Қоронғи режим
Logo

Элдор Шомуродовга дўстона маслаҳат

Элдор Шомуродовга дўстона маслаҳат

Шомуродовга дўстона маслаҳат

Сўнгги кунларда «Женоа» шарафини ҳимоя қилаётган ҳамюртимиз Элдор Шомуродовнинг «Ювентус»га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар интернетни «ёндирди». Бу Хитойда ўтказилган Осиё чемпионатида ёшларимиз эришган чемпионликдан кейин футболимизда рўй берган энг катта воқеликлардан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Умуман, Шомуродовнинг Италиядаги фаолиятига хорижлик ҳамкасбларимиз ҳам бефарқ қарашмаяпти. Хусусан, россиялик журналист Алексей Дурнов Элдор ҳақида дўстона фикрлар билдирди. Қуйида унинг сўзларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

- Ростини айтсам, «Ювентус»нинг Шомуродовга қизиқаётгани ҳақидаги хабарлар мени шубҳа остига қўяди. Албатта, янглишсам, хурсанд бўламан, лекин ўтган йилнинг сўнгги икки ойида «Женоа» ҳақида фикр билдиришдан бошқа ҳеч нарса қилмаган инсон сифатида қуйидагиларни айта оламан. Элдорга ҳозир Генуяда қолиш афзалроқдир. «Женоа» - жар ёқасидаги клуб. Жамоа фалсафага риоя қилган ҳолда 17-ўрин учун кураш билан яшайди: «ўламиз, лекин учиб кетмаймиз». Сўнгги икки мавсумда жамоа шундай мақсад билан ишлади ва бу сафар ўтган галги хатоларни тўғрилаш вақти келганга ўхшайди. Январда «Женоа» катта эҳтимол билан яна ўн нафар футболчини таркибига жалб қилади ва омон қолиш режимини ишга солади. Ҳужум чизиғида «гриффонлар» муносиб танловга эга: Пандев, Дестро, Пьяца, Скамакка, Шомуродов. Элдор учун бу тенг ва муносиб рақобат. Улардан бири билан асосий таркибдаги ўрин учун курашиши, қолаверса, ҳар бири билан майдонда муносиб тандем ўрнатиши мумкин. Тахминимча, Шомуродовнинг «Ювентус»даги ҳолати бундай бўлмайди. Криштиану ва Буффон билан биргаликда машғулотлар ўтказилади, аммо ўйин дақиқалари умуман берилмаслиги эҳтимолдан холи эмас. У ерда Роналду, Мората ёки Дибала бирор сабаб билан сафдан чиқсагина Шомуродов майдонга тушиши мумкин. Қолаверса, Пирло Кьеза ёки Кулушевскини бу футболчи билан алмаштириш вариантини танламаса керак. Хуллас, Турин клубида захира чуқур. Футболчиларга маслаҳат бериш мен учун эмас, лекин агар Шомуродов «А» серия-даги фаолия­ти узоқ йиллар давом этишини истаса, Италия чемпионатининг ўртамиёна жамоаси сафига қўшилгани маъқул. Ақлли мураббий бўлса, у марказий ҳужумда кучли ўйин кўрсатади. Масалан, Михайловичнинг «Болонья»си ёки Юричнинг «Верона»си унга мос келиши мумкин. Ёки бўлмаса, Инзагининг «Беневенто»си, ҳатто, «Парма» ҳам ёмон вариант эмас. Умуман олганда эса, Шомуродов учун энг идеал жамоа - бу «Сассуоло». Яна бир нарса. Агар «Женоа» бу мавсум қуйи лигага тушиб кетадиган бўлса, жамоа таркиби дарҳол тарқалиб кетади. Етарлича ўйин интеллекти билан Шомуродов, албатта, ўзига мос итальян клубини топади. Бу тасдиқланган йўл. Аммо «Ювентус»га ўтадиган бўлса, захирада қолиб кетиш эҳтимоли ортади. Оқибатда, «Ростов»га қайтиш учун энг тўғри йўлни танлаган бўлади, - дейди Дурнов.

***

Италиянинг машҳур Gazzetta dello Sport нашри ҳам «Женоа»да порлай бошлаган Элдор Шомуродов ҳақида алоҳида мақола ёзди. Газета танлаган сарлавҳага эътибор қаратинг: «Женоа» ўзининг янги Элдор ..адосини топди»Мақолада ҳамюртимизнинг Италиядаги ҳаёти, Ўзбекистонда унинг фаолиятига муносабат ёзилган, футболчининг натижалари, «Инстаграм» тармоғидаги саҳифасига боғлиқ бир қатор қизиқарли маълумотлар берилган. Эътиборлиси, ЎФА матбуот хизмати раҳбари Даврон Файзиевнинг ёзишича,
Gazzetta журна-листлари ЎФАга мурожаат қилиб, терма жамоамиз бош мураббийи Вадим Абрамовнинг фикри билан ҳам қизиқишган. Хуллас, Шомуродов сабаб, Италия оммаси Ўзбекистон футболи билан яқиндан танишмоқда.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!