяқолиш анча осонда...

Майли, танқидга келсак. Нега энди ҳар бир нашрдан танқидий чиқишлар кутишимиз керак? Юқорида санаганим ҳар бир йўналишдаги нашрнинг ўз низоми бор. Ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, илмий-оммабоп, кўнгилочар ва қайсидир соҳага ихтисослашган газета-журналлар материалларга ўша низомлардан келиб чиқиб ёндашади.

Масалан, «Ma’rifat» халқ таълимидаги ўзгаришлар, янгиликларни таҳлилий тарзда ўқитувчиларга етказиш, илғор педагогик технологияларни оммалаштириш каби вазифаларни мақсад қилган. Халқ таълими тизимида камчиликлар тиқилиб ётибдику, ўшаларни нега ёритмайди, дерсиз. Биринчидан, бу масалани бошқа нашрлар ва сайтлар ҳеч унутишгани йўқ. Иккинчидан, сиз ўзингиз ўтирган шохни арралармидингиз? Соғлиқни сақлаш тизимидаги газета ва журналлар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин... Бу билан газеталар танқидий материаллардан холи ҳам демоқчимасман. «Оила ва жамият», «Xabar» (бу газета 1992 йилдан чиқа бошлаган ва мамлакатимиз АКТ соҳасидаги ҳар қандай янгилик ва ўзгаришларни, ушбу соҳа фидойи ходимлари меҳнатини, уларнинг орзу-умидларини ёритадиган ягона нашр ва буларни бирорта интернет сайтида учратмайсиз), «Оила даврасида», «Ҳуррият», «Жамият»... бу нашрлар ҳар сонида истаган мавзудаги танқидий, таҳлилий, муаммоли мақолаларни ўқиш мумкин. «Газеталар танқид бермайди», «Журналистлар ухлаётганди» дегувчилар бундан бехабар бўлса матбуот айбдор эмас.

Келинг, танқид сўзи ўрнига маърифат сўзини қўллаб кўрайлик. Бугунги кунда бутун дунёда энг долзарб бўлиб турган масала – маърифат масаласи. Дунёдаги бугунги талотўплар замирида ҳам айнан маърифатсизлик турибди-ку. Маърифат – илм дегани, маърифат – маънавият дегани. Маърифат аввало китоблар, газета-журналлар мутолаасидан бошланади. Ҳатто энг ривожланган давлатлар ҳам бугун маърифатга қайтадан мурожаат қилаётгани бежиз эмас.

Французлардан қаеримиз кам?

Шу ўринда ривожланган давлатлар матбуотдан воз кечяпти... дегувчиларга бир эътироз. Айрим нашрлар ўз умрини ўтаб бўлган бўлса бордир ёки онлайн шаклга ўтаётгани ҳам рост. Аммо хорижда яшаётган, бориб-келганки инсон билан суҳбатлашсангиз, айни кунда ҳам у давлатларда даврий матбуотнинг ўрни жуда мустаҳкамлигига гувоҳлик беришади: «Улар тонгни кофе ва газета билан қарши олишади...» Айниқса, ёш авлодни маърифатли қилиш борасида Франция тажрибаси ўрганса арзигуликдир.

Францияда газета ва журналларни чоп этиш, тарқатиш борасида давлат субсидиялари белгиланган. Шундай бўлса-да 2009 йилдан бошлаб мамлакат президенти Николя Саркози ташаббуси билан ёшларни кундалик газеталарни ўқишга жалб этиш бўйича махсус дастур амалга оширилди. Ушбу акция ноширлар билан ҳамкорликда олиб борилди ва 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун газеталарга йиллик бепул обуна тақдим этишни қамраб олди.

Маданият ва оммавий коммуникациялар вазирлиги бошлаб берган «Менга совға қилинган газета» мақсадли акцияси аудиторияси тез орада жуда гавжум бўлиб кетди. Биринчи босқич давомида аризалар орқали рўйхатдан ўтган 300 минг француз ёшларидан 200 минг нафари (18–24 ёшдагилар умумий сонининг 7 фоизи) етти ой давомида бепул абонементларга эга бўлди.

Шу йили лойиҳага жами 59 номдаги кундалик газеталар жалб қилинган. 2010 йилда эса ташаббусга яна учта нашр қўшилган. Уч йиллик бу лойиҳага Маданият ва оммавий коммуникация вазирлиги 15 млн. евро маблағ сарфлаган. Ушбу лойиҳада кейинчалик бир қатор янги ҳамкорлар – Service Civique давлат волонтёрлик ташкилоти, France Televisions миллий телеузатиш тармоғи, Waka ёшлар интернет-портали ва MTV телеканали қатнашиш истагини билдиришган. Уларнинг ёрдами билан акция ташкилотчилари ўқувчилари аудиториясини сезиларли даражада кенгайтириб олишган.

