Қоронғи режим
Logo
Абдуқодир Мўминов: «Онам билан кўриштиришди, гаплашдим...»

Абдуқодир Мўминов: «Онам билан кўриштиришди, гаплашдим...»

24 феврал, жума куни АОКА ташкилотчилигида Тошкент шаҳар ИИББ вақтинчалик ҳибсхонасида сақланаётган You Tube платформасида блогерлик қилиб келган, айни пайтда Жиноят кодексининг 168 ва 165-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланиб терговга жалб қилинган Абдуқодир Мўминов билан учрашув ташкил қилинди.

Абдуқодир Мўминовга, аввало, у ҳақда тарқалган нохуш хабар (унинг ҳибсхонада вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалган эди) ҳақида билдириб, унинг соғлиги билан қизиқдик.

– Соғлигим яхши, соғлигим билан муаммо ҳам бўлганича йўқ. Ҳамма яхши муомала қиляпти. Мен ўзим ҳам бундай тасаввур қилмагандим. Хонамиз бор – ҳозирги ётган хонамиз. Ҳаммаси озода, уч маҳал яхши овқат бериляпти.

– Тергов жараёнларида руҳий ёки жисмоний тазйиқлар қилинмаяптими? Умуман, тергов жараёнларида қонунийлликдан четланиш ҳолатлари бўлмаяптими?

– Ўзим нима хато қилган бўлсам, шу бўйича тергов бўляпти. Ҳаммаси қонуний. Менга нисбатан жисмоний ёки руҳий тазйиқлар бўлгани йўқ.

– Адвокат масаласи-чи? Ўз вақтида адвокат хизматидан фойдаланяпсизми?

– Давлат томонидан берилган адвокатдан фойдаланяпман. Очиғини айтаман, биринчи марта Бобур Муқаддамов деган адвокат келган эди. У билан ўртамизда аввалдан зиддият бор эди. Шунинг учун ундан воз кечдим ва ўзимга кўпроқ ишонганим яхши, деб ўйладим.

– Кўчадан егулик, кийим-кечак киритишяптими?

– Ҳа, мана кийимим бу ерга келганимда бошқача эди, устимдаги кийимни олиб келишган экан (устидаги кийимига ишора қилиб)...

– Яқинларингиз озиқ-овқат ҳам киргизишяптими?

– Йўқ, овқати яхши бу ерни. Озиқ-овқат шарт эмас. Ростданам яхши овқати. Тўғрисини айтайми, ўйламагандим бунақа овқат беради деб. Уч маҳал, яхши овқат, гўштли.

– Адвокат масаласини тушунтириб берсангиз...

– Ҳа, давлат томонидан берилган адвокат билан ишлаяпман, яхши инсон экан. Айрим ҳуқуқий жиҳатдан маслаҳат сўрасам, тўғри-тўғри айтиб, тушунтиряпти. Бобур (Бобур Муқаддамов, -таҳр.)дан воз кечишимга сабаб, менга қарши ишлашга ҳаракат қилгандай туюлди. Бунга аввалдан зиддиятда бўлганимиз сабаб, менимча. Кеча (23 феврал, -таҳр.) онамга ҳам бу адвокатга бир тийин ҳам пул берманг, умуман ундан узоқ юринг, дедим. Тўғриси, шундан кейин бошқа адвокатларга ишонч қолмади. Шунинг учун ўз ҳуқуқимни ўзим ҳимоя қилганим яхши. Қайтага давлат томонидан берилган адвокат босиқ, жойида, имкон қадар менга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти. Тўғрисини айтишим керак.

– Сизнинг соғлигингиздан хавотир олган ва «вафот этди» деган мазмундаги нохуш хабарни тарқатаётганларга нима дейсиз?

– Билмасдан туриб туҳмат қилишмасин. Менинг ўзим ҳам,  хабарингиз бор, Ўзбекистон ҳукуматини жиддий танқид қилиб келар эдим. Лекин ўз кўзим билан кўрдим, ундай эмас. Очиғини айтаман, мана, яширадиганим йўқ. Тўғри гапириб ўрганган одамман. Кимдир урган ёки бошқа шу каби ҳолатлар бўлаётгани йўқ. Тергов ҳаракатлари қонун доирасида қандай бўлса, шу бўйича кетяпти. Ижтимоий тармоқларда кўрмай-билмай туриб (тасдиқланмаган хабарларни, -таҳр.) тарқатиш керак эмас. Менинг ўзим ҳам бундай тасдиқланмаган ва ишончсиз маълумотларни ёритишни ёмон кўрганман. Кимлардир гапиряпти, чиқаряпти, ўзига инсоф берсин. Кеча, масалан, онам билан кўришдим (Zoom платформаси орқали, -таҳр.). Холамлар билан ҳам кўришдим, раҳмат ҳаммасига.

***

Биз суҳбат сўнгида унга саломатлик ва мушкули тез орада аришини тилаб, бу суҳбатни эълон қилишимизни, агар хоҳласа, видео ва фотолари билан бойитишимизни айтдик.

– Видео ва аудиони чиқарманглар, илтимос. Суратимни интернетдан олиб қўяверинг. Кўриб турибсизлар, ўзгарганим йўқ, ҳолатим худди аввалгидай, – дейди у.

Биз яна бир бор унга соғлик тилаб, пойтахт ИИББ вақтинчалик ҳибсхонасидан чиқдик.

Элбек БОЙМУРАДОВ
Xabar.uz мухбири 

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!