No icon

Ўзбек боксининг эртаси ишончли қўлларда

Хабар берганимиздек, 1-8 август кунлари Кувайтда бокс бўйича ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати ўтказилди. Унда қитъамизнинг 21 давлатидан келган 150 нафардан зиёд ёш чарм қўлқоп усталари чемпионлик учун баҳс олиб боришди.
Қувонарлиси, мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси 14 нафар боксчи билан иштирок этиб, якунда уларнинг барчаси ўз вазн тоифаларида совриндорлар сафидан жой олишди. Боксчиларимиз қитъа чемпионатида 10 та олтин, иккитадан кумуш ва бронза медалларини қўлга киритди. Ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, бунақаси тарихда бўлмаганди. Сир эмаски, юртимиз боксчилари 2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида мисли кўрилмаган муваффақиятларга эришди ва мўлжални баланд олишди. Шундан кейин Рио-2016 олимпиадаси қаҳрамонлари Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳрам Ғиёсов, Муроджон Аҳмадалиев, Баҳодир Жалолов, Шаҳобиддин Зоиров, Исроил Мадримов ва бошқалар фаолиятини профессионал боксда давом эттиришга қарор қилди.

Кўпчилик олдинда турган мусобақаларда мамлакатимиз чарм қўлқоп усталари қандай иштирок этишаркин, дея хавотирда турган бир паллада юртимиздан янги иқтидорлар етишиб чиқмоқдаки, бу кўнгилга таскин беради. Бунга Иқболжон Холдоров, Бобо-Усмон Ботуров, Нодиржон Мирзаҳмедов, Миразизбек Мирзахалилов, Шунқор Абдурасулов сингари умидли ёшларни мисол келтиришимиз мумкин. Уларнинг ортидан янги истеъдодлар авлоди етишиб келаётгани эса бир қувончимизга ўн қувонч улашмоқда.

Мамлакат ўсмирлар терма жамоасининг Осиё чемпионатига пухта ҳозирлик кўриши учун Ўзбекистон бокс федерацияси томонидан барча шароитлар яратиб берилди. Бу эса ўз самарасини бермасдан қолмади. Кувайтдаги мусобақаларда терма жамоамиз аъзоларидан Ҳумоюнмирзо Абдурасулов, Ҳожиакбар Маҳмудов, Фаррух Тўлаганов, Лазизбек Тўлқинов, Бобурбек Бобожонов, Умидилло Абдурасулов, Далержон Бозоров, Жаҳонгир Нарзиев, Мирзоб Некбоев ҳамда Шавкат Болтаевлар ўз вазн тоифаларида қитъа чемпионлигини қўлга киритди. Шунингдек, нуфузли мусобақада финалгача етиб борган ҳамюртларимиз Абдулазиз Абдураҳмонов ҳамда Шаҳбоз Ҳамидуллаев кумуш, ярим финалда имкониятни бой беришган Айназар Кенесбоев ҳамда Ҳусанбой Рихсибоевлар эса бронза медалига сазовор бўлишди.

Хуллас, Қувайт рингларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган ўғлонларимиздан ҳеч бири совринсиз қолмади. Норасмий умумжамоа ҳисобида ўзбекистонлик боксчилар қитъада тенгсиз эканлигини яна бир карра исботлашди. Вакилларимизнинг ушбу муваффақиятлари энг улуғ ва энг азиз байрам – мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллик тўйига муносиб совға бўлди.

Яқинда ўтказилган спорт тадбирларидан бирида халқимизнинг ардоқли санъаткори, Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Ёдгор Саъдиев шундай деганди:

- Рио олимпиадасида ўзбек ўғлонлари зарбасини тотиб кўрмаган юрт қолмади, мабодо битта-яримта қолган бўлса ҳам уларни азаматларимиз Токио олимпиадасида албатта “сийлашади”. Бугун ўзбек бокси дунёда энг олдинги ўринларга чиқиб улгурган ва мен ишонаманки, ҳали узоқ йиллар давомида йигитларимиз жаҳон аҳлини ўз ғалабалари билан ҳайратга солади.

Шубҳа йўқки Кувайт рингларида тобланган ўсмир ёшларимиз вақти-соати келганда дунё рингларида Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткирбек Ҳайдаров, Руслан Чагаев, Ҳасанбой Дўсматов, Фазлиддин Ғойибназаров, Шаҳобиддин Зоиров, Шаҳрам Ғиёсов сингари акалари йўлидан боришиб, Ўзбекистон байроғини янада юқориларга кўтаришига ишонамиз.

12 та ўзбекистонлик боксчи финалга қадар етиб борди ва уларнинг ўнтаси чемпионликка эришди, қолган иккиси кумуш медал билан тақдирланди.

Совриндорлар билан танишинг:

Олтин:

-35 кг: Ҳумоюнмирзо Абдурасулов

-37 кг: Ҳожиакбар Маҳмудов

-40 кг: Фаррух Тўлаганов

-43 кг: Умидилло Абдурасулов

-46 кг: Бобурбек Бобожонов

-49 кг: Лазизбек Тўлқинов

-52 кг: Далержон Бозоров

-55 кг: Жаҳонгир Нарзиев

-61 кг: Мирзоб Некбоев

-64 кг: Шавкатжон Болтаев

Кумуш:

-58 кг: Абдулазиз Абдураҳмонов

-67 кг: Шаҳбоз Ҳамидуллаев

Бронза:

-70 кг: Айназар Кенесбаев

+70 кг: Ҳусанбой Рихсибоев

Кувайтга йўл олган Ўзбекистон делегацияси 9 августдан 10 августга ўтар кечаси (соат 02:30) Тошкентга етиб келади. Уларни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олиш режалаштирилган.

Отабек ЭШМАМАТОВ, ЎзА

Фикрлар

Яндекс.Метрика