No icon

Спарринг рақиб - Тожикистон термаси ва бошқа термаларимиз ҳақида...

Хабарингиз бордир, ЖЧ-2022|Осиё кубоги-2023 қўшма саралаш босқичининг қолдирилган учрашувлари октябрь ва ноябрь ойларига белгиланди. Ўзбекистон миллий жамоаси бўлажак муҳим ўйинларга муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида сентябрь ойида ўқув-машғулотлар йиғини олиб боради. ЎФА хабарида айтилишича, Вадим Aбрамов шогирдлари ушбу йиғин доирасида Тошкентда Тожикистон термаси билан ўртоқлик ўйини ўтказади. Томонлар ўртасидаги келишувга кўра, учрашув 4 сентябрга белгиланди. Режага мувофиқ, ўйин учун «Бунёдкор» стадиони танланган.

Championat.asia сайтида ёзилишича, Ўзбекистон миллий жамоаси қўшниларимизга қарши ўйиндан кейин Эрон термаси билан ҳам «ўртоқлик» доирасида куч синашиши мумкин. Тўғри, бунинг учун томонлар аввало, ўйин куни масаласида ўзаро келишувга эришишлари керак. Эслатма, шу йил февраль ойида Эрон терма жамоасига янги бош мураббий тайинланган эди - сербиялик Драган Скочич.

Айтганча, Темур Кападзе бошқарувидаги Ўзбекис­тон ёшлар терма жамоаси ҳозирда октябрь ойида юртимиз мезбонлик қиладиган U-19 тоифасидаги Осиё чемпионати-2020га қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Ёшларимиз Тошкентда давом этаётган нав­батдаги ўқув-машғулотлар йиғини доирасида «Бун­ёдкор» ўринбосарларига қарши назорат учрашувида майдонга тушиб, 3:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

Ўзбекистон (U-19) - «Бунёдкор» (ўринбосарлар) - 3:0

Голлар: Улуғбек Ҳошимов, Иброҳим Иброҳимов, Даврон Анваров.

Аввалги ҳафта ёшлар термасининг ТТЙМИ стадионида ташкиллаштирилган машғулотларига ЎФA биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ташриф буюриб, футболчиларнинг жисмоний ҳолати, кайфияти ва шароитлар билан яқиндан танишди. ЎФA раҳбари шунингдек, жаҳон ареналарида тўплаган тажриба ва кўникмаларини ёш футболчилар билан ўртоқлашди. Эрматов якунда йигитларимизга бўлажак Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этиб, жаҳон чемпионати йўлланмаси ҳамда олтин медални қўлга киритишда омад тилади. Эслатма, Ўзбекистон U-19 термаси Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Эрон, Индонезия ва Камбоджа ёшларига қарши майдонга тушади.

***

Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси айни кунларда Тошкентда ўқув-машғулотлар йиғинини олиб бормоқда. Бош мураббий Олим Шокиров ушбу йиғинда 25 нафар футболчи билан ишламоқда. Режага мувофиқ, ўсмирлар 3та назорат ўйинида майдонга тушишлари керак. Шундан биринчиси «Бун­ёдкор»-2003 вакилларига қарши кечди ва Олим Шокиров шогирдлари фойдасига ҳал бўлди - 2:0.

Ўзбекистон (U-16) - «Бунёдкор»-2003 - 2:0

Голлар: Сардор Ҳожибоев, Рустам Турдимуродов.

Дарвоқе, ўтган ҳафта жамоа машғулотлар жараёнини ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ҳам кузатди. ЎФА мутасаддиси шунинг баробарида ўсмирларга яратилган шароитлар ва витаминизация масалалари, йигитларнинг жисмоний ҳолати, кайфияти билан қизиқди. Равшан Эрматов ўсмирлар билан суҳбатлашар экан, қитъа биринчилигида муносиб қатнашиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишда бор куч-имкониятларни ишга солиш, мураббийлар кўрсатмаларига тўлиқ риоя қилиш, доимо мақсад сари олға интилиш зарурлигини таъкидлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон ўсмирлар термаси йил охирида Баҳрайнда ташкиллаштириладиган Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Жанубий Корея, Aвстралия ва Ҳиндистон жамоалари билан куч синашади.

 

Фикрлар

Яндекс.Метрика