No icon

Янги президент ишини самолётларни сотиб юборишдан бошлади

Мексиканинг янги президенти қасамёд қилгани ҳақида хабар бергандик. Янги президент — Андрес Мануэль Лопес Обрадор ишни ўзи фойдаланиши лозим бўлган 218 миллион долларлик «Boeing 787 Dreamliner» самолётини сотиб юборишдан бошлади. Бу ҳақда «Reuters» агентлиги хабар берди.

Лопес Обрадор давлатга қарашли 60 та самолёт ва 70 та вертолёт хизматидан воз кечилиши ҳақида аввалроқ тўхталганди.

— Биз коррупционер-сиёсатчилар фойдаланган барча самолёт ва вертолётларни сотиб юборамиз, — Обрадор ўз қарорини шундай изоҳлаган.

Мексика раҳбари собиқ президентлар пенсиясини бекор қилиб, амалдорларнинг маошларини қисқартиришга ҳам ваъда берган.

1 декабрь куни бўлиб ўтган инаугурация маросимидан аввал Обрадор шаҳарликлар учун президент қароргоҳи — «Los Pinos» эшикларини очганди. Ўз камтарлиги билан танилган Лопес Обрадор президент қароргоҳида яшаш нияти йўқлигини қайта-қайта такрорлаб, бу ерни маданий марказга айлантиришини маълум қилганди.

Манба: xabar.uz

Фикрлар

Яндекс.Метрика