Қоронғи режим
Logo

Билл Гейтс: "Алгоритмлар билан ўйнаш — завқли..."

Билл Гейтс:

Forbes USA Билл Гейтсдан интервю олди. Сунъий интеллект (СИ) «яккашохи» OpenAI билан ҳамкорлик, ChatGPT, Microsoftдаги ишлар, СИнинг меҳнат бозори, тиббиёт ва бошқа-бошқаларга таъсири... Озгина вақтингизни аямасангиз мураккаб технологиянинг сир-синоатлари, замонамизнинг энг бой ва машҳур кишиларидан бирининг бу ҳақда кўрган-билганлари билан танишиб оласиз.

Маълумот учун: Билл Гейтс болаликдаги дўсти билан 1975 йилда асос солган, кейинчалик уни дунёнинг энг бой одамига айлантирган Microsoft компаниясининг директорлар кенгашини 2020 йилда тарк этган. Бироқ, буткул кетмаган: ўзининг айтишича, ҳозир ҳам 10 фоизга яқин вақтини компаниянинг штаб-квартираси (Редмонд, Вашингтон штати)да ўтказади, дастурчилар жамоаси билан учрашиб туради. Бу йиғинларда бош мавзу — сунъий интеллект, у одатий иш жараёнларини қандай ўзгартираётгани, бу усуллар Microsoft дастурий таъминотида қандай акс этаётгани ва ҳ.о.

2022 йилнинг ёзида Билл Гейтс OpenAI асосчиларидан бири ва президенти Грег Брокман билан учрашиб, стартапнинг сунъий интеллект  базасида контентни ишлашга мўлжалланган маҳсулотлари билан яқиндан танишди. Учрашув арафасида стартап Microsoft билан «узоқ йиллик, кўп миллиардли» чуқур ҳамкорлик ўрнатганини эълон қилганди.

— Янглишмасак, OpenAI ҳақида биринчи марта 2018 йилда қизиқиш билан гапиргандингиз, шундай эмасми? Айнан қачондан бу компанияга қизиқиб қолгансиз?

— Сунъий интеллектга қизиқишим дастурий таъминот олами билан илк танишган кунларимда бошланган. Компютер кўриши, эшитиши ва ёзиши мумкинлиги ғоясини амалга ошириш — бутун саноатимизнинг азалий асл мақсади. Мени бу нарса доим қизиқтириб келган. Вақтлар ўтиб машина ўрганиш усуллари ўта яхши ишлай бошлади, айниқса, нутқ ва тасвирларни аниқловчи ечимлар пайдо бўлди. Мени ҳайрон қолдирган нарса эса — ҳали жуда кўплаб ихтироларга муҳтож эканимиз. Шулар рўёбга чиқсагина сунъий интеллект чин маънода ақлли, имтиҳонлар топшира оладиган, матнларни муаммосиз ёзадиган бўлади.

Сэм Алтман (OpenAI бош ижрочи директори)ни яхши танирдим. OpenAI да Грег (Брокман) ва Иля (Суцкевер, стартап асосичиларидан бири ва бош таҳлилчиси) каби ходимлар билан ҳам танишдим. «Биласизми, агар биз билимларнинг аниқроқ ифодасини ва рамзий мантиқнинг аниқ шаклларини етказиб беролмас эканмиз, ишланма (СИ) тўлиқ салоҳиятга эришмайди», дедим уларга. Нафақат мен, бошқалар ҳам шу масалани кўтарганди. Бироқ улар бу улкан тил моделларини масштаблаш давомида машиналарнинг ўзини қандай тутиши анча кўзга ташланиб қолишига мени ишонтира олишди. Бундан ташқари, улар айрим инновацияларни ҳаётга татбиқ этиб, уларни махсус ўқитишга киритишди. Мен улар билан доимий алоқадаман, улар эса ўз ишланмаларини ажойиб намойиш этишмоқда. Энди, орадан вақт ўтиб, улар жамоавий, айниқса, вазифаларни ечишда керак бўлган профессионал бэкенд-дастурчилар билан ишлашга ўтишди. Бу ишларнинг ҳаммаси  Microsoft билан ҳамкорлик ортидан бошланди.

— Сизнинг шахсий меросингиз (Microsoft) уларнинг мероси (OpenAI)га ёрдамлашаётганига гувоҳ бўлиш ёқимли бўлса керак-а?

— Ҳа, албатта, чунки бунақа нарсаларни яхши кўраман. Мана, бекорга жамғармамнинг кепкасини кийиб келмадим, математика репетитори бутун шаҳар ўқувчиларига сабоқ бериши ёки тиббиёт мутахассиси умрида шифокорни кўрмаган африкаликларга маслаҳат бериши мумкинлиги, бу ахир фантастика-ку! Қиладиган ишларимиз жуда кўп, аммо ҳаммасидаям дастурчилар каби ишчилар армиямиз йўқ. Шунинг учун ҳам ўтган йили сунъий интеллект бўйича эришилган силжишдан жуда қувондим.

— Шунчалик кўп ва муҳим технологик ўзгаришларга сизчалик яқин масофада гувоҳ бўлганлар камдан-кам топилади. Сунъий интеллектни ўша технологиялар билан қиёслаш мумкинми?

— Ҳаммаси кафтдагидек намоён-ку! Аввал график интерфейси йўқ шахсий компютерлар (ШК) туғилди. Кейин Windows ва Mac сингари график интерфейсли ШКлар пайдо бўлишни бошлади — ўша пайтларда кўп вақтимни Xerox PARC («Кремний водийси»даги тадқиқотчилар гуруҳи, шахсий компютердан тортиб график процессорлар ва Ethernet  маълумотлар узатиш стандартигача ишланмалари билан машҳур — Forbes USA)да Чарлз Симони билан ўтказардим.  Ўша тажриба мен учун жуда кўп нарса берди ва қайсидир маънода Microsoft ва соҳанинг бошқа компаниялари шуғулланаётган кўп нарсалар учун йўл очди.

Ҳозир интернет даври — ҳаммаси мутлақо бошқа даражага ўтмоқда. Microsoft бош директори бўлган пайтим ходимларга интернетнинг кутилаётган «улкан тўлқини» ҳақида хат ёзгандим. Бироқ мени ҳозирги жараён — сўнгги 12 ойда сунъий интеллект борасида гувоҳ бўлганларим кўпроқ лол қолдирмоқда: оддий компютер, фойдаланувчи график интерфейсли компютер ва интернет каби сунъий интеллект ҳам жуда керак экан. Рақамли технологиялар тарихидаги тўрт муҳим босқич орасида у ҳам ўрнини эгаллаши зарур.

OpenAI қандай ишлашини бошқалардан яхшироқ биламан. Тўғри, у якка-ягона эмас. Умуман олганда, бу соҳа тинмай янги иштирокчилар ҳисобига кенгайиб боришининг ўзи ажойиб воқелик. Бироқ OpenAI қилган ишлар бошқача, улар бутун саноат (СИ) карвонбошисига айланишди. ChatGPT дан фойдаланиб кўрганлар ҳам фикримни тасдиқлашса керак.

— Сизнингча, сунъий интеллект иш жараёнларига, тадбиркорлар фаолиятига қандай таъсир кўрсатади? Самарадорлик ошганидан қувонишга ҳали эртамасми? Иш ўрнимизни йўқотиб қўйишдан ташвишланмасак бўладими? Одамлар буёғига қандай ишлаш учун нималарни билишлари керак?

— Сунъий интеллектнинг оёққа тураётганини кузатиб келаётган аксарият келажакшунослар (футурологлар)нинг айтишларича, СИ, биринчи навбатда, ишчи мутахассисликлар ва жисмоний меҳнатга таъсир қилади. Ҳозир айни жараён кечмоқда, шундай экан огоҳ бўлиб турган зарар қилмайди. Ҳалиям бу жараён кутганимдан секинроқ кечяпти. Биласизми, Родни Брукс (Массачусетс технология институтининг хизмат кўрсатган профессори ва робототехник соҳасида тадбиркор), назаримда, буларнинг ҳаммаси қанчалик тез юз бериши ҳақида жуда консерватив (паст) баҳо берди. Тўғри, автомобилларни автоном бошқариш технологиялари бир қатор мураккабликлар билан боғлиқ, аммо завод-фабрикаларда яқин 5-10 йилда роботлаштириш аниқ бошланиб кетади.

Аммо мени кўпроқ ҳайратлантираётган нарса матнларни ўқиш ва ёзиш — масалан, мураккаб ҳужжатлар тўпламини қисқа ифодалаш ёки қайсидир муаллиф услубида асар яратиш каби вазифалар. Улкан тил моделлари шарофати билан буларнинг барчасини бажариш, бу натижаларни янада такомиллаштириш мумкин бўлади, ҳаммаси оддий ва осон — ҳатто тасаввур ҳам қилиш қийин.

Ёзнинг бошларида Грег (Брокман)га шундай вазифа топширдим: «OpenAI модели (ChatGPT  — таҳр.) биология бўйича (ОТМга кириш учун) имтиҳон топшира оладими? Агар менга буни исботлай олсанг, у  фақат статистика маълумотларига таянмайдиган, балки ўта абстракт шаклдаги ҳодиса эканига ишонаман».

Мен эндигина дастурлаш билан шуғулланишни бошлаган кезларимда, биз гап тузувчи, турли от, феъл ва тўлдирувчилардан иборат, одатий инглизча синтаксисига асосланган генераторлар яратганмиз. Қолаверса, бизда феъллар, тўлдирувчилар тўплами бўлиб, шунчаки керакли сўзларни танлардик. Компютер ҳар гал беўхшов ва баъзида кулгили гапларни чиқариб берарди. Бундан жаҳлим чиқарарди: «Бемаънилик. Ёзув машинкасида ўтирган маймундан фарқи йўқ».

Ҳозиргига жуда ўхшаш манзара. Масалан, биология бўйича кириш имтиҳони саволларига жавоб беришни олайлик. Биология дарслигини ўқиётган одамнинг миясида нималар юз беради? Буни биз неврология даражасида тавсифлай оламиз. Бироқ ёзда OpenAI эришган ўсиш мени лол қолдирди.

Сунъий интеллект ҳуқуқ, ҳисоб-китоблар ёки тиббиёт соҳасида қандай ўринга эга бўлади? Назаримда ChatGPT ни ҳар соҳада синаб кўрмаган фақат дангасаларгина қолди. Ҳатто тадқиқотлар соҳаси каби фундаментал йўналишларда ҳам уни қўллаб кўришди.

ChatGPTнинг камчиликлари етарли. У хатога йўл қўймайди деб ҳали ҳеч ким айтган эмас. Қолаверса, фойдаланишда у интуитивлик даражаси билан ҳам мақтана олмайди. Математика каби фанларда алгоритм ечимлари мутлақо нотўғри. Шунга қарамасдан, нотўғри жавоб берганини ўзи тан олгани ажаблантиради. Биз унга судоку ўйнашни ўргатмоқчи бўлдик, дастур ўргатганларимизни яхши тушунмади, кейин эса шундай жавоб берди: «Вой, бехосдан ёзиб юбордим». Ёзиб юбордим? Ахир сенда клавиатура йўқ-ку, ҳатто бармоқларинг ҳам йўқ! Лекин сен «ёзиб юбордингми»? Қойил. Сунъий интеллект бундай дейишни мустақил, дарсликларни ўқитишда ўрганиб олган.

— Грег (Брокман) ва Сэм (Алтман) билан танишман дедингиз. Улар сунъий интеллект яратишга қанчалик масъулият билан ёндашишяпти ва бу технология сақловчилари бўлишга қанчалик муносиб? Айниқса, кучли сунъий интеллект яратиш йўлида?

— OpenAI га асос солишда бу нарсалар ўйланган. Улар, гарчи технология тараққий этиши учун комплекс ечимлар кўп бўлишига интилишаётган бўлишса-да, соф тижорий ташкилот эмас. Вақти келиб аппарат қурилмалар ва алгоритмга ўқитиш учун сарфланадиган пуллар миқдори ўнлаб миллиард долларга етади. Яқин келажакдаги муаммо — ишлаб чиқарувчанлик масаласи. Янги технология билан самарадорлик ошади, бу меҳнат бозорида ҳам акс этади. Узоқ келажакдаги мураккабликлар (унгача анча бор) айнан кўпчиликни ўйлантирмоқда: назорат масаласи. Технологияни назорат қилаётган одамлар уни нотўғри ўзанга буриб юборишса нима бўлади? Назоратни умуман йўқотиб қўйишса-чи? Муҳокаматалаб мавзу.

Йигитлар (OpenAI жамоаси) сунъий интеллект хавфсизлиги устида ишлашяпти. Бизнес-ҳамкор сифатидаMicrosoft ҳам бу масалага жуда жиддий қарайди. Албатта, сунъий интеллект ҳали кўп баҳсларни келтириб чиқаради. 2023 йилнинг энг қайноқ мавзуси ҳам шу бўлиши аниқ. Алгоритм меҳнат бозорида ўзгаришлар ясайди ва бизни ўйлантираётган савол — чегараларни белгилаш. Масалан, бу технологиялар илмий изланишларга татбиқ этиш учун ҳали хомлик қилади. Бироқ ҳозирги кўриб-билганларимдан хулосам шуки, яқин 5-10 йилларда бунинг ҳам фурсати етади.

— Технологиянинг қайси йўналишда қўлланилиши сизга ёқди ёки қизиқроқ туюлди?

— Алгоритмлар билан ўйнаш — завқли. Дўстлар билан учрашганда, давра кайфиятини берувчи шеър ёзиш мумкин. Шунчаки «Шекспир каби ёз», дейилса кифоя — тизим бирпасда ёзиб беради — креативлик ҳеч қачон зарар қилган эмас. Гарчи сунъий интеллектга фақат жиддий вазифалар учун киришим мумкин бўлса-да, гоҳида ундан эрмак учун фойдаланиб туришимни яширмайман. Сунъий интеллект ёзган шеърни ўқирканман, ўзим ҳеч қачон бунақасини ёза олмаслигимга амин бўламан.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!