Қоронғи режим
Logo
19 сентябрь — тарихда илк бор аёлларга умумий сайлов ҳуқуқи берилган кун. Бугунги кунда Ўзбекистонда аёллар қандай ҳуқуқларга эга?

19 сентябрь — тарихда илк бор аёлларга умумий сайлов ҳуқуқи берилган кун. Бугунги кунда Ўзбекистонда аёллар қандай ҳуқуқларга эга?

Бундан 128 йил олдин дунёнинг энг чекка мамлакатларидан бири — Янги Зеландияда аёллар тарихда илк бор умумий сайлов ҳуқуқига эга бўлди. Кейинги юз йиллик давомида бутун дунё бўйлаб аёллар ҳуқуқлари учун кураш олиб борилиб, уларга қатор ҳуқуқ ва имтиёзлар берилди, жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Хўш, бугунги кунда ўзбекистонлик аёллар қандай ҳуқуқий имтиёзларга эга? Улар ўз имтиёзларидан тўлиқ хабардорми? «Дарё» Бутунжаҳон аёллар сайлов ҳуқуқи куни муносабати билан Ўзбекистонда аёлларга берилган алоҳида ҳуқуқий имтиёзларнинг баъзилари ҳақида тўхталиб ўтади.

Бош қомусимиз — Конституцияга кўра, эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлидирлар. Бироқ бу аёлларга айрим эркакларда йўқ ҳуқуқлардан фойдаланишга халақит бермайди. Аёллар табиатан нозик хилқат бўлгани туфайли, уларга қаратилган ҳар қандай ноҳақлик жамиятда «норозиликлар бўрони»ни келтириб чиқариши мумкин. Шу сабабдан, аёл ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга янада кўпроқ имкониятлар яратиб бериш жамиятда долзарб масала ҳисобланади. Аммо бунга қанчалик эришилади, бу умуман бошқа мавзу.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари олиш ҳуқуқи

Ўзбекистонда икки турдаги «декрет» таътиллари мавжуд: ҳомиладорлик ва туғиш ҳамда болани парвариш қилиш учун олинадиган таътиллар. Иккинчи таътилни аёллар ҳам, эркаклар ҳам ололсалар, биринчиси фақат аёлларгагина берилади. Бу Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексининг 233-моддасида белгилаб қўйилган: «Аёлларга туғруққа қадар 70 календарь кун ва туғруқдан кейин 56 календарь кун муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, ижтимоий суғурта бўйича нафақа тўланади».

Қонунчилик яна бир муҳим масалани кўздан қочирмаган, яъни ҳомиладорлик оғир кечган ёки 2 ва ундан ортиқ бола дунёга келганида аёлларнинг вазияти анча мушкуллашишини ҳисобга олган ҳолда бундай ҳолларда 56 эмас 70 кун таътил олиш ҳуқуқи берилган (МК 233-модда). Ушбу таътил мобайнида аёллар ишламайди ва ҳомиладорлик таътил бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган мукофотларининг 1/12 қисми ва ойлик иш ҳақи қўшилиб аниқланган ўртача ойлик иш ҳақини олади.

Эркаклар ҳам болани парваришлаш учун бериладиган таътилдан фойдаланишлари мумкин (МК 234-модда). Масалан, агар болани она эмас, ота парвариш қилиши тўғрисида келишиб олинса, унда аёллар ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан эртароқ чиқиши ёки уни умуман расмийлаштирмасликлари мумкин. Бундай вазиятда ота бола парвариши учун таътилни расмийлаштириб олади. Бироқ бир вақтнинг ўзида ҳам она, ҳам ота бу бола парвариши учун таътилдан фойдаланишлари мумкин эмас.

Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа шу бўйича Низомнинг 4-банди 48-пунктига мувофиқ иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилади. Аммо бола парвариши учун олинадиган таътил учун нисбатан камроқ тўланади. Бунда аёллар ҳам, эркаклар ҳам таътил бошланган ойдан олдинги 12 ой даврида олган мукофотларининг 1/12 қисми ва ойлик иш ҳақи қўшилиб аниқланган ўртача ойлик иш ҳақини олади.

Статистикага кўра, бола парвариши учун бериладиган таътилни 1 фоизгина оталар олар экан.

Ота-оналарда фарзанди йўқ шахсларга нисбатан меҳнат ҳуқуқлари кўпроқ. Бу ота-оналар ўзларидан ташқари болаларини ҳам таъминлашлари, тарбия қилишлари ва улар билан вақт ўтказишлари зарурияти билан боғлиқ. Шу сабабдан ҳам, иш берувчи барча ота-оналарни ҳам хизмат сафарига юбора олмайди. Меҳнат кодексининг 228-моддасида таъкидланишича, ҳомиладор аёллар, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боласи ёхуд 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги мавжуд бўлган фарзанди бор аёлларни уларнинг розилигисиз хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди. Қўшимча тарзда бундай оналар тунги ишлардан, иш вақтидан ташқари ишлардан ва дам олиш куни ишлашдан воз кечишлари мумкин. Иш берувчи уларни мажбур қилолмайди. Аксинча, аёллар иш вақтларини қисқартириб берилишини, қўшимча бир кун дам олиш куни ёки қўшимча таътил сўраб иш берувчига мурожаат қилишлари мумкин (МК XIV боб).

Танзила Нарбаева: проект железной дороги Мазари-Шариф-Кабул-Пешавар стал  «событием века»                                Ўзбекистон Республикасининг биринчи аёл Сенат раиси Танзила Норбоева

Эркакларга эса Меҳнат кодексининг 228-моддасида кўрсатилган имтиёзлардан болани ёлғиз, яъни онасиз тарбия қилаётган бўлсаларгина фойдаланишлари мумкин (МК 238-моддаси).

Иш берувчи штатни қисқартириш тўғрисида бош қотираётган пайтда болали шахсларнинг ишда қолиш эҳтимоли юқорироқ. Айниқса, ёш болали аёлларнинг ҳуқуқлари кўпроқ. Агар бола 3 ёшга тўлмаган бўлса, унинг онасини штатни қисқартириш важи ёки аттестациядан ўтолмаганлиги учун бўшатиб юбориб бўлмайди.

Бола парвариши бўйича таътилда бўлган ота-оналарни ишдан бўшатиш ҳақида эса гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Бундай ҳолатларга корхона бутунлай тугатилган ва бошқа фаолият юритмаётган бўлсагина йўл қўйилиши мумкин. Шундай ҳолларда меҳнат шартномаси уларни, албатта, ишга жойлаштириш шарти билан бекор қилинади. Мазкур аёлларни ишга жойлаштиришни маҳаллий меҳнат органи уларни ишга жойлаштириш даврида қонунчиликда белгиланган тегишли ижтимоий тўловлар билан таъминлаган ҳолда амалга оширади (МК 237-модда).

Аёлларда бундай ҳимоя ишлаб турган ёки таътилда, эри бор ёки йўқ ва эри қанча ишлаб топишидан қатъи назар ишлайди.

Ишда ортиқча юк кўтармаслик ҳуқуқи

Қонун бўйича аёлларнинг улар учун мумкин бўлган нормадан ортиқ юкни кўтариши ва ташиши ман этилади. Юкни кўтариш ва ташиш 9 килограммгача, ҳар соат кўпи билан 2 маротаба; доимий ташиш 6 килограммгача; иш вақти давомида 300 килограммгача, полдан кўтариш бўлса 150 килограммгача ташишга йўл қўйилади.

Ташишлари мумкин бўлган юк нормаларининг чегарасини Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда тасдиқлайди.

Аёлларнинг таъминот олишдаги устунлиги

Оила аъзолари бир-бирларидан ўзаро молиявий ёрдам олишга ҳақлари бор. Эр-хотинлар агар иккисидан бири меҳнатга лаёқатини йўқотган бўлса, бири иккинчисини таъминлаши шарт. Эркаклар хотини ҳомиладор бўлса ёки фарзанди уч ёшга тўлмаган бўлса, у ҳолда турмуш ўртоғининг таъминотини бўйнига олиши керак. Бу собиқ хотинларга ҳам тегишли.

