No icon

"А" серия: Элдор Шомуродовдан кутилган дебют ва...

Элдор Шомуродов Италия «А» серияси 4-туридан ўрин олган «Верона» - «Женоа» ўйинида генуяликлар сафида илк марта майдонга тушди. Кутилганидек, «Женоа» бош мураббийи Роландо Маран Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчисини бошланғич таркибга қўшди ва ҳамюртимизга 63 дақиқа давомида тажрибали Горан Пандев билан тандем бўлиб тўп суриш имкониятини берди.
Натижага келсак, дарвозалар дахлсиз қолди - 0:0. «Женоа» 1 очко туфайли турнир жадвалида 11-ўринга кўтарилди. Умумий хулоса қилганда, Элдор дебют ўйин учун чакки ҳаракатлангани йўқ. Учрашувдан сўнг «Женоа» бош мураббийи ҳам худди шу маънода гапирди: «Элдор ҳали қандай футбол кўрсатишимиз хусусида яққол тушунчага эга эмас. Бугун унга ўйнаш имкониятини бердим, чунки аввало, ўйинимиз ҳақида муайян тасаввур ҳосил қилиши лозим. Эътиборга олиш керак, Шомуродов мутлақо бошқача чемпионатдан келди ва бу ерда қандай ишлаш зарурлигини билмайди. Қисқаси, унга вақт керак. Футболчидан бу борада сабрли бўлиш талаб этилади. Муҳими, Элдор хатога йўл қўйгани йўқ, шунинг учун унга миннатдорчилик билдираман». Дарвоқе, Роландо Маран «Верона»га қарши ўйиндан олдин жамоаси тайёргарлиги хусусида тўхталиб, Шомуродов ҳақида ҳам алоҳида гапирган эди: «Верона» сўнгги йилларда ўсишга эришди ва ҳар қандай жамоани қийин аҳволга солиб қўйиши мумкин. Ҳозирча қайси тактика асосида ўйнашимиз ва майдонга кимлар тушиши ҳақида гапиришга эрта. Барчасига сўнгги машғулотга қараб аниқлик киритамиз. Янги футболчилар, жумладан,  Шомуродовнинг жамоага мослашиши қандай кечмоқда? Бир қатор йигитлар ҳафта давомида жамоавий машғулотларда иштирок этишмади. Шомуродов эса катта иштиёқини намойиш этмоқда, Италия футболига тезроқ мослашиш йўлида чинакамига ишламоқда».

Статистик ва таҳлилий маълумотлар берадиган WhoScored сайти «А» серия 4-тури доирасидаги «Верона» - «Женоа» (0:0) учрашувидан кейин футболчилар ўйинини баҳолади. Мазкур баҳсни асосий таркибда бошлаган футболчилар орасида 10 баллик баҳолаш тизимида энг паст балл Элдор Шомуродовга қўйилган. Дебют ўйинида майдонда 63 дақиқа тўп сурган ўзбекистонлик ҳужумчининг ҳаракатлари 6,3 баллга лойиқ кўрилган. «Женоа» сафида энг юқори балл дарвозабон Маттиа Перинга тегишли - 9,1. Италиялик дарвозабон учрашувнинг энг яхши футболчисига айланган.

Фикрлар

Яндекс.Метрика