Қоронғи режим
Logo
Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги "муаммолар" юзасидан аҳолига мурожаат қилди

Энергетика вазирлиги совуқ кунларда газ ва электроэнергияга бўлган талабнинг ошиши, уларни етказиб беришда юзага келаётган муаммолар юзасидан аҳолига мурожаат қилди. Тегишли мурожаат «Ўзбекистон 24» эфирида эълон қилинди

«Республикада совуқ ҳароратнинг кескин тушиб кетиши натижасида электр энергия ва табиий газга бўлган талаб ошган. Талабни қондириш учун табиий газ ва электр энергияси импорти ҳажмини тезкор чора ва келишувлар асосида максимум даражага ошириш ҳисобига кунлик табиий газ истеъмолининг 10 фоизи ҳамда электр энергиясининг 8 фоизи айнан қўшимча импорт ёрдамида таъминланаётгани айтилди.

Максимум талабни қондириш учун газ қувурлари ва магистрал электр тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти етарли бўлса-да, ресурслар етарли эмаслиги ҳисобига истеъмолчиларни энергия ресурслари билан таъминлашда муаммолар кузатилмоқда.

«Хусусан, аномал совуқ туфайли 12 январда қўшни мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш конларида юзага келган авариявий ҳолат табиий газ импортининг тўлиқ тўхташига ва электр энергияси импортининг 20 фоизга қисқаришига сабаб бўлди. Энергия ресурслари тақчиллиги кузатилаётган пайтда ушбу ресурсларни биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш учун электр энергияси экспорти тўхтатилди.

Бундан ташқари, йирик саноат корхоналарига энергия ресурсларини етказиб бериш ҳажми ўртача 70–80 фоизга қисқартирилди. Шунга қарамай, республиканинг электр энергияси истеъмоли энг баланд кўрсаткичга, яъни 250 млн кВт/соатга чиқди. Табиий газга бўлган кунлик талаб қазиб чиқаришга нисбатан юқорилигича сақланиб қолмоқда», — дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, 2022 йил 31 декабрь куни чеклов киритилмаган ва кунлик электр энергияси истеъмоли 220 млн кВт/соатни ташкил этган. Тошкент шаҳрида 13 январь куни электр энергияси истеъмоли 32 млн кВт/соатдан ортиб, турли сабабларга (авариявий ҳолатлар ва чекловлар) кўра 1 млн кВт/соат электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилмаган.

«Табиий газни аҳолига йўналтириш учун иссиқлик электр станцияларида табиий газ ёқиш ҳажми камайтирилиб, захирадаги мазут ёқилғиси режага нисбатан 3 баробарга кўп ёқилмоқда. Ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан жорий куз-қиш мавсумида Чорвоқ сув омборида сув сатҳининг юқорилиги сабабли гидроэлектр станциялар томонидан режага нисбатан 170 фоиз электр энергияси ишлаб чиқарилмоқда. Газ танқислиги кузатилаётган шу кунларда истеъмолчилар хонадонларни иситиш учун электр қурилмаларидан кенг фойдаланмоқда. Натижада, биргина Тошкент шаҳрида кун давомида тармоқларда юкламаларнинг ортиши ҳисобига мингдан ортиқ носозликлар юзага келди», — дейилган мурожаатда.

Носозликларнинг олдини олиш мақсадида республика бўйлаб барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналаридан қўшимча бригадалар Тошкентга жалб қилинган.

Энергетика вазирлиги вазиятни ўнглаш, носозликларни бартараф этиш учун барча зарурий чораларни кўраётганини қайд этди. Вазирлик ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш учун қуйидагиларни маслаҳат беради: 
— хонадонларда биттадан ортиқ электрда ишлайдиган иситиш қурилмаларидан фойдаланмаслик;
— корхоналар ва ташкилотлар ходимларини вақтинча онлайн иш режимига ўтказиш;
— ортиқча кўча чироқларини, реклама экранлари ва иллюминациялар, шу жумладан, қурилиши тугалланмаган бинолардаги чироқларни ўчириш;
— энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланаётган истеъмолчиларга чора кўриш лозим.

Энергияни шу тариқа тежаш орқали аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилиши айтилган. Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилганда, 1154, 1104, 105 телефон рақамларига мурожаат қилиш сўралади.

«Мисол учун, ўтказилган ўрганишлар натижасида истеъмолчилар томонидан жорий куз-қиш даврида табиий газдан 334 млрд сўмлик 3 мингта, электр энергиясидан 135 млрд сўмлик 2 минг 300 та ҳолатда ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган», — дейилган мурожаат сўнгида.

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!