Энг муҳими, уч йилдан сўнг ғалвир сувдан кўтарилган ва ҳайратланарли натижа қўлга киритилгани аён бўлган. Яъни, шу уч йиллик лойиҳада иштирок этган – уйларига етказиб берилган бепул газета ва журналларни ўқиб улғайган ёшлар орасида кенг дунёқарашга эга, илм-фаннинг барча соҳаларига, замонавий технологияларга қизиқувчи, ихтирочилик қобилияти кучли йигит-қизлар сафи сезиларли ошган. Бир сўз билан айтганда, мақсадсиз (уюшмаган) ёшлар деярли учрамаган. Демак, Франция ҳукумати миллионлаб евро сарфлаб бўлса-да эзгу мақсадга эриша олган. Мана сизга мутолаанинг кучи! Орадан ўн йил ўтди, шахсан мен ўша ёшлар бугун турли жабҳаларда француз жамиятини ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганига ишонаман.

Эҳтимол бизда бу даражада кенг кўламли акцияни ўтказишга молиявий жиҳатдан имкон камдир. Лекин нашрларга обунани тўғри йўлга қўйиш орқали французлар натижасига эришса бўлади. Чунки бизда ҳам турли ёш ва касб-корга йўналтирилган даврий нашрлар жуда кўп. Хусусан, фарзандларимизнинг боғча ёшидан бошлаб то мактабни тугатгунгача даврини қамраб олувчи нашрлар – «G‘uncha», «Tong yulduzi», «Gulхan», «Yosh kuch»... Афсуски, ушбу барча нашрлар умумий ададини жамласак ҳам болажонларимиз ва ёшларимиз сонидан жуда-жуда кам. Масалан, шу бугун «Tong yulduzi» газетаси атиги 6 минг (!) нусхада чоп этиляпти экан. Газета аудиторияси эса камида 6 миллион! Тақсимотини ҳисоблашгаям уялади одам. Ваҳоланки, давлат томонидан болалар нашрларига берилган имтиёзлар боис бу газета-журналларнинг йиллик обунаси қиммат ҳам эмас (ҳафтасига саккиз саҳифасининг барчаси рангли чоп этиладиган «Tong yulduzi» эллик минг атрофида)... Бир пайтлар юз минглаб ададда тарқатилган газета (аслида бу ҳам кам) нуфузи нега бу қадар тушиб кетди? Болаларимиз нима ўқишяпти ўзи?

– Дарҳақиқат, бугун ҳар қандай ахборотни интернетчалик тезкор етказадиган восита йўқ. Буни тан олишимиз керак. Аммо, бу матбуот керакмас, дегани эмас, – дейди Ўзбекистон болалар ва ўсмирларнинг «Tong yulduzi» газетаси бош муҳаррири Феруза Адилова. – Айниқса, ҳукумат томонидан ёшлар ўртасида китобхонликни, мутолаа маданиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар бошланган бир пайтда матбуотнинг ўрни ҳар қачонгидан муҳимдир. Вазиятдан келиб чиқиб бугун биз ҳам газетани онлайн тарзда тайёрлаяпмиз, аммо  ўқувчиларимиз, бизга газета беринг, деяпти. Аслида китобхонликка йўл шу эмасми?!.

Аслида халқимиз, ўсиб келаёган авлод мутолаага ташна, фақат шу ташналикни қондиришнинг самарали ва оқилона йўлларини излаб топиш керак. Айниқса, фарзандларимизни болалигидан матбуот билан ошно қилсак, китобхонликни ривожлантиришга мустаҳкам пойдевор қўйган бўламиз. Фақат бунинг учун газета-журналларга обунага ижобий кўз билан қарай олишимиз керак. Африканинг қашшоқ бир мамлакати президенти шундай деганди: Одамларни маърифатга мажбурлашнинг ёмон томони йўқ!

Қўшимча иш ўринлари яратилади

Матбуотга эътиборни кучайтириш орқали бошқа муаммоларни ҳам ечиш мумкин. Масалан, ишсизлик муаммосини. Республика бўйлаб барча даврий нашрлар қайта оёққа турса, умид билан ўқиган қанчадан-қанча журналистлар, компютер мутахассислари иш билан таъминланади. Нашрлар обунаси билан шуғулланувчи, уларни етказиб берувчи корхоналардаги иш кўлами ҳам сезиларли ошади. Бу билан бир пайтлар қисқартириш туфайли ишидан ажралган юзлаб, минглаб почта ходимлари ўз жамоаларига қайтади. Бу муболаға эмас, зеро ҳаётимиз занжир каби бир-бирига боғланган.

Матбуот ходимлари қалбларига кўтаринкилик олиб кирган лойиҳа муҳокамада. Ўйлаймизки, умрини газета ва журналларга бахшида этган барча журналистлар, айниқса, устоз қалам аҳли бу лойиҳанинг ҳаётга татбиқ этилишига ўз ҳиссаларини қўшадилар.

Усмонжон Йўлдошев, журналист, www.xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика