No icon

Ўзбекистонда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик хасталик аниқланмоқда

Ўзбекистонда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик хасталик аниқланмоқда. Бу ҳақда «Халқ сўзи» хабар берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмиталари ҳамкорлигида «Ўзбекистонда онкологик касалликлар билан касалланиш ҳолати: мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими» мавзуида ўтказилган семинарда ўсма касалликларини эрта аниқлаш, олдини олиш ва самарали даволаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Иштирокчиларнинг фикрича, Ўзбекистонда рўйхатга олинган хавфли ўсма касалликлари орасида сут бези, ўпка, қон ва лимфоид тўқималар хавфли ўсмалари ҳамда бачадон бўйни раки билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда.

Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар босқичма-босқич давом этаётган бўлса-да, ўсма касалликлари билан касалланишни камайтириш мақсадида давлат миқёсидаги кенг қамровли дастурларнинг амалга оширилиши, кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилиши, айниқса, узоқ қишлоқ жойларда ишлаётган умумий амалиёт врачларининг онкологик сезгирлигининг оширилиши ва тиббий кўрик сифатининг яхшиланишига ҳамон зарурат катта бўлиб қолмоқда.

Шу боис семинарда онкологик беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ўсма касалликларнинг олдини олиш, мазкур йўналишга оид муаммоларнинг ҳал этилишига қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича амалий таклифлар билдирилди.

 

Манба: daryo.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика