No icon

«Гол+пас» тизими бўйича 50 очко...

«ПСЖ» Европа ЧЛ 5-турида «Ливерпул»ни 2:1 ҳисобида енгди. Парижликларнинг иккинчи голига муаллифлик қилган Неймар ЧЛдаги голлари сонини 31та етказиб қўйди. У шу тариқа турнир тарихидаги бразилиялик тўпурарлар рўйхати пешқадамига айланди. Жаҳоннинг энг қимматбаҳо футболчиси ЕЧЛда 5 йил олдин дебют қилган («Барселона» сафида) ва мавсум-2013|2014даёқ илк «хет-трик»ни расмийлаштирганди. Ҳужумчи жорий мавсум «Црвена Звезда»га қарши баҳсда 2-марта «хет-трик» қайд этди. Умуман олганда, Неймар ЧЛнинг жами 52та ўйинида қатнашиб, 50та голда бевосита иштирок этди. Яъни ўз номига 31та гол ёзиб қўйиш баробарида яна 19 марта ассистентлик ролини бажарди. Қўшимча қилиш керак, 26 ёшли ҳужумчи Бразилия термаси учун яна 18та гол урса, «пентакампеонлар» тарихидаги энг яхши тўпурар - афсонавий Пелени ҳам ортда қолдиради.

***

Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси (IFFHS) «Реал» клуби ва Хорватия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Лука Модрични 2018 йилнинг энг яхши плеймейкери сифатида тан олди. У махсус сўровда 272 очко тўплаб, «Барселона» етакчиси Лионель Месси (144 очко)ни ортда қолдирди. 3-ўринга «Челси» ярим ҳимоячиси Эден Азар (114 очко) жойлашди. Юқори 10таликдан Кевин де Брюйне (36 очко), Неймар (18 очко), Поль Погба (14 очко), Кристиан Эриксен (10 очко), Миралем Пьянич (7 очко), Хамес Родригес (7 очко) ва Криштиану Роналду (5 очко) ўрин олишди.

IFFHS шунингдек, ўз талқини бўйича жаҳоннинг терма жамоалар йўналишидаги энг яхши мураббийларини ҳам аниқлади. Демак, 304 очко тўплаган Франция терма жамоаси устози Дидье Дешам йилнинг энг яхши мураббийи мақомини олди. 2-ўрин Хорватия термасини ЖЧ-2018 финалига олиб чиққан Златко Далич (198 очко)га насиб этган бўлса, Бельгия миллий жамоаси бош мураббийи Роберто Мартинес (84 очко) учинчи бўлди. Станислав Черчесов (Россия), Гарет Саутгейт (Англия), Оскар Табарес (Уругвай), Тите (Бразилия), Хосе Пекерман (Колумбия) ва Йоахим Лёв (Германия) ҳам юқори поғоналарга муносиб кўрилдилар.

Клублар йўналишида «Реал» билан қаторасига 3 марта ЧЛ ғолибига айланган Зайниддин Зидан (296 очко) энг яхши мураббий бўлди. У 90та мамлакат экспертлари қатнашган сўров якунига кўра, Юрген Клопп (109 очко) ва Хосеп Гвардиола (105 очко)ни ортда қолдирди.

Фикрлар

Яндекс.Метрика