Қоронғи режим
Logo
Футбол ўзгаряпти, яхшиланяпти, фақат...

Футбол ўзгаряпти, яхшиланяпти, фақат...

«Сурхон» лигада ўз ўрнини сақлаб қолгани билан клуб мухлисларини табриклаймиз. Жамоа мавсум аввалида эски раҳбариятнинг айрим ғалати ўйинлари сабаб, катта қийинчиликка дуч келди, тузукроқ трансфер ҳам қилолмади. Қолаверса, «Сурхон» Термиз - ўз уйида бирор учрашув ўтказолмади. Мана шундай ҳолатда лигада «жон» сақлаб қолиш - қаҳрамонлик. Шу ўринда айрим фикрларни ҳам айтишимиз керак...

***

- Сурхондарё раҳбарияти биринчи навбатда, вилоятга футбол керак ёки йўқлиги масаласига ойдинлик киритиб олиши лозим. Йил давомида клубни янги ҳомийлар молиялаштиришди. Вилоят ҳокимияти эса ҳеч бўлмаса, 1-1,5 миллиард сўмга стадион прожекторларини тўғрилаб бермади. Янги Шомуродовлар ҳам Сурхондарёнинг ўзидан эмас, бошқа вилоятлардан чиқиб келишса, ажабэмас. Клуб лоақал бугунги ҳомийларга шу мавсум давомида қонуний топширилганида ҳам, ҳозирга қадар қатор ишлар амалга ошиши мумкин эди. Ҳатто шу масалага ҳам эътибор қилинмади. «Сурхон» келажакда ўсиши ва тўғри йўлдан бориши учун клуб лойиҳаси ҳақида жиддий бош қотириш шарт. Футболдан нимадир оладиган ва уни лойқалаштирадиган инсонлар эмас, унга нимадир бера оладиган кишилар жуда муҳим. Мақсадга шундай кишилар билан эришиш режада бўлса, қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади. Барака ниятга қараб берилишини «Бунёдкор» мисолида кўряпмиз. Мисқоллаб йиғилган обрў ботмонлаб кетмаслиги керак. Ишонаманки, 2023 йил Сурхондарё футболи учун уйғониш даври бўлади. Унинг бугунги ҳомийлари биринчи навбатда, клубни расман қабул қилиб олишлари, кейин структура ва академия масаласида аниқ режалар белгилашлари, моддий-техник база бунёд қилишлари, стадионда реконструкция ишларини бошлашлари тўғри бўлади. Мухлислар меҳрини шу орқали қозониш мумкин. Ўрнак олиш учун узоққа бориш шарт эмас - қўшни Қашқадарёда футболнинг яхши лойиҳаси бор. «Сурхон» ҳам яқин йиллар ичида шундай лойиҳага айланади, деб умид билдирамиз.

***

«Насаф» сўнгги икки мавсумдан буён ўз уйидаги охирги учрашувда керакли натижани қўлга киритолмаяпти. Стив Жеррард кўплаб совринлар ютди, Европани ҳам олди-ю, бироқ Англия чемпиони бўлолмади. Унинг 2013|2014 йиллар мавсумидаги сиймоси эсдан чиқмайди. Айнан Жеррарднинг хатоси «Ливерпул»га қимматга тушиб, Мерсисайд клуби чемпионликдан четга чиқиб қолганди. Рўзиқул Бердиевда ҳам ўхшаш вазият. Аммо у кўпроқ Станоевичнинг сиймосини эслаб қолса керак. Агар у пенальтини голга айлантирганида, «Насаф»нинг ҳолати ҳозир бошқача бўлиши мумкин эди.

***

- 2022 йилги мавсумда футбол ҳакамлари айрим футболчи ва мураббийлардан тозароқ бўлди IMHO. Шунинг учун чемпионат бироз қизиди. Агар клублар ҳам ўзларидаги муаммоларни тозалаб олса, чемпионат янада ўсиши мумкин. Эслаб қолинг, шартномаси якунига етаётган ва катта эҳтимол билан келаси мавсумни шу клуб сафида ўтказмайдиган айрим ўйинчилардан-да очофатроқ ва ноинсофроқ кимса йўқ бизнинг футболда. Клублар токи 1 йиллик аҳмоқона шартнома ўрнига ҳақиқий профессионаллар каби ишламас экан, сотқинликка барҳам бериш мушкул. Биз айрим шубҳадаги футболчилар келаси мавсумда қайси клуб сафига бориб қўшилишларини кузатамиз. Бу кўплаб саволларга жавоб бериши мумкин.

***

- «Локомотив» ёшлари U-21 чемпионатида кумуш медалларга эга чиқишди. Афсуски, клуб айрим ноинсофлар касрига қийин даврни бошидан ўтказмоқда.

***

- 2022 йилги футбол мавсуми ҳали узоқ ёдда қолади. Албатта, гуруч курмаксиз бўлмайди ва бу курмаклар жиддий қидирувда. Қолган жабҳаларда яхши мусобақалар ўтказдик, менимча.

***

- Миллий терма жамоа учун танлов имконияти ёмон эмас. Албатта, Сречко Катанец футболчилар ҳолати ва услублари ҳақида яхшироқ билади. Номзодлар ҳақида ҳам шундай. Тахминимча, яна 4 йилдан кейин танлов имконияти бундан ҳам яхшироқ бўлади.

***

- Наманган ФММ U-16 жамоаси бош мураббийи Мамажонов ҳамда Бухоро ФММ U-16 мураббийи Шарипов келишилган ўйинда иштирок этишгани учун 1 йил муддатга футболдан четлаштирилибди. Ўсмирлар футболи шундай булғанаётган бўлса, бу ноинсофлар футболга қайтиб келишмаса ҳам майли. Вилоят жамоасини шарманда қилиш - катта хато. Ватан остонадан бошланади. Ёш футболчи то терма жамоа даражасига етгунига қадар вилоят жамоаси унинг учун бош жамоа ҳисобланади. Ҳар қандай мухлисда фақат ёшлар жазоланишадими, деган ҳақли савол туғилади. ПФЛ айрим катта жамоалар иштирокидаги конкрет ўйинларга нисбатан ўзининг жиддий хавотирини билдирган. ЎФА инспекцияси мазкур ўйинлар масаласида ишлаяпти. Йил аввалида ўйинчиларга Футболчилар уюшмаси томонидан red button карталари тарқатилганини унутмаслик керак. Бирор қинғир ишни кўра-била туриб, бу ҳақда хабар бермаслик футболчини жазодан сақламайди. Келишилган ўйинларни фактлари билан очиқлаш ўта мушкул иш, аммо иложсиз эмас. Ўз вақтида бир қатор ҳакамлар футболдан четлаштирилгани, Турғунбоев, Жалолиддинов каби ишлар очилганини ҳеч ким ёдидан чиқармаслиги шарт. Биз лоқайдлик тарафдори эмасмиз. Бир нарсага аниқ ишонамиз, нормал шахслар ва жамоалар учун репутация, мухлислар меҳри аҳамиятсиз масала эмас ҳамда улар репутацияси яхши бўлмаган қандайдир шубҳали мутахассис, футболчини жалб қилишмайди.

***

- Футбол ўзгаряпти, яхшиланяпти. Тан олишимиз керак, камайиб бораётган бўлса-да, каламушлар ҳали ҳам бор. Ҳаромдан қўрқмаётган бундайларни вақти келиб, халқ факт­лари билан таниб олади, деб умид қиламиз.

Диёр ИМОМХЎЖАЕВ

Теглар

Изоҳ / Жавоб

Архив

Илтимос, санани танланг!

Алоқада бўлинг

Ахборот бюллетени

Янги янгиланишларни олиш учун бизнинг почта рўйхатимизга обуна бўлинг!