No icon

Қуёш батареяларида ишловчи илк велойўлак

Кельн остида Германияда биринчи қуёш батареяларида ишловчи велосипед йўлакчаси қурилди. У электр энергиясини ишлаб чиқариб, қишда ҳам ўзини-ўзи иситади.

Ҳозирча унинг узунлиги атиги 90 метрни ташкил қилади ва шунинг ўзига ҳам анча маблағ сарфланган. Бироқ бунинг нархи германияликларни чўчитмаяпти, улар ушбу энергосамарали лойиҳага катта умид боғлашмоқда.

Эрфтштадт шаҳридаги электр ишлаб чиқарувчи велойўлакча шиша плиткадан ишланган. Унинг остида қуёш батареялари, иситувчи элементлар ва ҳаракат сенсорлари мавжуд. Юқори технологияли трасса учун жойлашув нуқтаси тасодифий танлов эмас: унинг ёнида дарахтсиз очиқ дала жойлашган ва у ер доим ёруғ бўлади.

Лойиҳа муаллифларининг маълум қилишича, "қуёшли йўлакча"нинг ҳар бир квадрат метри йилига 100 кВт*с энергия ишлаб чиқаради, у 3-4 оилани электр энергия билан таъминлаши мумкин. Бу энергиядан, шунингдек, қоронғуда велойўлакчани ёритишда ҳам фойдаланиш мумкин.

Немис муҳандисларининг таъкидлашича, плитка энига атиги 13 мм бўлса-да, ҳатто оғир юк машинасини ҳам ҳеч қандай муаммосиз кўтара олади. Йўл "ақлли" функционал билан жиҳозланган - у ўтган велосипедлар сонини қайд қилади ва маълумотларни махсус таблода акс эттиради. Бундан ташқари, у йўлнинг юзаси музлаганини автоматик равишда аниқлаб, иситиш тизимини ёқади. Шу тариқа у қишки мавсумда ҳаракатлар хавфсизлигини ҳамда уни тозалашда тежамкорликни таъминлайди.

Мазкур лойиҳа Евроиттифоқ томонидан молиялаштирилди. Тажриба муваффақиятли ўтса, тез орада ҳар бир инсон нафақат қуёш батареялари, балки кўп функцияли йўлакчаларни ҳам қўлга киритиши мумкин. Лойиҳа муаллифларининг сўзларига кўра, серияли ишлаб чиқариш йўлга қўйилган тақдирда, "қуёшли" плитканинг 1 квадрат метри 250 еврога баҳоланади.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика