No icon

Ла лига президентидан изоҳ

Испания Ла Лигаси президенти Хавьер Тебас «Барселона» етакчиси Лионель Месси билан юзага келган ҳолатга тўхталиб, футболчи ҳар қандай вазиятда шартномани ҳурмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Каталония клуби аргентиналик юлдузнинг кетиш ҳақидаги илтимосини инобатга олмади. «Барса» бунда ўртадаги шартномада ҳамкорликни бекор қилиш ҳақида белгиланган банднинг амал қилиш муддати ўтиб кетганини асос сифатида кўрсатди. Ла Лига раҳбарияти эса, «Барселона» позициясини расман қўллаб, агар Месси кетишни истаса, клубга келишувда қайд этилган товон пули (700 млн. евро)ни тўлаши шартлигини билдирди. «Йўқ, Мессига қарши уруш очмадим. Лео ўрнида чемпионатимизда ўйнаётган бошқа ҳар қандай футболчи бўлганида ҳам, худди шундай йўл тутардим. Лига сифатида ҳужжатлар, қонун ва адолатни ҳимоя қилиш - бизнинг ўзгармас бурчимиз. Месси бўладими ёки Пепито Перес­ми, фарқи йўқ, ҳар бир футболчи клуб билан тузган шартномасига ҳурмат билан қараши зарур. Шахсий фикримча, ҳеч ким Месси ёки унинг атрофидаги кишиларга қарши уруш очгани йўқ. Тан олишим керак, Леога ўрганиб қолганман ва унга нисбатан ҳурматим жуда баланд. Гап миллий футболимизнинг охирги 20 йиллик тарихи ҳақида кетмоқда. Ҳа, Месси тирик тарих. Энди айтингчи, шундай футболчи билан уруш бошлаш мумкинми? Такрорлайман, шунчаки, шартномага амал қилинишини истадим, холос. Фақат шуниси борки, Мессига дахлдор бўлгани учун бу иш медиа оламида кучли садо берди. Биламан, футболчининг ҳуқуқшунослари ҳамон унинг шартномаси шаффоф эканлигини таъкидлашмоқда. Бироқ битта банднинг нотўғри қайд этилиши шунга олиб келди. Муҳими, Месси ҳуқуқий можаро марказига тушишни истамади ва ҳаётидаги асосий жамоада қолишни маъқул кўрди. Бундан қувонсак бўлади. Зеро, можаро ёки суд ҳеч кимга наф келтирмасди», — деди Тебас Mundo Deportivo нашрига берган интервьюсида.

 

Фикрлар

Яндекс.Метрика