Яъни ажримда аёл эридан фарзанди уч ёшга тўлгунига қадар ўзи учун ҳам алимент талаб қилиши мумкин. Эркаклар эса хотинидан фақатгина бола ота билан қолган тақдирдагина алимент талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Алимент суммаси борасида ўзаро муросага келолмаётган эр-хотинлар судга мурожаат қилишлари керак.

Қонун эркакларга 2 хил вазиятда ажрашиш ташаббуси билан чиқишни тақиқлайди:

  • Хотини ҳомиладор бўлса;
  • Бола туғилганига, ҳали бир йил тўлмаган бўлса.
  • Бу вазиятда ажрашишга аёлгина қарор қабул қилиши мумкин. Бу қоида бола ўлик туғилган ёки туғилгандан сўнг бир йил ичида вафот этган ҳолларда ҳам татбиқ этилади.

Юқоридаги вазиятда эрнинг ажрашиш учун даъвосини суд ҳаттоки кўриб ҳам чиқмайди.

Аёлларнинг нафақага доир ҳуқуқлари

«Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти» тўғрисидаги қонунига кўра, аёллар эркаклардан беш йил олдин нафақага чиқади. Ундан ташқари аёлларнинг бу борада қўшимча ҳуқуқлари бор. Масалан, агар улар иш стажи камида 20 йил бўлиб, болаликдан ногирон фарзандларини саккиз ёшгача тарбиялаган бўлса ёки аёл ўгай ўғил ва қизни улар 8 ёшга тўлгунига қадар камида 5 йил тарбиялаган бўлса, уларнинг нафақага чиқиш ёши имтиёзли равишда яна 5 йилга қисқартирилиши мумкин.

Қолаверса, имтиёзли нафақалар тайинлаш чоғида ҳам аёлларга енгиллик берилган. Мисол учун, ерости ишларида, меҳнат шароити ўта зарарли ва оғир ишларда тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходим эркакларнинг иш стажи камида 20 йил бўлиб, бундан камида 10 йили шу ишларга тўғри келса ёшлари 10 йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олади. Аёлларда эса иш стажи камида ўн беш йил, ундан етти йил-у олти ойи шу ишга тўғри келса бас.

Лола Каримова покинула должность посла Узбекистана при ЮНЕСКО - 02.02.2018,  Sputnik ТаджикистанЎзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик миссиясига раҳбарлик қилган биринчи аёл дипломат — Лола Тиллаева-Каримова

Икки ёшгача бўлган болалар парвариши ҳамда 14 ёшгача бўлган болалари учун аёллар нафақа олишлари мумкин.

2021 йил 1 сентябрдан бошлаб, президент фармони билан шу пайтга қадар амалда бўлган кам таъминланган оилаларга 14 ёшгача болалари учун нафақа ва 2 ёшгача болани парвариш қилиш нафақаси ўрнига ягона болалар нафақаси жорий этилди. Ушбу нафақани тайинлашда:

  • болалар ёши меъёри 14 ёшдан 18 ёшгача оширилди;
  • тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача узайтирилди;
  • нафақа миқдори оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгиланади;
  • фарзанди бўлмаган ёки фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга ҳам моддий ёрдам тайинланди.
  • Болалар нафақаси ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўловларининг қуйидаги янги миқдорлари белгиланмоқда. Болалар нафақаси оиланинг:
  • 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган битта фарзанди учун — 250 000 сўм (+56 000 сўм);
  • 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанди учун — 325 000 сўм (+131 000 сўм);
  • иккинчи фарзанди учун қўшимча — 150 000 сўм (+186 000 сўм);
  • учинчи ва ундан кейинги ҳар бир фарзанди учун-100 000 сўмдан (амалдаги 190 минг сўмдан 290 минг сўмгача кўп);
  • моддий ёрдамнинг миқдори — 380 000 сўм.

Хотин-қизларнинг ўқишга доир имтиёзлари

Яна бир фақат юртимизда мавжуд бўлган хотин-қизлар учун яратилган қулайликлардан бири — «Хотин-қизлар гранти». Ижтимоий муҳтож оилалардан чиққан хотин-қизлар учун ОТМларда қўшимча грант ўринлари ажратилган бўлиб, олий маълумот олишни истаётган ва 2021 йил 3 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган «Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» 2020 йил 23 июндаги 402-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги №338-сонли қарорига кўра ушбу низомнинг мезонларига мос келган қизлар ўзлари истаган ОТМда давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинишлари мумкин. Мезонлар деганда эҳтиёжмандлик даражасига кўра «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган оиланинг қиз фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган хотин-қизлар тўғрисида сўз кетмоқда.

Жиноят қонунчилигида аёлларга белгиланган енгилликлар

Жазо беришда ҳам аёлларга бир қатор енгилликлар яратилган бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 29-моддасига биноан Маъмурий қамоққа олиш чораси ҳомиладор аёлларга, уч ёшгача боласи бўлган аёлларга, ўн тўрт ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахсларга қўлланиши мумкин эмас.

Қўшимча қиладиган бўлсак, Жиноят кодексининг 21²-моддасига кўра ҳомиладор ва уч ёшгача боласи бор аёлларга мажбурий меҳнат жазоси ва ахлоқ тузатиш ишлари қўлланилмайди. Жиноят кодексида энг узоқ муддатли озодликдан маҳрум этиш муддати этиб 25 йил белгиланган бўлса-да, аёллар умрбод озодликдан маҳрум этилмайдилар ва уларга тайинланадиган жазо ушбу муддатнинг 2/3 қисмидан кўп бўлиши мумкин эмас.

Гендер тенглигининг таъминланиши

Жамиятнинг нозик нуқталаридан бири — хотин-қизларга нисбатан бўлган тазйиқ ва зўравонликни ҳам камайтириш ва бу орқали аёлларни оила ва ишда ҳимоя қилиш мақсадида 2019 йил сентябрида «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида» қонун эълон қилинди. Қонунга асосан, аёллар бир қатор ваколатли органлар — Вазирлар Маҳкамаси, жойлардаги маҳаллий давлат, ички ишлар, меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш тизими ҳамда таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш тизими ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Хотин-қизлар қўмитаси томонидан турли шаклда ҳимоя қилиниши кўзда тутилган.

Ўзбек менталитетдан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, аёллар тазйиқ ва зўравонликка учраганларида бу ҳақида ваколатли органларга хабар беришдан уялади. Шу сабаб ушбу қонунда хотин-қизларга ҳимоя ордерини нафақат жабрланувчининг, балки ён-атрофдагиларнинг мурожаатига кўра бериш ҳам кўзда тутилган. Жумладан, жамоатчилик, иш жойларидаги фаоллар, раҳбарлар, маҳалладаги хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассислар, қўни-қўшнилар. Ҳимоя ордери бериш тартиби шундайки, хабар берилганида профилактика инспектори воқеа жойига зудлик билан бориб, ҳужжатларни расмийлаштиради ва (жабрланувчига) дарҳол ҳимоя ордерини беради.

Аёлларга яратилган имтиёз ва енгилликлар шулардангина иборат эмас. Уларни ҳар жабҳада ҳимоя қилиш ва ҳуқуқларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар йилдан йилга кўпаймоқда. Бу имтиёзлар «оғизда» қолибгина кетмасдан, ҳужжатларга кўчирилиб, қонун ҳимоясига олинмоқда. Аммо уларнинг амалиётда ишлатилиши ва аёллар томонидан фойдаланилиши ҳозирча кенг миқёсда амалга оширилганича йўқ.

Манба: daryo.uz

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!