No icon

Ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга тайёрлашнинг янги тизими жорий этилади

Мамлакатда масофавий меҳнат шаклларини ривожлантириш, таълим муассасалари битирувчилари ва ёшларнинг замонавий касб-ҳунар эгаллашлари учун шароитлар яратиш ҳамда қўллаб-қувватлаш, шунингдек, уларнинг ҳар томонлама етук малакали мутахассис бўлиб етишишларини таъминлаш мақсад қилинган.

Президентнинг “Ўқувчи-ёшларни касб-ҳунарга тайёрлаш тизимини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг умумий ўрта таълим муассасаларида Ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга тайёрлашнинг янги тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилади.

Қуйидагилар янги тизимни амалга оширишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланади:

ички ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош касбларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш ва зарур малакавий кўникмаларни белгилаш;

умумий ўрта таълим муассасалари мутахассислари томонидан ўқувчиларни 7-синфдан бошлаб касб-ҳунар эгаллаш ва Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) йўли билан ўзини ўзи банд қилиш йўналишларига қизиқишларини аниқлаш ва бундай ўқувчиларнинг маълумотлари базасини яратиш;

касб-ҳунар эгаллаш ва фрилансингга қизиқиши юқори бўлган ўқувчилар маълумотлари базасини умумий ўрта таълим муассасалари битирувчилари бандлиги электрон базаси билан интеграция қилиш, онлайн мониторинг олиб борувчи ахборот тизимини яратиш;

умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг касбий мойиллиги бўйича ўтказилган таҳлиллар асосида 9-синфдан сўнг келгусида аниқ ишчи касблар бўйича касб-ҳунар мактабларида таълим олиши мумкин бўлган ўқувчилар ўртасида касбга йўналтириш ишларини олиб бориш;

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган рўйхатлар асосида кам таъминланган оилалар фарзандлари бўлган 10-синф ўқувчиларига уларнинг қонуний вакили розилиги асосида касб-ҳунар ва фрилансингга ўргатувчи барча давлат ва нодавлат ташкилотларда ўқиш харажатларини қопловчи ҳужжатлар (ваучерлар) бериш;

битирувчилар учун тегишли касблар бўйича ўқув режа ва дастурлар, амалиётлар ўташ тартиби, ўқув-методик қўлланмалар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини касбга йўналтириш ишларини самарали шаклларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

умумий ўрта таълим муассасаларининг 10–11-синф ўқувчиларига танлов фанлари йўналишидаги (вариатив) ўқув режа асосида касб-ҳунарга йўналтириш;

манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда касб-ҳунар йўналишлари бўйича сертификатга эга умумий ўрта таълим муассасаларининг 11-синф битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш;

республика таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда илғор хорижий тажриба асосида умумий ўрта таълим муассасалари битирувчи синф ўқувчиларини касб-ҳунарга йўналтирувчи ва ўргатувчи мутахассислар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш.

Қуйидагилар:

Янги тизим асосида ўқувчи ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш механизми;

Янги тизим асосида 10–11-синф ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш механизми тасдиқланади.

Халқ таълими вазирлигининг:

а) марказий аппарати тузилмасида бошқарув ходимларининг сони 7 штат бирлигидан иборат бўлган Ўқувчиларнинг касбга лаёқатини аниқлаш ва касб-ҳунарга йўналтириш бошқармаси;

ҳудудий бўлинмалари тузилмасида жами 70 та штат, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармасида 5 штат бирлигидан иборат бўлган Касб-ҳунарни ривожлантириш бўлимлари ташкил этилади;

б) марказий аппарати тузилмасига ўқувчи-ёшларни замонавий касб-ҳунарга йўналтириш масалалари учун масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими киритилади.

Халқ таълими вазирлиги ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг касб-ҳунарга ўргатиш курсларини тамомлаган умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларининг касб-ҳунар кўникмаларини баҳолаш, тегишли сертификат ва резидентлик мақомини бериш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги Сертификациялаш марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланади.

Белгилаб қўйилишича, Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) орқали ўзини ўзи банд қилган шахслар Марказ резиденти мақомини олган тақдирда меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириб бориш;

тайёрлов курсларини битирган фрилансерлар ҳамда умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда тайёрлов курслари битирувчиларини касб-ҳунар кўникмаларини баҳолаш ҳамда тегишли турдаги сертификат бериш мақсадида синовлар ўтказиш;

веб-фрилансерларнинг касби, тажрибаси, хизматлари нархи кесимида Ягона реестрини юритиш ва уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, кўрсатилаётган хизматлар (товарлар) сифатини баҳолаш ҳамда истеъмолчилар томонидан фикр-мулоҳазалар орқали уларнинг рейтингини юритиш;

малака ва кўникмаларни баҳолаш ҳамда сертификатлаш юзасидан ривожланган мамлакатларда фаолият кўрсатувчи халқаро ва хорижий сертификатлаш ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Белгиланишича, қуйидаги солиқлар миқдорлари 50 фоизга камайтирилади:

касб-ҳунар сертификатига эга бўлган ўқувчилар ишга жойлашгандан биринчи йилда иш ҳақи кўринишида олган даромадлари учун – жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

касб-ҳунар сертификатига эга бўлган ўқувчиларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектлари учун уч йил муддатга ушбу битирувчилар меҳнатига ҳақ тўлашга доир харажатларидан олинадиган ижтимоий солиқ миқдори.

Халқ таълими вазирлиги Ёшлар ишлари агентлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Наманган вилояти ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда тажриба-синов тариқасида 2 та умумий ўрта таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган ҳудудида мактаб битирувчилари учун Касбга тайёрлаш намунавий марказларини ташкил қилади.

Бунда, мазкур марказлар тегишли мактаб битирувчиларини келажак касб-ҳунарларига ўргатиш учун барча тегишли шарт-шароитлар яратилиши Ёшлар ишлари агентлигининг ушбу мақсадлар учун ажратилган маблағлари ҳисобига амалга оширилиши белгиланади.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика