Қоронғи режим
Logo
Қандай қўшимча харажатлар туфайли Ҳаж сафари нархи оширилди?

Қандай қўшимча харажатлар туфайли Ҳаж сафари нархи оширилди?

«Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори оширилиб, 62 миллион 900 минг сўм этиб белгиланганди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси ушбу тўловга нималар кириши ҳақида маълумот берди.

Идора томонидан тақдим этилган маълумотда биринчи навбатда Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани, шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30-40 фоиз) ошгани билдириб ўтилган.

Шунингдекдек, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилгани, шу сабабли дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40-45 фоизга кўтарилгани қайд этилган.
Маълум қилинишича, Ўзбекистон томони Саудия билан олиб борилган узоқ музокаралар натижасида зиёратчилар учун иқтисодий пакет нархига люкс даражасидаги хизмат кўрсатишга эришди ва тўлов учун ўрта нархни белгилади. Айрим давлатларда энг қиммат пакетлар нархи 25 минг долларгача этиб белгиланган.

Ўзбекистонлик зиёратчилар жорий мавсумда биринчи марта Мадина шаҳрида «Масжиди Набавий»дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли «Зам-зам Pullman» ва «Краун Плаза» меҳмонхоналарида истиқомат қилади. Макка шаҳрида эса «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонасида яшайди.

Таъкидланишича, Ушбу меҳмонхоналар юқори сиғимли экани, муқаддас қадамжоларга яқинлиги билан алоҳида ажралиб туради. Масалан, Макка шаҳридаги «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси барча ҳожиларимизни бир вақтда жойлаштириш имкониятига эга.

 

Бундан ташқари, сафар давомийлиги айрим қўшни давлатлар зиёратчилари сингари 14-17-20 кун эмас, балки 26 кунни ташкил этади. Бу ҳам, табиий равишда, нархларга ўз таъсирини кўрсатади.

Жорий ҳаж мавсумида Саудия ҳукуматининг қарорига асосан, барча тўловлар ширкатлар орқали эмас, балки Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлигининг «Ҳаж электрон портали» орқали белгиланган тартибда амалга оширилди. Ушбу порталда ҳар бир давлат учун алоҳида ҳисоб рақами мавжуд бўлиб, барча хизматлар: меҳмонхона, транспорт, машоир ва ҳоказолар учун шу ернинг ўзида инсон омилисиз шаффоф ҳолда амалга оширилади.

Машоир (Мино, Арафот, Муздалифа) хизматлари ҳам сезиларли даражада кўтарилди. Шундай бўлсада, иқтисодий пакет олинди ва олдинлари тақдим этилмаган хизматлар кўрсатишга эришилди.

«Жумладан, авваллари зиёратчилар Мино водийсида гиламда ётган бўлсалар, бу йил ҳар бир ҳожи учун махсус ёйма тўшаклар (матраслар) ажратилади. Шунингдек, бошқа давлатларда 3 маҳал иссиқ овқат берилмасада, юртимиз зиёратчилари учун Мино ва Арафотда ҳам 3 маҳал иссиқ овқатлар тортиқ этилади. Қолаверса, 24 соат давомида бепул тиббий хизмат кўрсатилади», — дейилади идора берган изоҳда.

Мусулмонлари идораси берган маълумотга кўра, ҳаж учун тўланган маблағ ичига қуйидагиар киради:

  • Ҳаж визаси;
  • Авиабилет;
  • Шаҳарлараро (Мадина-Макка-Жидда) транспорт хизмати;
  • Мадина шаҳрида «Зам-зам Pullman» ва «Краун Плаза» меҳмонхонаси;
  • Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, Қубо ва икки қиблали масжидларга зиёрат;
  • Макка шаҳрида «Аброж ал-Ҳидоя» меҳмонхонаси;
  • Мино, Арофат ва Муздалифа водийларидаги барча хизматлар;
  • 24 соат тиббий хизмат;
  • Ҳожиларнинг тиббий суғуртаси;
  • 24 соат транспорт хизмати;
  • 3 маҳал исиқ овқат: нонушта, тушлик ва кечки овқат;
  • Ҳаж қўлланмаси;
  • Давлат рамзлари туширилган нимча ва сумка;
  • «Замзам» суви (5 литр);
  • Республиканинг 7 та ҳудудидан кузатиш ва кутиб олиш;
  • Мадинаи мунавварага тўғридан-тўғри авиарейс;
  • Қурбонлик.

Маълумот учун, бу йил Ўзбекистондан 10 865 киши Ҳаж сафарига боради. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафар эди. Ҳаж ибодатини адо этиш учун ёш чегараси Саудия Арабистонининг қатъий талабига кўра 65 ёшгача этиб белгиланди.

Ҳаж сафарга жўнаш авиақатновлари 18 июнь куни Uzbekistan Airways самолётлари орқали амалга оширилади ва 30 июнга қадар давом этади. Зиёратчиларни Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қарши, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларидан ташиш режа қилинган.

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!