No icon

Apple компанияси ўз процессорида ишловчи янги ноутбукларини тақдим этди

АҚШнинг Apple компанияси 10 ноябрда компьютер ва ноутбуклар учун мўлжалланган ўз процессори M1’ни ва у асосида ишлаб чиқилган MacBook Air ва MacBook Pro ноутбукларини тақдим қилди.

Тақдимотда таъкидланишича, M1 процессори Mac компьютерлари учун махсус ишлаб чиқилган биринчи чипдир.

Компанияда M1 процессорларида ишлаб чиқилган Mac компьютерлари “компания учун янги давр бўлиши” айтилди. 

8 ядроли процессор 5-нанометрли технологик жараён бўйича ишлаб чиқилган. Apple’нинг процессорлар ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи Жон Шружининг таъкидлашича, M1’да янги технологиялар бўйича ақлбовар қилмас унумдорликни таъминлаш учун 16 млрд дона транзистор ўрнатилган. Процессор ёрдамида бир сонияда 11 триллион амални бажариш мумкин.

Янги процессорда ишловчи биринчи компьютерлар 13 дюймли MacBook Air ва MacBook Pro ноутбуклари ҳамда Mac mini неттопи бўлди.

MacBook Air 2 Тб доимий ва 16 Гб тезкор хотирага эга ҳамда қайта қувватланишсиз 18 соатгача ишлай олади. Таъкидланишича, ноутбукда кулер бўлмайди ва шу сабабли у “умуман шовқинсиз” ишлайди. Ноутбукнинг базавий модификацияси 999 доллар туради. 

MacBook Pro ноутбуги ҳам 2 Тб доимий ва 16 Гб тезкор хотирага эга бўлади. Унинг бошланғич нархи 1299 долларни ташкил қилади. Қурилма қайта қувватланишсиз 20 соатгача ишлай олади.

Компания янги процессор билан ишлаш учун Mac OS Big Sur операцион тизимини ишлаб чиқди. 

Apple июнда ўзи ишлаб чиққан процессорда ишловчи компьютер ва ноутбукларни ишлаб чиқаришини маълум қилганди. Ўшанда компания раҳбари Тим Кук буни “компания учун тарихий он бўлишини” айтганди. Бунгача компания компьютерлари ва ноутбукларида 15 йил давомида Intel процессорлари қўллаб келинган. 

Ушбу тақдимот Apple’нинг кузда ўтказган учинчи тақдимоти бўлди. Компания сентябрда ўтган биринчи тақдимотида Apple Watch Series 6, SE ақлли соатлари, iPad ва iPad Air планшетларини намойиш қилганди. Октябрда ўтган иккинчи тақдимот эса тўлиқ iPhone смартфонларига бағишланганди. Компания унда 4 та янги смартфони: 12 mini, 12, 12 Pro ва 12 Pro Max’ни намойиш қилган.

Манба: kun.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика